3-қисм.
Гр:🌹Ҳикоя ва қиссалар🌹
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
- Осиё , Осиё ?!
Осиёнинг ранги оппоқ оқариб кетган , кўз қорачиқлари кенгайиб , мувозанатини сақлай олмай отдан сирғалиб туша бошлаган эди.
Жавлон ўзини йўқотиб қўйди , агар қиз отдан йиқилса борми , бирор фалокат содир бўлиши тайин. Жуда бўлмаганда жароҳат олади. Помир минг юввош от бўлгани билан , у ҳам ўз номи билан ҳайвон. Бунақа вазиятда ўзини қандай тутишини билиб бўлмайди .
Жавлон Осиёга янада яқин келди-ю , қизни йиқилишдан сақлаш учун елкасидан қучмоқчи бўлди. Бироқ Помир йигитнинг бу қилиғидан янада ҳуркиб кетди. Унинг жилови Жавлоннинг қўлидан чиқиб кетган , Осиё эса икки қўли икки томонга осилганча отнинг бўйникига осилиб қолган ва қизни олиб қоча бошлаган эди. Фалокат содир бўлишига бир баҳя қолган эди.
Шу вақт улар томонга ўқдек учиб келган Умид чапдастлик билан Помирнинг йўлини тўсди ва унинг жиловини қўлга олди-ю , ўзи ерни зарб билан бир тепинди-ю отга сакраб минди . Умид ҳушдан кетган Осиёни маҳкам қучганча отни йўрттира кетди. Унинг ҳаракатларини кўрган Жавлон эсанкираб қолган эди.
Умид Помирни йўл четидаги арчазор тагига олиб бориб жиловидан қаттиқ тортиб тўхтатди-ю, ўзи қизни бир қўли билан ушлаганча ерга сакради , сўнгра Осиёни аста эгардан суғуриб кўтариб олди.
Бу вақтда улар билан изма- из етиб келган Жавлон ҳар иккала отни жиловидан тутиб нарироқдаги ёнғоқ дарахтига боғлай бошлади.
- Осиё... - шивирлади Умид курткасини қорга тўшаб қизни унинг устига ётқизганча , - кўзингни оч, Осиё ...
Йигит Осиёнинг юзларига муздек қордан ишқалади. Осиё ожизгина ингради ва кўп ўтмай тепасида ўзига тикилиб турган Умидни кўриб ҳайрон бўлди :
- Сиз ... Мен ... Мен бу ерда нима қиляпман ?
- Сенми , - деди Умид унга меҳр билан тикилиб ,- сен бу ерда ҳаммамизни қўрқитаяпсан . Тушунмадим , бир яхши келаётган эдинглар , бирдан тобинг қочди шекилли.
Осиё қаддини кўтариб ўтирар экан , Умидга ийманганча изоҳ берган бўлди:
- Билмадим , отга миндим деб ортиқча ҳурсанд бўлиб кетдим шекилли. Аввалига бир яхши кетаётгандим. Ҳаво мусаффо , ўпкаларингни тўлдириб- тўлдириб нафас олгулик... Шундай қилдим ҳам. Кейин эса бирдан кўз ўнгим қоронғулаша бошлади. Ҳозиргина тўйиб нафас олаётган ҳавойим бирдан камайиб қолгандек бўлди. Алал- оқибат нафас етмай қолди ҳам...
Осиё шундай деди-ю , давомига қанақа баҳона тўқишни билмай жим қолди. Ахир қаршисидаги инсонга "Бир неча йиллардан буён тушларимда ҳамроҳ бўлган инсонни учратдим . Бу - сиз!" дея қандай айта олсин. Ундан бу сўзларни эшитган инсон қизни девона деб ўйламайдими ? "Бу қиз ақлдан озган шекилли , шу сабаб сўзлари алмойи -алжойи" деса-чи ? Демаган , уни тўғри тушунган тақдирдаям бу сўзларни айтиш учун барибир қизлик ҳаёси йўл бермайди.
- Тоғда бундай ҳодисалар бўлиб туради ,- деди Умид қизни ноқулай вазиятдан қутқарганча , - бунга тоғдаги босим сабаб. Кейин кислород баланси ҳам ўйнаб туради.
Унинг устига отда илк бор сайр қилган бўлсангиз ҳаяжон ҳам қўшилган.
