2-қисм.
Гр:🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: ШАМСИНУР
-Бугун мандат чиқадиган кун
-Сумбула киргани аниқ.
Бувим бамайлиҳотир таомланиб ўтирардилар.
-Буви менимча йиқилганман.
-Қизим ақллисан, киришингга ишонаман.
Дадам ишонч билан сўзладилар. Нонуштадан сўнг дадам билан олийгоҳ томон йўл олдик. Одам анчагина кўпайиб қолибди.
-Дада ўзиз билиб берақолинг. Мен кирмай.
-Йўқ, қизим ўзинг бориб кўриб келасан.
-Илтимос дада.
Одамлардан қўрқа бошлаяпман. Яна титрашни бошладим.
-Қизим мен борман. Сен ҳеч нарсадан қўрқма.
Бор кучимни жамлаб олийгоҳ томон юрдим. Ич-ичимдан йиқилганимни кўрай деб ният қилиб борардим. Йигит-қизларга туртиниб бир амаллаб мен ҳам ярим соат деганда рўйхатни ёнига етиб келдим. Контрактларни энг пастидан кўра бошладим. Исмим йўқ ҳурсандчилигимни чеки йўқ эди.
-Кирибсизми?
Жуда тор ва калта кийиб олган, юзига бўямаган бўёғи қолмаган қиз менга савол берди.
-Йўқ чиқмади чоғи.
-Бу томонни ҳам кўринг, мен зўрға контрактни сўнггидан топдим. Беш йилдан бери тайёрланаман буджетдан умид қилгандим.
Қиз кўрсатган томондан ўзимни излай бошладим. Шунда ҳам пастдан кўриб чиқа бошладим. Ва... Олтинчи ўринда... Мен ўқишга киргандим. Буджет асосида.
-Бўлиши мумкинмас.
Ҳалиги қиз менга яқинроқ келди.
-Нима гап? Йиқилибсизми?
-Қанийди йиқилганимда... Олтинчи ўринда... Кирибман.
-Исмим Сарвара, табриклайман.
Қиз кулимсираганча қўлимни сиқиб қўйди.
-Раҳмат сизни ҳам табриклайман.
-Раҳмат.
Оғир қадамлар билан дадам турган ерга юра бошладим. Қалбимни ғалати ҳислар қамраб олган, на ҳурсанд бўлишни ва на хафа бўлишни билмасдим.
-Қизим нима бўлди?
-Кирибман дада.
-Табриклайман она қизим.
Дадам пешонамдан ўпиб енгилгина қучиб қўйдилар.
-Билардим, билардим ишончимни оқлашингни. Буни нишонламасак бўлмайди.
Дадам телефонларини олиб Роҳила опага қўнғироқ қилдилар.
-Ойим, дадам, болалар билан тайёр бўлиб туринглар, сизларни шаҳар айлантириб ресторанга олиб кираман. Сумбулани ўқишга кирганини нишонлаймиз.
🌿🌿🌿🌿
Роҳила опани анча ҳаракатлари натижаси ўлароқ мен бироз ўзимни тутиб олгандим. Бугун ўқишни илк куни. Бу кун учун астойдил тайёрланиб малларанг сочларимни тўқ шоколад рангга кўзимни мовийсини эса линза ортига яшириб кўринишимни ўзгартиргандим. Сартарош аёл сочимни бўяётганда ҳайрон қолганди
-Ҳозир ҳамма сочини очартирса сиз тескарисини қилиб тўқ рангга бўяяпсиз.
-Ўзгартиришлар қилиб туриш керак.
Унга жавобим етарли бўлди.
-Жудаям ярашди. Аслидаям чиройли қиз экансиз икки хил ранг соч ҳам сизни ҳуснингизга ҳусн қўшаркан.
Мени бу уринишларим бирорта мени танийдиган одам танимаслиги учун эди. Ўқишга беҳавотир боришни истардим.
