13-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
Кейинги гал кўзини очганида эса қаерда ётганини тушунмади. Атрофга аланглади. Ёнида иккита кароват бўш. Ундан наридагисида эса бир аёл жим ётибди. Шу бир бор қараши ҳам дармонини қуритганини билиб, аёл кўзларини қайта юмди. Қанча вақт ўтди билмайди, таниш овоз эшитилди:
— Шаҳло келинойи, ўзингизга келдингизми? Зўрға рухсат сўраб кирдим.
Шаҳло қўшни қизни таниди. Кўзларини юмуқ ҳолда “ҳа” дегандек бош силкиди.
— Ҳозир сизни палатага кўчиришади.
Шаҳлони яна уйқу элтди. Кўп ухлолмади, араванинг ғилдирагани, уни қаёққадир олиб кетишаётганини элас-элас билди. Бироқ чақалоқ йиғисини эшитгач, бор ҳолсизликни енгиб, ўзини қўлга олишга уринди. Куч тўплаб кўзини очаркан, ёшгина она ва унинг ёнига қўйилган жажжи кароватчадаги чақалоқни кўрди.
— Менинг болам қани? Туғдимми? — деди у хавотир билан.
— Ҳа, қизчали бўлибсиз. Ҳозир олиб келишади чақалоғингизни, — жавоб берди ҳалиги ёш она.
— Нега ёнимда эмас?! — қўрқиб кетди Шаҳло.
— Қўрқманг, болангиз яхши. Ўзингиз энди жонлантириш бўлимидан чиқдингиз.
Бу гап Шаҳлони хотиржам қилмади. Мажоли етмаса-да, бақирди:
— Боламни беринглар!
Шукрки, зум ўтмай унинг ҳам ёнига жажжи каравотча ва пишиллаб ухлаб ётган чақалоқни келтириб қўйишди. Лекин Шаҳло хонадаги бошқа оналар каби ўрнидан туриб, уни қўлига ололмади. Умуман мадорсиз эди. Илк фарзандини кўриш истаги эса ҳамма нарсадан устун келаётганди.
— Боламни олиб беринг, илтимос. Нега бунча жоним йўқ? Чақалоғимни кўргим келяпти...
— Бирпас жим ётинг. Чақалоқ ухлаяпти. Ўзингиз ҳам сал куч тўпланг, — жеркиб берди ҳамшира.
— Ҳамма кўряпти-ку боласини...
— Сиз ҳамма эмас, кўп қон йўқотдингиз! Бир сутка “реанимация”да ётдингиз! Буларга тушунтирмасанг, ўзича ўйлаб кўрмайди, — ҳамшира ўзгага гапираётгандек бидирлай-бидирлай чиқиб кетди.
Ўша куни Шаҳло боласини қўлига ололмади, аммо кўрди. Ҳамширанинг кўмаги билан гўдагига кўкрак ҳам тутди. Сўнг онасининг қистови билан зўрға товуқ шўрванинг сувини, асал чойни ичгач, пича жон киргандек бўлди. Эртасига тонгда эса чақалоқнинг “инга”си уни уйғотди. Хонадаги икки она ҳали уйқуда, ҳамшира ҳам кўринмасди. Фақат унинг жигаргўшаси ҳали яхши эммагани учунми, чинқирмоқда эди. Унинг овози Шаҳлога куч бердими ё кечки овқат ва тиниқиб ухлаш қувват бердими, ишқилиб, минг азобда чўзилиб, боласини олдига олди.
— Қизим, — деди у ҳам уялиш, ҳам ҳаяжон билан. Сўнг унинг қорнини тўқлашга киришди.
Бир соат ўтар-ўтмас эшикдан онаси кўринди. Унга нонушта келтирган экан. Тушликни эса синглиси олиб келди. Кечки пайт яна онаси пайдо бўлди.
— Ойи, қайнонам ҳам, куёвингиз ҳам кўринмайди, — икки кундан буён ўзини ажаблантираётган саволни берди у.
— Иши кўпдир-да! — кўзларини олиб қочди она. — Иккаласи ҳам ишли одам. Мен “Ўзим қараб тураман”, дегандим.