- Ҳаа илк бор отга сайр қилишим эди,- деди Осиё ва ўрнидан туриб Умидни курткасини қоқиб қўлига тутди,- қаранг бизникилар ҳавотир олиб югуриб келишяпти.
- Ҳаа , қаттиқ қўрқишган шекилли чанада келишса йўллари тезроқ унишини ҳам ҳисобга олишмабди.
- Айтганча , сиз қандай бу ерда пайдо бўлиб қолдингиз ? - ҳайрон бўлиб сўради Осиё , -ахир сиз ҳам тепалик бошида эмасмидингиз ?
Умид жилмайди :
-Анави арчалар орти ҳам роса зўр қиялик экан. Хуллас у ерда битта балон топдим- у , ўшанда машқ қилиб чууув этиб бу ерга етиб келгандим...
Шу пайт уларнинг ёнига биринчи бўлиб Асилбек , унинг ортидан қизлар етиб келишди .
- Ака , - деди Ҳанифа сал нарида тўмсайиб турган Жавлонга қараб , - худо бир асради-я ? Осиё опамга бир нарса бўлса , Икром поччамга нима деб жавоб берардик ? Нима бўлди ўзи ?
- Билмадим ,- қовоғи тушганча пўнғиллади Жавлон ,- бир яхши кетаётгандик. Бундоқ қарасам Осиёнинг ранги бирдан оппоқ бўлиб кетди-ю ... У ёғини ўзим ҳам тушунмадим .
- Яхшики бахтингизга Умид шу атрофда экан ,- деди Асилбек мақтанганнамо ,- бизни дўстнинг бир неча йиллар давомида от спорти билан шуғуллангани ростманасига жонингизга оро киргани аниқ.
- Ия ҳали шунақа ҳунарингиз ҳам бормиди, Умид ака ?! - деди Элнора , - бир оғиз айтмайсизам ?
- Ўзимдан ўзим шунақа ҳунарим ҳам бор деб айтавермайман-ку ,
- кулимсиради Умид ,- умуман олганда ҳавотир олманг, Осиё бироз ҳаяжонланди шекилли. Ҳозир эса барчаси ўз ўрнига тушди, дугонангиз соғ ва саломат , - у шундай деб оромгоҳ томонга ишора қилди ,- сизларни билмадим- у, менинг қорним очди. Осиё пиширган ширинликдан татишни айни вақти келдими дейман. Ҳали кабобпазлик қилиб тутун ҳидига иштаҳам бўғилган эди. Қани кетдикми? Иссиққина сутли қаҳвага тобингиз қалай ?
- Балиқ овловчиларимиздан ҳам хабар олайлик-чи ? Улардан ҳам совуқ ўтгандир ,- деди Марғуба Умидни сўзларини қўллаб - қувватлаган каби ,- Анвар ака ҳам балиқ овига қизиқишлари кўзларига кўринмасдан , менга "Эрингиз борлиги ёдингизда борми , хоним ?" дея гина қилишга ўтиб қолмасларидан у кишидан хабар олай.
Ёшларнинг бари йўлга тушгач , Жавлон Осиёга яқинлашди:
- Осиё , мени кечир. Бундай бўлишини билмагандим.
- Ҳеч қиси йўқ , Жавлон. Бу воқеада ҳеч кимнинг айби йўқ, - Осиё шундай деб ёнидагиларга баланд овозда мурожаат қилди ,- илтимос , бўлган ҳозир бўлиб ўтган воқеалар ҳақида дадамлар ва аямлар билишмасин. Уларни ортиқча ҳавотирга қўйишни истамайман .
- Умид ака !?- деди Жавлон бир четда жим кетаётган Умидга қараб,- сизга алоҳида раҳмат. Одамни қарздор қилиб қўйдингиз.
Умид Жавлонга "Э қўйсанг-чи " деган каби қўл силтади.
Қизлар токли чойгумга қўйган чой энди қайнаган ҳам эди-ки, Бердиёр ака Салима келинойи билан , Икромжон Латофат билан бошлашиб келиб қолишди. Барчалари бир дастурхон атрофида чойлашиб олишгач , Бердиёр ака жияни Латофатга ўзи барпо қилган кўлни кўрсатиш учун қўзғалди.