-Сумбула қизим, эҳтиёт бўлиб бориб кел.
Бувим билан бобом дуо қилиб қолдилар.
-Вой ана бир ўзим сўппайиб кирмай деб атрофни кузатаётгандим. Жуда омадли қизманда.
Ногоҳ келиб қўлимдан қўлини ўтказиб олган қиз чўчитиб юборди.
-Сииииз?
-Ҳа мен, яхшимисиз? Рости ўзимдан кичикларни сизлаш ноқулай, сизгаям таклифим шу, бирга ўқир эканмиз яхшироқ танишсак дегандим.
Бу мен имтиҳон жавобларини билишга келганимдаги қиз эди. Бугун сал бўлсаям меёрида бўянибди, фақат қип-қизил бўёқ сурилган узун тирноқлари эътиборни тортади. Сарвара оқ кофта ва қора юбкада, икковиям тор танасини яққол билдириб турарди.
-Хўп майли.
Биз биргаликда бинога кира бошладик. Ҳаяжоним жуда кучли эди.
-Қизиқ мени қаердан танидиз?
-Ўша куни салонда менам бор эдим. Тортиниб ўтирганингга индамадим. Рости жуда тортинчоқ экансан.
У мени узун юпкам ва енглик кофтамга қараб қўйди. Бизлар бир гуруҳга тушган эканмиз. Менга Сарварани фикрлаши жудаям ғалати туюларди. У ҳаддан ортиқ эркин бўлиб гуруҳимиздаги йигитлар билан бемалол гаплашиб кетаверарди. Мени тортинчоқ, қўрқоқлигим шу ердаям ўз ишини қилди. Бошқа қизлар билан яқинроқ таниша олмадим. Кунлар шу зайлда ўтарди. Ўқишга дадам олиб келиб,дадам олиб кетардилар. Бир ҳафта шундай ҳол бўлгач, дадам энди ўзим бориб келишим кераклигини айтдилар.
-Кўча тўла такси, автобус манзилни биласан. Қизим энди ўзинг ўрганишинг керак.
На илож бошқа йўлим йўқ.
🌿🌿🌿
-Сарвара нега эрталабдан бери асабийсиз?
-Эеэ қуриб кетсин бари. Анови тўнка билан яна уришиб қолдим.
-Йигитиз биланми?
-Ҳм ўша билан. Ўзича менга хўжайинлик қилгиси келади. Тавбааа ҳеч ақлимга сиғдиролмадим.
-Сизни ёқтиргани учун шундай қилса керакда.
-Асалим сен ҳали ёшсанда, бунақа нарсаларга тушунмайсан. Севса эркин қўйсин. Севги бўйсундириш эмас.
-Рост мен севгини қаердан билардим. Бирор марта севиб кўрмаган бўлсам.
Сарвара кулганча мени қўлтиқлаб олди.
-Юр анави музқаймоқхонага кирамиз, юрагимизни салқинлатайлик.
Мен сўзсиз ягона дугонамга эргашдим.
Сарвара телефонига келган хабарни кўриб юзини бурди.
-Аблах, ҳали зор бўласанмиш? Ўргилдим.
-Бунақада йўқотиб қўйманг.
-Гўрга кетармиди? Тўрт йилдан бери биргамиз, миллион марта аразлашиб ярашганмиз, бу янгиликмас. Ол музқаймоғинг эриб кетяпти.
Мен индамай музқаймоқни татиб кўра бошладим. Биз турган жойга яна икки курсдошим ҳам келиб ўтирди. Сарвара бу йигитлар билан ҳам иноқлашиб улгурганди.
-Бизам шу ерда ўтирсак руҳсат берасизларми?
Мурод таклифларсиз ўтириб олди. Мен стулимни нарироқ сурдим. Аллақачон оёғимда титроқ бошланганди. Сарварага йўқ дегандек им қоқдим. У эса ҳаммаси яхши дегандек кўзини юмиб очди.