Шаҳло бу сўзларга ишонгандек эди. Аммо эртасига ҳам на қайнонаси, на эридан дарак бўлди. Туғруқхонадан чиқиш вақти келганида ҳам улар қорасини кўрсатмади. Бу муносабат ва мавҳумликдан Шаҳло ўзини йўқотиб қўяр даражага келди.
— Улар соғ-омонми, ойи? Бирор нима бўлдими ё? Ҳалокат-палокатга учрашмаганми? — чидолмади охири.
— Уйга борайлик, — деди ғамгин кўзларини тикиб онаси.
— Уйга борсак, ўзим ҳам билиб оламан, телефон қилиб. Аммо уйга боргунча сабрим чидамайди, ойи. Хавотирдан ўлай деяпман. Наҳот эрим боласини бир бор кўргани келмаса? Олиб кетмаса ҳам... Аниқ, уларга нимадир бўлган!
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ! Ўша совуқ эрингга сен ҳам, қизинг ҳам керак эмас экан! — она жаҳл устида тилидан учган сўзларни ўзи ҳам англамай қолди.
— Нима? — қулоқларига ишонмади Шаҳло. — Нега?
Она бошқа жавоб бермади. Шаҳлонинг кўз олдига негадир эрни илк учратган, ҳали талаба бўлмаган ўша кун келди. Дилшод исмига номувофиқ тарзда ўта бепарво ва қўпол эди шу куни ҳам. Сўнг бирга ўқишди. Шаҳло йигитнинг қўрс ва худбинлигини билди. Аммо келишган жуссаси, кўркам қиёфаси уни ром этиб қўйганди. Феъли ёз тунидаги ойдек равшан кўриниб турса-да, унинг кўнглига йўл топишга уринди. Чуқур ўйлаб кўрмай, турмуш қурди...
— Бошидаёқ ёқмаган ўша “терминатор” эринг, — минғирлади онаси унинг уйга толиб қолганини кўриб. — Қайнонангга-ку фақат обрўси, пули керак. Куйинма! Жонинг омон қолди-ку, шунисига беадад шукр!
Онасининг сўнгги гапи Шаҳлога нималарнидир ойдинлаштиргандек бўлди.
20
2005 йил, июн. Ғаллаорол
— Мен келдим! Менинг жиблажибоним қани-и-и? — Мадинанинг шўх овозини эшитиб, ҳовли этагидаги тут дарахтидан ерга тўкилган меваларни тераётган она-бола бирдан ўгирилди.
— Мана, мана! — ўрнидан туриб чопқиллади Диёра холаси томон. У эндигина тўртга қадам қўйган, қишлоққа, холасию тоғаларига жуда ўрганганди.
Мадина елкасига осилган сумкасини тандирхона устунига қоқилган катта михга осди-ю, ўтириб жиянчасига қучоқ очди.
— Лолам, келди лолам! — кела солиб ўзини отди Диёра ҳам.
Мадина унинг лўппи, оппоқ юзларидан чўлпиллатиб ўпаркан сўради:
— Мени соғиндингми?
Қизалоқ бош ирғади.
— Мени хола демайсанми энди, эсинг кирди-ку!
— Йўқ, каттаонам “Холанг — тоғдаги лоланг” дейди-ку! — бижирлади Диёра.
Мадина қиқирлаб куларкан, яна қизалоқнинг юзидан ўпди:
— Майли, лоланг бўла қолай...
Чинни косага балхи тутнинг оппоқ, қанддек меваларини тўлдириб терган Малак авайлаб кўтарганча етиб келди. Синглисини бағрига босиб, юзидан ўпаркан, сўради:
— Яхшимисан? Тугадими ўқишинг?
— Озгина қолди опам! Яна икки ҳафтача қатнасам, кейин сиз ва қизингизни безор қиламан.
Малак устундан синглисининг сумкасини олиб, елкасига осди. Энди уй томон одимлашган ҳам эдики, ҳамон Мадинанинг бўйнидан қучиб, орқага қараб келаётган Диёра қичқира бошлади:
— Бузоқча, бузоқча... Чопиб кетяпти-и...