Шу куни асрдан сўнг мезбонлар билан қуюқ хайрлашган меҳмонлар уларни Тошкентда кутишларини тайинлаб йўлга тушдилар.
- Салиии ...- деди Бердиёр ака уларнинг ортидан тикилиб қолган аёлига қараб ,- тўғрисини айт , сен ҳам мен ўйлаган нарсани ўйладинг- а ? Латофни қизи Жавлонингга бирам муносиб экан-ми ?
- Ҳаа дадаси ,- хўрсинди Салима келинойи ,- айтманг. Бироқ...
Нима бироқ ? - қошларига тугун тушди Бердиёр аканинг
- Улар қаерда- ю , биз қайда ? Жиянгиз Латофатхон-ку майли ,тўғри тушунадилар, бироқ куёвингиз шундоқ ўқимишли қизини Тошкетдек жойдан бизни қишлоққа беришга рози бўлармиди ? Яна ёлғиз қиз бўлса.
- Бизга нима бўлибди ? Берса шундоқ ўғлимизга беради-да қизини. Ўғлингни битта айби ўқимаганими ? Ҳадемай ўқишга ҳам кирар. Ана унда нима баҳона қолади ? Йўлнинг узоқлигими ? Истасам бир хафтада Тошкентнинг қоқ киндигидан ҳовлими , квартирами ола оламан.
- Майли , дадаси . Ҳозирдан ҳовлиқмайлик. Барчасини вақтнинг ҳукмига қўя турамиз. Юрақолинг уйга , совуқ ҳам тушиб қолди.
▪️▪️▪️
Осиё эртанги бўладиган дарсларни бир сидра назаридан ўтказгач , қўлига севимли китобини олди. У мисралар узра кўз югуртирар экан , қаттиқ толиққанини ҳис қилиб китобни ёпди. Ўрнидан туриб хона чироғини ўчиргач, ётоғига чўзилди ва кўп ўтмай ухлаб қолди.
Эрталаб уйқудан тиниқиб уйғонган Осиё чиройли қилиб нонушта тайёрлади. Оила аъзолари билан бирга нонушта қилиб ўқишга отланди. Кўчага чиқиб бекат томонга кетар экан "Осиё " деб исмини айтиб чақирилганига ҳайрон бўлиб ортига ўгирилди:
- Умид ака ?! Бу ерда нима қилаяпсиз ? Яна шу маҳалда ?
Умид унга томон қадам босар экан борган сари юзи ёришар эди:
- Ҳайрият-ей?! Соғ - омон экансиз . Мен бўлсам туни билан ҳавотир олиб мижжа қоққаним йўқ.
- Нега ҳавотир оласиз ? - кўзлари жовдиради Осиёнинг,- ахир...
- Ҳавотир оламан- да ?! Туни билан бир неча бор смс ёздим. Сиз бўлсангиз , телефонингиз онлайн режимда турса ҳам жавоб қайтарганингиз йўқ... Шунга ...
- Вой узр ,- оппоқ юзлари лоларанг бўлиб қизарди қизнинг,- менинг телефон билан кўпам ўзи ҳушим йўқ. Очиғи беэътиборлигимдан кўпинча ана шундай онлайн режимда қолиб ҳам кетади .
- Ундай бўлса майлику-я, мен бўлсам кеча отдан йиқилганингизда қаттиқ жароҳат олганмикансиз , тобингиз бўлмай қолдими деб ич- этимни едим. Худога шукр , соғ - омон экансиз.
- Сизни ҳавотирга қўйганимдан ҳижолатман. Бироқ кўриб турганингиздек мана қаршингизда саломат турибман.
- Юринг , сизни университетингизга ташлаб қўяман...
Шу кундан эътиборан Осиё телефонига келадиган хабарларни беэътибор қолдирмайдиган бўлди . Хабарларнинг асосий қисми бир инсондан келарди.
Умиддан...
▪️▪️▪️
- Ҳа , ҳа! Бўлди , тушундим,- деди Лобар дугонасининг кўнглини тинчлантириш учун ҳаракат қилиб ,- сен нима десанг шу-да , ўртожон. Менинг қизим чизган чизиғимдан, кўрсатган йўриғимдан чиқмайди . Барча гап Умиджонда қолган . Умиджон кўнсалар бўлди. Бу ёғи вадаванг тўй-да.