-Яшин ўтирсангчи, ходадек тураверасанми?
-Сара шеригингга биз ёқмадик чоғи.
-Ҳа табииий чунки у йигитлар билан ўтиришиб кетадиган қизмас.
Сарварага фарқи йўқ бемалол музқаймоғини еяпти. Мен эса ердан кўзимни оломай ўтирибман.
-Сумбула тортинманг, биз ҳам бегона эмас курсдошларингизмиз, ҳали тўрт йил бирга ўқиймиз. Бегонасираш шартмас.
Жавоб қайтармадим. Учовлон суҳбатга киришиб кетди. Бири мактабдаги севгилисини бугун тўйи эканини айтса, бири янги чиққан телефонни гапирарди. Сарвара икковини ҳам зериктирмасди.
-Сумбула хафа бўлмангу сиздан яхши суҳбатдош чиқмас экан.
-На мунча шу қизга ёпишдинг, ҳали қўшилиб кетади уни ҳижолат қилма.
Сарвара шарт кесиб гапирди. Сўнгра барчамиз аудиторияга йўл олдик. Мени эса ҳаёлимда дахшатли ўйлар ҳукм сурарди. Уйга борсам дадам ҳам мени калтаклайдими?
-Сумбула нимани ўйлаб қолдинг?
-Ҳеч, ўзим.
-Сен ичингдагини кўпам яширолмайсан.
-Балки.
Елка қисиб қўйиб дарс тинглашда давом этдим. Ҳаёлимга келаётган дахшатли ўйларни қувишга ҳаракат қилардим. Олийгоҳда ҳам атрофимда йигитлар пайдо бўла бошлаганди. Мен эса уларни кўрдим дегунча дарров югуриб қочиб қолардим. Бирортасини гапини охиригача эшитмасдим. Ана шу дамларда онам мени ортингдан йигит эргаштириб юрибсан дея калтаклаганлари кўз олдимга келаверарди. Дарс тугаб уйга йўл олдим. Бугун биринчи бора уни кўрдим. Мен ўн саккиз ёшимгача бирор йигитни севиш тугул ўйлаб ҳам кўрмаганман. Мендаги ҳаддан қўрқув бунга йўл бермасди. Автобус кутаётганимда таксидан тушиб олийгоҳ томон қараб келаётган йигитни кўрдим. Аслида кўрдим эмас, қўлимдаги ёзувларим қоқилганимда сочилиб кетди. Йигит эса энгашиб менга теришда ёрдам бера бошлади.
-Олинг.
Кўзим кўзларига тушганида... Гўёки сеҳрланиб қолгандим. Бу бир неча сония давом этди ҳолос. Мен бу асирликдан ўзимга келиб унга рахмат айтдим.
-Рахмат.
-Арзийди.
У кулганча мендан узоқлашди. Негадир кайфиятим кўтарилиб кетди. Уйга ҳам хурсанд ҳолда қайтганимни бувим биринчи илғади.
-Илоҳим юзингга кулгу қайтгани рост бўлсин.
Бувим дуога қўл очди. Уйга берилган топшириқларни бажариб каравотимда ётганча бугунги йигитни ўйлай бошладим. Қандай кийингани эсимда йўқ. Аммо қоп қора қалин қошлари ҳаёлимда мухрланиб қолди. Аслида мен бир йигитни ўйлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрумман. Ёшгина ҳолида эрдан чиққан мендек жувон кимниям қизиқтирарди. Атродимдаги йигитлар ҳам мени ўтмишимни билишса юз ўгириб кетишса керак.
Дадам бир ҳафта қаергадир командировкага кетдилар, мен уйдагилар энди муомаласи ўзгаради деб ўйлагандим. Қаттиқ адашибман. Роҳила опа қандай кўринса ўшандай эди. Мен у кишининг асл инсоний сифатларини қадрлай бошладим, ҳаттоки ўз онамдан кўра бу аёлга мехр қўя бошлагандим.