— Вой, бузоқ арқонини узибди, шекилли. Сакрашини қара. Ма, тутни катта онамга олиб кир. Мен ушлаб келиб боғлай, — деди Малак шошиб.
Сўнг қўлидагиларини Мадинага тутқазди-ю, бузоқнинг ортидан югурди. Янги туғилган бузоқча ирғишлаб тутқич бермасди. Бир сакраб ҳовли этагидаги шох-шаббадан қилинган тўсиқ оралиғидаги очиқ жойдан ўтди-ю, кенг адир этагидаги ариқ бўйлаб югура кетди. Малак унинг ортидан чопгани билан етолмаслигига кўзи етди. Яхшиси, уни чўчитмай, бирор жойда тўхташини кутган маъқул.
Бузоқча ариқнинг адир этаги билан туташиб, баланд тераклар орасига кириб кетган жойига бориб тўхтади. У ер салқин ва бошқа жойга нисбатан кўкаламзор эди. Адирларда эса аллақачон ўтлар сарғая бошлаган. Бузоқчадан сал нарида эса Аниснинг укаси қўлида чўп ўйнатганча, хуштак чалиб келяпти.
— Бузоқчани ушла! — бақирди Малак.
Йигит аввалига аланглади, кейин бузоқчага қарагач, чаққонлик билан жониворнинг узилиб, калта бўлиб қолган ипидан тутди. Аммо етакламади:
— Секин келаверинг, сув ичяпти.
Малак борганида бузоқ тумшуғини гоҳ сувга тиқиб, гоҳ чиқариб сакрамоққа шайдек турарди.
— Келмасангиз ҳам бўларкан, ўзим олиб бориб, боғлаб бераман, — дея Аниснинг укаси бузоқчани ипидан тортқилади.
Малак эса беихтиёр атрофга кўз югуртирди. Бу ерларга яқин орада сира келмаган, кўрмаган эди. Гўзал манзара, салқин ҳаво баҳри дилини очгандек бўлди. Ногоҳ кўзлари теракнинг оппоқ танасидан кулранг тусда бўртиб чиқиб, яққол кўриниб турган “АНИС” ва “МАЛАК” ёзувларига тушди. Ҳайрат ва ҳаяжондан юраги қинидан чиққудек ура бошлади. Фақат “АНИС” ёзуви устида яна аллақандай рақамлар пайдо бўлганди...
Бирдан унинг юзидаги таажжуб аломати жиддийлик билан алмашинди. Узун, қора қошлари чимирилди. Катта, чарос кўзлари қисилиб, рақамларни ўқишга киришди. Табиийки, дарахт пича узоқдалиги, ёзувлар эса майда ва баланддалиги боис рақамлар тепасидаги “қўшимча”ларни илғай олмади. Рақамлиги аниқ. Нималар ёзилган экан? Анис ёзгани кундек равшан. Бу рақамли “сир”ни очишини, ўқий олишини ўйлаб, Малакнинг қизил дудоқлари табассумдан икки ёнга ёйилди. Кўзлари ихтиёрсиз ерга уялиш билан боқди. Сўнг бир-икки қадам юриб, дарахтларга яқинлашган бўлди. Бироқ Аниснинг укаси ёдига тушиб, бирдан ортга тисарилиб, у томонга қаради. Малик бепарво бузоқчани судраб борарди.
— Уйга боғлаб ўтарсан! — бақирди Малак.
Йигит эса ортига бурилиб ҳам ўтирмай, бош ирғади. Хотиржам тортган Малак дарахтга янада яқин келди:
“Вой-ву, бунча кўп бу рақамлар? Уларни эслаб қола олмайман. Нима ёзилган экан-а? Қоғоз, қалам билан келиб, ёзиб кетишим керак экан. Балки шарт эмасдир? Аммо Анис ака “Бу ёзувни фақат иккимиз тушунамиз”, деганди-ку! Менга ёзгандир? Жинниман, менга нимани ҳам ёзарди? Балки яна бошқа бировга ҳам ўргатгандир? Эҳтимол бу ёзувни Анис ака эмас, умуман бошқа одам ёзгандир?”
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5