Лобар Сурайёга яна талай умидбахш гапларни гапириб тармоқдан узилганда кўзи ўзига ҳурпайиб тикилиб турган Шаҳзодага тушди
- Ҳаа , гап пойлаб турганмидинг?
- Ойи , бу нима қилганингиз ? Қизим чизган чизиғимдан чиқмайди деб сал оширвормадингизми ? Бир оғиз сўзингиз билан мени дугонангизни ўғлига тегиб кетади деб ким айтди сизга ?
- Эҳ ,аҳмоқ қиз!? - танглайини тақиллатди Лобар ,- шу йигит сенга уйланса жон дегин. Ҳали Умид сени олди-ю, сен ноз қилдинг !? Умидга турмушга чиқсанг ўзингни нималар кутаётганини билмайсанда , сен аҳмоқ қиз !
Шаҳзода лабларини истеҳзоли қийшайтирди:
- Подумаешь ?! Ҳмм...Билмас эмишман?! Аслини олганда бунинг менга қизиғи ҳам йўқ. Очиғини айтсам менинг ҳали бери эрга тегиш ниятим йўқ. Ёшликнинг гаштини ёшликда суриб қолиш керак. Шу ёшдан қайнонанинг қош-қовоғига қараб зарил келибдими менга ?
- Мен нима деяпман сенга ? Кўзласам сенинг фойдангни кўзлаяпман-ку ? Яна шунақа жойдан харидор чиқадими йўқми сенга ? Еганинг олдингда , емаганинг ортингда. Танлаб еб , танлаб ичиб , танлаб киясан мен сенга айтсам.
Қайнонанинг қош қовоғига қарашга келсак , бундан хотиринг жам бўлсин. Сурайё уйда ўтирадиган аёл эмас. У юртма-юрт юришга ўрганиб қолган. Ҳали ёш. Келин олдим , битта сен учун қайноналик қиламан деб уйда ўтириб олмайди. Қайтанга бундан ҳам юримсак бўлмаса бўлди ҳали. Энди ўғлига келсак , келишган , ўқимишли , муомалали , тарбияли, бировга эрим деб кўрсатсанг арзигулик хушсурат йигит .
Бўлажак қайнота демагани бўлса оғир-босиқ , мулойим, ўқимишли киши. Бировга озори етадиган одам эмас профессор Адҳам Ибрагимов.
Камига оилада битта ўғил бўлгани учун ортиқча шовқин - сурон бўлмаса. Хуллас , юқорида айтганимдек Умид сени ёқтирса жон де.
Сурайё "Баҳорга чиқиб тўй қиламиз" деяпти. Агар ,- таъкидлади Лобар ,- агар ана шу номзоддан зўрини кўрсатсанг, ўз ҳолингга қўйишим мумкин. Йўқса яхшилаб ўйлаб кўр-да , йигитга ёқиш тадоригини кўр. Тушундингми ?-Лобар шундай деб Шаҳзоданинг ёнига келиб сочларини силади ,-қизим. Она бўлиб туриб сенга ёмон бўлсин дейманми ? Хонларнинг саройидек икки қават, ўн хонали уй , ҳовлисида бассейн , ҳар бир оила аъзосида сўнгги русумдаги автомашина ... Айтчи , сенга яна нима керак? Агар билсанг , ёшлик гаштини ана шу уйда суриш неча ўнлаб , балки юзлаб қизларнинг орзуси бўлса керак.
Лобар сўзларини якунлаб ташқарига йўл олганда Шаҳзода хонада алланималарни режасини тузганча ўйланиб қолганди. Афтидан у онасининг ҳозиргина айтган сўзларини ўзининг ақл торозисига солиб манфаатлилик салмоғини ўлчаб кўра бошлаган эди.
Айни дамда Сурайё опанинг Умид билан бошланган суҳбати яхшигина дилхиралик билан якунланди.
- Ҳали уйланмоқчи эмасман ,- деди Умид Сурайё опанинг гапининг даромадидан ,- илтимос , ҳозирча ўз ҳолимга қўйинг . Ҳали ёшман .