🌿🌿🌿
-Сумбула сизда гапим бор.
Ортимдан келган овоз сабаб юришдан тўхтадим.
-Тинчликми?
Аслида қўрқаётганимни билдирмасликка ҳаракат қилиб масофа сақлаб турардим. Мурод эса янада яқин келишга уринарди.
-Мана икки ой бўлди бирга ўқиётганимизга. Сизни кузатиб бир қарорга келдим.
Бу вақт мобайнида мен йигитлар билан мулоқотда бироз ўзгаришимга тўғри келди. Аввалгидай қочмасдан имкон борича курсдошларимни саволига жавоб берардим.
-Мурод илтимос чегарадан чиқадиган гап бўлса айтмай қўяқолинг .
-Мен сизни ёқтириб қолдим. Бу гапларни айтмай ичимда сақлаб юролмасдим.
Бутун танам титраб кетди. Илк бор Ғиёс ҳам менга шу гапни айтиб ҳаётимни дўзахга айлантирганди. Менга ҳаво етмаяпти. Бўғзимга нимадир тиқилиб нафас ололмаяпман. Ер билан осмон бир бўлиб чирпирак бўлди. Қолганини элас элас эслайман. У... У пайдо бўлди. Қаердан келди билмайман аммо уни овозини минглаб овозлар орасидан таниб ола биламан.
-Тез ёрдам чақир...
-Ҳамширага чоп...
-Атрофини ўрамаларинг...
-Унга тоза ҳаво керак...
У мени ёнимга эгилиб ўтирганча елпий бошлади, сўнгра юзимга сув пуркади. Шундагина бироз ўзимга келдим.
-Ҳайрият, одамни ўтакасини ёрдингиз.
Ерда ётган эмасманми ноқулайликдан дарров ўрнимдан турдим. Мувозанатни сақлолмай бошим айланди. У эса мени ушлаб қолди. Яқин орадаги ўрдиққа ўтиришимга ёрдам берди. Мурод ҳам қўрқиб кетган, қўлида сув ушлаганча турарди.
-Буни ичиб олинг.
Сувни ичдим, бироз ўзимга келдим.
-Тез ёрдам ҳам шу вақтда имиллайди. Оғайни қайта қўнғироқ қил, чақирувни бекор қилишсин.
-Сумбула яхшимисиз, узр сизга бу оғир ботади деб ўйламагандим. Мени кечиринг.
-Сизда айб йўқ. Лекин бу мавзуга қайтмаймиз деб умид қиламан.
Шу тобда Сарвара ҳам қаёққадир кетиб қолгани ёмон бўлди. Атрофимдагилар бирин кетин тарқалди. Ҳалиги йигитга ҳам қўнғироқ бўлиб у ҳам кетиб қолди. Мурод эса бирор сўз айтишга юраги дов бермай турарди.
-Лекин... Сумбула.
-Етарли.
Мен юра олишимга кўзим етиб ўрнимдан туриб кетдим. Уйга қайтишда дорихонадан оғриқ қолдирувчи дори олиб қайтдим. Бувим ва бобом доимгидек берилиб суҳбат қуриб ўтиришарди.
-Қизим, яхши келдингми?
-Яхши ўтирибсизларми?
-Сенам манови бувангга бирор нима де. Армиядош дўстлари тоққа борайлик дейишса, бу кишим ноз қилиб йўқ деяптилар.
-Нега?
-Қизим бувингсиз ётолмайман. Уни кўзим қиймайди.
-Топиб олган гапи шу. Мана Сумбула билан ухлайвераман. Борсангиз борибсизда.
-Эээ йўқ, бормайман дедимми тамом.
