4-қисм.
Гр:🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
Осиё йигитга яқинлашганда салом берди шекилли, унинг чеҳраси ёришиб бош ирғади. Йигит Осиёга нималарнидир гапира бошлади. Осиё эса бошини эгганча уни жим тинглар экан, орада бошини силкитиб унинг сўзларига муносабат билдириб турар эди.
Умид ортиқ чидаб тура олмади. У Осиё ва йигитга шаҳд билан яқинлашиб борди.
- Ойим айтганларида ишонмаган эдим,- деди у Осиёга алам билан тикилиб,- "Сиз адашгансиз!" дегандим уларга. Энди билсам...
Умид сўзга лаб жуфтлаётган Осиёга "жим" деган каби қўл силкиди:
-Ҳаммасини кеч бўлмасдан билганим яхши бўлди,- у шундай деб йигитга ўгирилди,- омад, брат! Аммо эҳтиёт бўлинг! Яна бизлар каби куйиб қолманг. Ўйлашимча биздакалар кўп.
Умид қандай келган бўлса шундай тез ортига қайтди. Энди унга ортидан милт-милт йиғлаб қолган Осиёнинг ҳам, бўлиб ўтган воқеага тушуниб тушунмай бўзрайиб қолган йигитнинг ҳам қизиғи қолмаган эди.
Умид машинасини қолдирган жойга бориб тезда ўт олдирди-ю, шитоб билан ҳайдаб кетди. У навбатдаги чорраҳадан ўтгач машинасини йўл четига олиб тўҳтатди. Қўлига телефонини олиб тезда керакли рақамни излаб топди:
-Алло?! Ҳа Шаҳзода? Мен Умидман. Ваалейкум ассалом. Шаҳзода, бир кўришсак дегандим. Вақтингиз қалай? Бўлди, ярим соатда ўша ерда бўламан.
Умид тармоқдан узилиб машинадаги орқа томонни кўрсатиб турадиган ойнага қаради.
У ойнадан ўзига боқиб турган ҳиссиз ва совуқ чеҳрали аксини кўриб юраги янада тош қотди.
🔳 🔳🔳
Биринчи бўлиб Осиё ўзига келди.
У ўзига "Ким бу?" дея савол назари билан тикилган Зиёвуддин исмли йигитга юлқинганча титраб-қақшаб гапира бошлади:
- Сизга неча марта айтдим? Мени тинч қўйинг, йўлимни тўсманг деб! Менинг иҳтиёрим ота-онамнинг қўлида деб бекорга айтмагандим. Илтимос мени тинч қўйинг... Юз
марта келсангиз ҳам оладиган жавобингиз шу!
Осиё Зиёвуддиннинг жавобини эшитмай шарт бурилди-ю, тез-тез юриб кетди. Унинг юраги тўлиб кетганидан нафас ололмай энтикиб борар эди.
Зиёвуддин исмли бу йигит Осиёнинг курсдоши Зилолани тўйида қизга кўзи тушиши билан унга кўнгил қўйган, мана бир неча ойдир-ки совчиларини юбориб мақсадига эриша олмай ҳуноб эди.
"Ҳозирги замон қизлари аммамнинг бузоғи бўлган йигитларни эмас, ҳар қадамидан ўт чақнайдиган оловларни ёқтиришади,-деди ахири тоқати тоқ бўлган опаси Зиёвуддинга,-сен ҳам" Олма пиш, оғзимга туш" деб лаллайиб ўтирмасдан ҳаракатингни қил-да бундоқ. Сенга ўргатвуриб ўзимда қолмади. Қизнинг ўқишига бориб гапга сол, кўнглига йўл топ, ҳа деса ойим билан мени одина чоршанба қизнинг уйига совчиликка югуртиравермасдан" . Зиёвуддин опасининг маслаҳатига амал қилиб Осиёнинг ўқишига иккинчи бор келиши эди. Бироқ шу келишда ҳам айбсиз айбдор бўлиб қовун тушириб ўтирибди. У Осиёни қаттиқ хафа қилиб қўйганини фаҳмлаб ҳафсаласи пир бўлди. Яна шуни фаҳмладики, қизнинг атрофида худди ўзи каби ошиқлари бисъёр экан. Табиатан мўмин-қобил бўлган Зиёвуддин ўзининг бу ҳаракатидан бир иш чиқмаслигини англаб музтар тортганча йўлга тушди.