- Ҳали ёшман !? - энсаси қотиб истеҳзоли кулимсиради Сурайё опа ,- нима сен қиз боламидинг-ки "Эрга тег !" деса "Ҳали ёшман" дея ер чизадиган ? Ҳадемай йигирма учга кирасан ? Сен тенгиларнинг олди икки , уч болали бўлди. Сени бўлса шу вақтгача ўз ҳолингга қўйиб қўйганимиз етар. Биз ҳам даданг билан келин тушириб , унинг қўлидан чой ичиб , дам олиб ўтирадиган вақтимиз келди. Бўлди , гап тамом- вассалом. Уйланасан дедимми уйланасан.
- Ойилама менга . Мен эртага дугонам Лобархоннинг уйига совчиликка бораман. Шу боришда якшанба кунига учрашув белгилаб қайтаман. Шундай қилиб якшанбага ҳар хил ишларингни режа қилиб ўтирма. Учрашувга борасан. Насиб қилса баҳорга тўй.
- Ойиии. Баҳорга тўй дейсизми ? Зўр,- Умиднинг кайфияти тушгани юз ифодасидан сезилди,- хўп, у қиз билан учрашдим ҳам дейлик . Ҳали бир- биримизга ёқамизми йўқми ? Тақдирим шу қиз эканлигини қаердан биламан? Одамни бунчалик шошилтирманг- да. Баҳорга ҳам бир ой вақт қолгани йўқ-ку ?
- У қизни қандайлигини мендан сўра ? Бўй- басти келишган , оппоқ юзли , нозаниндек қиз . Дугонам Лобархоннинг қизи . Исми ҳам чиройига мос- Шаҳзода. Ахборот технологиялар олийгоҳида ўқийди,- Сурайё шундай деди-ю , дугонаси фалон пулга суперконтрактга киритган қизи бир йил ўтмай "Ўқимайман" деб ўқишни йиғиштириб қўйганини яширди.
- Ойии. Бу умр савдо бўлса . Бувим шундай дер эдилар- а ? Бир умр яшайдиган инсонни мана шундай битта учрашувда танлаш тўғри иш эмас менимча. Ўзимга қолса ... Мен ҳам бирорта қизни яхшилаб таниб , ёқтириб , кўнгли кўнглимга муносиблигига амин бўлиб турмуш қурсам дегандим,- Умид шундай дер экан , кўз ўнгидан лип этиб Осиёнинг гўзал чеҳраси ўтди.
У онасига дабдурустдан Осиё ҳақида гапира олмасди. Онасининг феъли ўзига яхши маълум . Тутган ерини кесадиган бир сўзли аёл Сурайё опа. Бирор гапни ўзига маъқул деб топдими , тамом. Қани фикридан қайтариб кўринг-чи ? Умиднинг онасига Осиё ҳақида айта олмаслигига яна бир сабаб у ҳали қизнинг кўнглини билмасди. Шу вақтгача суҳбатлари одоб доирасидан чиқмаган эди уларнинг. Ўрталарида севги- муҳаббат ҳақида сўз бўлмаган , турмуш қуриш ҳақида-ку умуман суҳбат кечмаган эди.
Умид кўнгли ғаш бўлса-да , Онасининг раъйини қайтармасликка қарор қилди. У якшанба куни Шаҳзода билан учрашувга чиқишга кўнган бўлди . Бирор шу билан бирга Осиё билан юзма- юз учрашишга, қизнинг кўнглидаги гапларни билишга астойдил бел боғлаганди.
Шу ниятда эртаси куни туш вақтида Умид Осиёларнинг университети ёнига бориб , қизга қўнғироқ қилди :
- Осиё ?! Яхшимисиз ? - негадир томоғига бир нарса тиқилгандек овози бўғилди Умиднинг ,- безовта қилмадим-ми ?
- Ассалому алайкум. Йўқ безовта қилмадингиз . Дарсларимиз ҳозиргина тугади. Тинчликми , менда бирор юмушингиз бормиди ?
- Ваалейкум ассалом. Вақтингиз бўлса сиз билан кўришсам бўладими ? Ўқишингиз ёнида турган эдим.
Умиднинг назарида Осиё унинг таклифини эшитиб ўйланиб қолгандек бўлди .
- Агар кўришгингиз келмаса унда майли ...- деди Умид овозидаги озорланишни яширишга ҳаракат қилиб .
- Ҳозир чиқаяпман...
Осиё сўзини калта қилди .
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3