Бобомга баъзида қойил қолардим. Бувимни жуда ардоқлардилар. Уларга ҳавасим келади. Қариганда шундай бир-бирларини ардоқлашга нима етсин. Якшанба куни дадам бувамни қўярда қўймай балиқ овига олиб кетдилар. Роҳила опа болалари билан оналарини йўқлаб келамиз деб кетдилар. Уйда бувим иккаламиз қолдик.
-Буви, бобом роса яхши кўрадиларда сизни, қаранг кетмайман деб қанча қаршилик қилдилар.
-Эээ қизим, бу кунга келишни ўзи бўлмаган. Бувингни юраги аллақачон емирилиб бўлган. Бобонг сабаб қанча зулм кўрганим ўзимга аён.
-Йўғеееэ.
-Ўтир сенга бошидан айтиб бераман.
Бувим узоқ сукутда қолиб кейин бошладилар.
-Мени болалигим оғир ўтган. Ўн ёшимгача яхши яшаганмиз. Онам қаттиқ шамоллагандилар. Ўпкага ўтиб кетган экан, кейин сақлаб қололмадик. Отам ҳам онамдан кейин кўпга бормадилар. Эски уйни бузаман деганларида том устиларига тушиб кетиб қаттиқ жароҳат олиб, вафот этдилар. Энг ёмони кейин бўлди. Бизни на ота тараф, на она тараф асраб олишни исташмасди. Она бувим тоғамга йиғлайвергач ноилож қолган тоғам бизни уйига олиб кетди. Биз у ерда ҳам яхши яшадик деёлмайман.
Бувим шу ерга келганларида кўз ёшларини артдилар.
-Бизга овқат жуда кам беришарди. Эсимда акам доим мени йесин деб ўз овқатини менга илинарди.
-Синглим бу дунёда сендан бошқа яқиним йўқ.
Акобир олдидаги овқатни тўймаган бўлса ҳам мен томон суриб қўйди .
Мен акам тўйди дея овқатга ёпишдим
Мен ҳурсанд бўлиб, овқатни паққос туширардим. Билмасдимки акам мени ўйлаб, касал бўлмасин дея овқатдан воз кечишини.
Биз ана шундай катта бўлдик. Мен нимжон эдим. Тез шамоллаб қолардим. Сенинг тақдиринг менга бегона эмас. Мени ўн беш ёшимда узатишган.
Кўчаларни супуриб, овқат қилиб уйга энди кирмоқчи эдим ҳамки, тоғамни хотини тоғамга айтаётган гапларини эшитдим.
-Буни эрга бермасак, бошимизга ёстиқ қиламизми?
Хотинини чизиғидан чиқолмайдиган Манноп тоғам индаёлмади.
-Ҳали ёш.
-Эеэ аввалгилар ўн бир ёшдаям тегиб кетаверган. Буни қаери ёш. Етилибгина қолган. Яхши жойдан чиқиб турибди. Бермасак аттанг қилиб қоламиз.
-Кимдан чиқяпти?
-Нормат автобусчини ўғлидан. Зўр оила. Бойвачча, жияниз тиллага кўмилиб яшайди.
Кўз ёшларимни яширганча индамай ортимга қайтдим.
-Буви наҳот ўша вақт сизни эрга беришди?
-Ҳа қўлимдан нима келарди. Бир етимча бўлсам. Бечора акам қанча оёқ тиради. Эвазига тоғамни калтаги тагида қолди.
Болалар катта бўлиб борар, шунга яраша юмушлар ҳам кўпайиб борарди. Қайнонам мени бир зумга бўш қўймасди. Озиб кичрайиб кетгандим. Акам эса армияга кетиб шу билан қайтмади. На ўлигини,на тиригини хабари бор. Менинг энг катта армоним акам бўлиб қолди.
Қайнонам менга қўшимча равишда пахта ердан ер олиб берди. Ҳудди сени қайнонанг қилгандек. Эрта саҳар туриб сигир соғиб сутини болаларга , ўзимизга нонушта тайёрлардим. Қайнонам нима қилган биласанми? Мен юмишларни бўлгунимча ҳар кимдан қолган косадаги сутни тагини ҳаммасини бир қилиб бир косача тўлдириб қўярди. Мени эса ўшандан бошқа нонуштам бўлмасди. Ўзига тўқ хонадонда ҳаммаси ўлчовли эди.