"Одам деган ҳам шундай бўлар эканми? - Осиё уйига етиб борганда ҳам юраги ўртанишдан тўхтамаганди,- кимдир, нимадир деган бўлса лаққа тушиб ишониб кетаверар экан-да?! Яна кўрганига ишониб дарҳол хулоса ясаб қўя қолавериши тўғрими? " Нима гап?" деб ўзимдан сўрамай-нетмай...
Тўхта-чи? "Ойим айтганларида ишонмаган эдим" дедими? Ойиси нима деган экан? Нима бўлсаям яхши гап айтмагани аниқ. Демак, Умид ака менга берган ваъдасининг устидан чиқиб совчи қўймоқчи бўлган. Ойилари эса орқаворотдан мени суриштириб келган ва...
Кимдир мени ёмонлаб юборгани аниқ. Йўқса Умид ака бугун ўзини бундай тутмаган бўлар эди...
Бироқ менинг нима гуноҳим бор экан? Одамлар мен ҳақимда нималар дейишди экан? Наҳотки шунчалик худодан қўрқмайдиганлар бўлса орамизда?
Осиё хонасига кириб беҳолгина ўрнига чўкди. Унинг юрагига қил сиғмас, айни дамда Умид ўзи учун кўнглининг тўридан жой эгаллаган жуда қадрли инсонга айланиб улгурганини ҳис қилиб турар эди.
"Мени шу топгача таниб улгурмаган, ишонмаган инсон учун мен ҳам қадримни оёқости қилмайман. Вақти келиб оқ-оққа, қора-қорага ажралганда Умид ака ҳам бугунги муомаласидан афсусланади, бироқ у вақтда буларнинг менга фарқи қолмаган бўлади. Ҳа!"
Қизнинг хаёлларидан шу фикрлар ўтди-ю, бироқ уларнинг ҳеч бири соҳибига тасалли бера олмади. Осиё ўзини ёстиққа ташлаб, елкалари силкинганча йиғлаб юборди.
Кейинги кунларда Сурайё опанинг димоғи чоғ. Чоғ бўлмасинми? Ахир барча орзу-истаклари бирма -бир амалга ошиб келмоқда. Бошланишига ўғли ўзини йиғиштириб олди. Анави Осиё деганлари билан муносабатини бутунлай узди. Бу қандай содир бўлгани Сурайё опага қоронғи бўлса-да, аммо ушбу масалада ўзининг сўзлари асосий роль ўйнаганини қалби билан ҳис қилиб турарди.
Умиднинг тез орада бўлажак келин Шаҳзода билан тил топишиб олгани Сурайё опани янаям қувонтирарди. Ёшларнинг тўйлари бўлишига икки хафтача муддат қолганда Лобархон қўнғироқ қилиб "Мол ёяр" маросимига қайси куни борайлик?" дея сўраб Сурайё опанинг дилини янада равшан қилиб юборди.
- Воой ҳеч нарса керакмас,- деди Сурайё опа ичида "жон" деб турсада соҳта мулозамат қилганча,- ўғлим ва Шаҳзода қизим учун барча шарт-шароитларни ўзим муҳайё қилиб бераман. Қизимнинг ўзи уйимизга паспротини олиб ташриф буюрса бўлгани. Қолган нарсалар тахт, ўртоқжон.
- Ундай деманг, менинг ҳам ўзимга яраша орзу-ҳавасим бор. Битта-ю битта қизимни уйини чўғдек ясатиб қўйиб, мазза қилиб ҳовурдан тушсам дейман мен ҳам. Хуллас, бугун руҳсат берсангиз уйингизга бориб келин-куёвга ажратган хоналарни ўлчамини олиб, келаси хафта охирида уйингизни ясатсак, шунга нима дейсиз?
- Қўймадинг, қўймадинг-да, Лобархон. Майли кўнглинг шунга суст кетаётган бўлса, мен нимаям дейман?
Кечга яқин қайин опаси ва унинг чевар пардачи келини билан бўлажак қудасиникига келган Лобархон ёшлар учун ажратилган ҳайҳотдек тўртта бўм-бўш хонани кўриб ичидан қиринди ўтди. "Яхшиям орзу-ҳавасим бор деб сўзимда туриб олганим,- ўйлади у, буларни гапига кирсам тўй куни нақд шарманда-и шармисор бўларканман-да?".
Лобархон хоналарнинг ўлчамини олар экан, Сурайё опа ҳар бир хонага қайси рангли мебел мос тушиши ҳақида берилиб фикр алиша бошлади.
" Одамни бир қўшни бўлиб танийсан, бир қуда бўлиб деганлари рост экан,- энсаси қотганча ўйланди Лобархон,- бойлар ҳам икки хил бўлади-да. Бир тоифаси қўли очиқ, саҳоватли бойлар бўлса, иккинчи тоифаси назари паст, таги кўрмаган бойлар. Дугонамнинг қилиқлари ҳам иккинчи тоифага тортиб кетяпти. Майли, ҳар нима бўлганда ҳам айб ўзимда. Ўзим ҳам бойлигига учиб қизимни шу хонадонга келин бўлишини истагандим. Энди бўлса ҳалитдан бу нағмалар чиқиб келяпти. Начора сарпо-суруқ қилсам ўзимнинг қизим учун қиламан-да. Яхшиям давлатимиз ўзига етарли. Бўлмаса "Бой бойга боқар, сув сойга оқар" қабилидаги ишлар ўртага тушиши аниқ эди..."
Лобархон ичидан зил кетиб бўлажак қудаси билан хайрлашди.
Хафта ўртасида қуда томон мебел ва гиламларни келтиришди. Парда ва бошқа қақур-қуқурлар якшанбада келармиш. Сурайё опа оёқ босганда деярли тўпиғигача ботиб кетаётган момиқ гиламлардан кўнгли тўлди . Гарчи қадоқдаги мебеллардан ҳотиржам бўлса-да, қизиқувчанлиги устун келиб қалин қоғозларни бир четини тирноқлаб очиб улардан ҳам димоғи чоғ бўлди. Шанба куни кечгача мебеллар тахт қилиниб, гиламлар ёзиб қўйилгач, Сурайё опа бўлажак қудаси Лобархонга қўнғироқ қилди. У эртанги "Мол ёяр" га неча киши, қай вақтларга келишларини сўраб билиб олмоқчи эди. Бироқ шу вақтгача бир бор қўнғироқ қилиши билан узоқ куттирмай жавоб қайтарадиган Лобархон бу сафар одатига ҳилоф иш қилди. Сурайё опа аввалига ҳайрон бўлди, кетма-кет тўрт-беш бора қўнғироқ қилганида жавоб бўлмагач кўнглига ҳавотир оралади. Орадан ярим соат ўтиб қўнғироқ қилганида бўлажак қудасининг рақами ўчиқ эканлигини хабарини олган Сурайё опа тезда Умидни йўқлади:
- Умид, буларни жин-пин чалиб кетмаганми, қўнғироғимга жавоб бермаяпти. Шаҳзода билан боғлан-чи, тинчликмикан?
Умид онасининг ёнида бўлажак келинга қўнғироқ қилди, бироқ тармоқдан "Телефон аппарати ўчирилган" деган жавоб келди.
- Антенна йўқ жойдами булар нима бало? - тутақди Сурайё опа,- яна бир марта қўнғироқ қилиб кўргин-чи?
Умид онасининг раъйини қайтармай Шаҳзоданинг рақамига иккинчи қайта қўнғироқ қилди. Бироқ она-бола бу сафар ҳам юқоридаги жавобни олишди.
- Ҳай майли,- ўзини овутгандек қўл силтади Сурайё опа, -бозор-ўчар қилиб чарчашган бўлса, барвақтроқ ухлаб қолишгандир. Сен ҳам бориб дамингни ол.
Сурайё опа ўғлини шундай деб юпатиб жўнатган бўлса-да, ўзининг кўнгли аллақандай нотинч эди. У туни билан тиканзорда юмалаб ётгандек, ҳали у томонига, ҳали бу томонига ағдарилиб тонг оттирди. Эрталаб уйғонганида туни билан калтак еган одамдек беҳол ва ланж кайфиятда эди у.
Сурайё опа оёқларини аранг судраб ювиниш хонасига борди. У ердан ошхонага ўтганда стол устига мук тушиб ўтирган ўғлини кўриб ҳайрон бўлди.
- Ҳа Умид, тинчликми? Бунақа эрта сахарлаб уйғониб оладиган одатинг йўқ эди-ю?
- Ассалому алейкум,- Умид онасига қўлидаги телефонини узатди,- буни кўринг, ойи?
- Нимани кўраман? - жони ховлиқди Сурайё опанинг,- кўзим ҳам кўрса майли экан? Бирор хабар бўлса ўзинг ўқиб бер.