Энг алам қиларлиси мен сигир, бузоқларни соғиб овқатини бериб келгунимча бирорта болам тагини булғаса қайнонам кўрпачаларни устма уст ташлаб икки учтасини атайин расвосини чиқариб қўярди. Силлам қуриб тозалаб дорга ташлаб далага чиқардим.
-Менда бола йўқ эди , аммо таниш ҳолат.
-Бу кунлар ҳали ҳолва экан. Бир куни биласанми нима бўлди?
Қайнонам меҳмон келади дея ҳамма ерни чинни чироқдек тозалатди. Меҳмон эса...
Эрим бир раққосани етаклаб келди.
-Бугун бизга никоҳ ўқилади. Шу уйда тўй қилиб Азимага уйланаман.
Қўлимдан супурги тушиб кетди.
-Нима?
-Ўчир овозингни, бор овқат қил. Гўштни аяма, қозон кабобни тобида қилиб пишир.
-Кетади бу...
-Сен ким бўпсанку буйруқ берасан. Ўзинг бир етимча бўлсанг
Эрим юзимга тарсаки тортиб юборди.
-Бор айтганимни қил. Бўлмаса бу уйдан йўқоласан.
Кўзларимдан тинмай ёш оқарди. Ўшанда юрагим парча-парча бўлиб кетди. Илк бора ўлгим келганди. Биргина умидим бобонг эди. Бобонгни деб бу уйда ҳаммасига чидардим. Лекин ундан олган жавобим шу бўлди. Йигирма ёшимда бобонг бошимга иккинчи хотинни етаклаб келганди.
Энди бувимга қўшилиб мен ҳам йиғлай бошладим.
-Наҳотки буви, ахир бобом сизсиз туролмайдиларку?
-Қизим бу кунга осонликча етганим йўқ. Ўша куни раққоса бизни уйда қолди. Қайнонам бир оғиз қаршилик қилмадилар. Мени эзилаётганимдан ҳурсанд эдилар гўё. Болаларимни қучганча йиғлаб тонг орттирганман.
Азима ўзини кўз кўз қилар бобонгни бошини айлантириб олганди. Пули кўп бўлган бобонг босар тусарини билмай қолганди.
Ўн йил умрим турли хил аёллар билан бобонгни бўлишиб ўтди. Кейин парво қилмай қўйдим. Билсам ўзимни ўзим еб юрган эканман. Ундан кўра болаларимга эътибор берай деб ўғлим ва қизимни ўқиши учун бор имкониятимни ишга солдим. Далага чиқмадим. Сигирлар қаровсизликдан бирин кетин ўла бошлагач бобонг ҳаммасини сотиб юборди. Қайнонам вафот этиб оилада мени камситгувчи одам қолмади. Аста секин ҳаёт ўз маромига тушиб олди. Бобонг юрган йўлини тушуниб етдими, ёки бошқа сабабми мени ёнимдан кетолмайдиган бўлиб қолди. Ҳали ҳамон шундай. Ўн беш йилда эса емаган азобим, кўрмаган куним қолмади. Калтаклар ҳақоратлар... Сени ҳам оиланг бузилмаса балки яхшиланар дегандим, лекин отанг бўлмайди деди. Бу ҳам яхшиликкадир.
-Буви бунча сабрни қаердан олгансиз?
-Мени тиргагим бўлмаган. Шукр мана шундай ёруғ кунларга чиқар эканман. Қизим сен ҳам кўп сиқилма бари олдинда
Бувимни айтиб берган аччиқ қисматлари менга оз бўлсада куч бўлди. Мақсади йўқ бир қўрқоқ қиздан, ҳаётда ўз ўрнига эга инсон бўлишга иштиёқ уйғонди.