- Ойи, Шаҳзоданинг севган йигити бор экан, ўша билан қочиб кетибди. Кеча ярим тунда менга "Мен ҳаётда бир марта яшайман, шундай экан ўз севганим билан кетдим, сиз ҳам бахтли бўлинг" деб хабар юборибди.
- Нима? - Сурайё опанинг кўз ўнги бирдан қоронғилашди,- шунчалик осон экан-да кетвориш? Биз-чи биз? Қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла- кўй олдида ким деган одам бўл...
Умид онасининг кўзлари олайиб кетаётганини кўрди-ю, бироқ гурсиллаб йиқилишини олдини ола билмади.
🔳 🔳 🔳
Сурайё опани касалхонага ётқизишга мажбур бўлдилар. Унинг қон босими жуда юқорилаб кетган эди. Сурайё опа касалхонадалик вақтида унинг икки опа синглиси Лобархонларникига бориб кўтара савдо қилиб келишди. Улар Лобархонни юмма талаб "Қиз туққунча туз туқсангиз яхши эди, сизларни касофатингизга гулдек опам номусига чидай олмай касалхонага тушиб қолди. Шу вақтгача қилинган ҳаражатига куйиб ўтирмасидан, қизингизга берилган совғаларни чўзиб қўйинг" деб тилло тақинчоқлар-у, уюм-уюм матоларни қайтариб олишган, камига "моральный ущербь" ни қоплаш учун Сурайё опанинг уйига келтирилган гилам ва мебелларни қайтариб бермасликларни баланд овозда эълон қилиб келишган эди.
-Шу ишни бекор қилибсанлар,- деди ҳали тўлиқ ўзига келмаган Сурайё опа, - шундай қилиб энди дугонам билан бутунлай юзкўрмас бўлдимми?
-Вой, вой, вой! - лаби лабига тегмай, бараварига дарҳол эътирозга шошилди опа-сингиллар,- бу нима деганинг? Ундай қизига тарбия беролмаган дугонани ергина ютсин! Бўлди буёғи "немисча расчёт"! Ҳамма ўз йўлига кетади.
-Ундан кейин Умиджон қайсарликка олмасдан уни тезроқ уйлантириб қўйиш керак! Ҳув бирда ўзини" Яхши кўрган қизи бор экан" дегандинг-у, иссиғида шу қизни келин қилиб тушуриб олгин,-деди опаси ҳозиржавоблик билан.
- Энди буни сира иложи йўқ,- бошини ёстиққа беҳол ташлади Сурайё опа,- биринчидан мен у қизнинг обрўсини ўғлимни кўз ўнгида қайтиб ўнгланмайдиган қилиб обдон тупроққа қориштириб ташлагандим. Энди тупурган тупугимни қандай қилиб яна ўз оғзимга оламан? Иккинчидан қиз минг яхши бўлгани билан барибир бизни тенгимиз эмас.
- Опажоним-ей,- деди лаблари бурилиб синглиси Сайёра,- отдан тушсангиз ҳам эгардан тушмас экансизда? Ана кўрдик, битта тенгингизни? Қилган ишини кўринг? Ўшаларни касрига бу ерда ётибсиз-ку, ҳозир?!
- Ҳм, айтма,- синглисини сўзларини қувватлади,- катта опаси Санобар,- менга қара мавқеи ўзингдан пастроқ хонадон билан қуда бўлсанг қайтага зўр иш-ку? Хонзодалардек қайнона бўлиб битта дамингни тафтига ош пиширтириб юрганинг яхшимасми? Бундоқ танангга ўйлаб қара! Бошингда шу Умиджондан бошқа боланг бўлмаса. Демакким келининг ҳам бир дона бўлади. Вақти келиб қариганингда, бошинг ёстиққа текканда истайсанми, истамайсанми кунингга ёлғиз ўша келининг ярайди. Ўша келин камсуқум, ҳокисор бўлгани яхшими ёки анави қочиб кетган ...дака миннатчи, сатанг бўлганими?
Сурайё опа хўрсинди:
- Гапингизда жон бор. Бироқ...
- "Умидга нима дейман?" деб истиҳола қиляпсанми? Нима дердинг?! "Маҳалласидагиларни сўзларига кириб адашибман, ҳали ҳам кечмас, энди шу қизни олиб бериб хатоимни тўғрилайман" дейсан, олам-гулистон. Шундан осон иш борми?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4