🌿🌿🌿
-Сумбула, кеча нега ўзингни билмай қолдинг?
-Қайдам, об ҳаво таъсиридан бўлсА кераК.
-Сен мендан нимадирларни яшириб юрасанеэе
-Сара бу гапларни қаердан оласиз?
-Юз кўзингдан.
-Айтганча ярашиб олдизми?
-Аллақачон, бизни аразимиз узоққа бормайди.
-Тўй қачон?
-Бўладида, энди ўқишга кирдимку, ҳали бола боа, қайнона қара, хоҳламайман. Менга шу ҳолатим яхши. Хўжайин йўқ, ўзимга бек ўзимга хон дегандек
-Балки, мен эркинлик нималигини билмайман, сиз айтаётганларингиз ҳудди эртакдек.
-Хахахааа гапниям оласанда. Ундан кўра конспектимни ёзиб берақол, илтимос.
Сарвара менга мўлтирабгина қаради.
-Нега, ўзиздаям вақт кўпку.
-Шер билан тоққа бормоқчимиз.
Уни бемалол айтган гапидан ғалати бўлиб кетдим.
-Ахир бу...
-Сенам муллаликни бошлама фақат. Анави Диля ҳам харом, у , бу бошимни оғритиб ташлади. Биз шунчаки айланишга борамиз. Шер ҳам ҳали ақлини еганича йўқ. Тўйдан кейинги ишлар, тўйдан кейинга қолдирилган.
-Мен аслида бу маънода айтмоқчи эмасдим
-Биламан гўзалим, сенда бошқа савол туғилмасин деб айтиб қўяқолдим.
Сарвара билан биз икки хил дунё эдик, у очиқ, сочиқ кийинадиган замон билан ҳамнафас юрувчи қиз бўлса, мен йигитлардан узоқда юрувчи, кийимлари ҳам сипогина қиз эдим. Кўчада юрганимизда нечтаси Сарага қичима гаплар отиб кетишар, Сара ҳам бунга жавобан куракда турмас сўкишлар билан сийларди.
Ҳаво жуда очиқ, одамни баҳри дилини очади, сочимни бирозгина ёйилган ҳолида жингалак қилдим, кийимларимни бир-бирига мослаб кийиб чиққанман. Қаймоқранг қандайдир менга ўзгача жозиба бағишлайди. Ростини айтсам анави йигитни кўрганимдан бери ўзимга бироз эътибор берадиган бўлибман.
Кўнглим сезганми бугун яна уни кўрдим. Ўзига ярашган кийимда жуда кўркам эди. Менга кўзи тушиб йўлини мен томон бурди.
-Яхшимисиз? Кеча роса ҳаммани қўрқитдингиз. Йигитизниям ўтакаси ёрилди.
-Йигитим?
Унга тушунмай қарадим.
-Ёниздаги йигит.
-У курсдошим.
Негадир бу йигитга йигитим йўқлигини билдирмоқчи бўлдим. Нақадар аҳмоқман.
-Докторга кўриндингизми? Бу ҳолат билан ҳазиллашиб бўлмайди.
-Ҳаммаси жойида, ёшликдаги травмалар баъзан ҳуруж қилиб қолади.
У менга ҳайрат ила қаради.
-Сиздаяааа.
-Ҳа шундай.
-Муҳими яхши экансиз, исмим Шердор.
У менга қўлини узатди. Мен эса бу ҳолатда унга қўлимни узатолмасдим.
-Исмим Сумбула. Ғалати туйилиши мумкин, лекин... Мен йигитлар билан қўл бериб кўришолмайман. Рахмат ёрдамиз учун.
Гапларни автоматдай айтдимда ёнидан тезда узоқлашдим. У мен ҳақимда нима деб ўйласа ўйласин. Бу муносабатни бошланмасидан тугатган афзал.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3