6-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
Зумрад нафасини ичига тортди. Алам билан шивирлади:
— Ҳали ўша болали аёлни неварангизга тенг биляпсизми?
— “Тенг тенги билан, тезак қопи билан!” Мен қўшиб қўйганим йўқ уларни. Ўғлинг ўзини ўшанга лойиқ билди.
— Бўпти, ойи, гапирмадим! Битта-ю битта неварангизга катта тўй қиламиз-у, ўша болали хотинни олиб берамиз! Эртагаёқ совчиликка бораман. Қишлоғингизни ҳам айтинг тўйга! Усмон бобонинг синглиси ёлғизгина қизининг биттагина зурриётига болали аёл олиб берганини кўриб қўйсин! — Зумрад шаҳд билан ўрнидан турди-ю, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.
Бувсара кампир икки ўт орасида қолди. Зумрадга гапни “узиб” бергани билан ичи эзилмоқда эди. Малакни келин қилиш ўзининг ҳам орзуси. Аммо айни дамда Шариф унга муносиб иш қилмаяпти. Бунда ўзининг ҳам айби бор. Ахир ўзи ҳам неварасининг тарбиясига бефарқ бўлмадими? Зумраддан кўра у Шарифга яқинроқ эди-ку! Эркаланиб унинг ёнида кўп вақтини ўтказмасмиди? Зумрадга нисбатан асл нарсаларни неварасига кўпроқ у илинмасмиди?! Ўша пайтлар фақат неварасининг томоғи, эгнини ўйлайвермай, ҳаёт ҳақида ҳам пича гапирганидами? Энди қандоқ қилиб турмуши бузилган жувонни ҳали йигирма бешга ҳам кирмаган неварасига олиб беради? “Ҳечдан кўра кеч”, дейишади. У кечки пайт Шариф билан гаплашишни дилига тугди. Кеча келмаган бўлса, бугун албатта келади уйга.
— Зумра-а-ад. Чой ичамизми бугун? Шариф келса ўзим гаплашаман. Бўлди, қовоқ-тумшуқ қилма! — юмшаганини билдирди она.
Зумрад худди шуни пойлаб тургандек чойнак кўтариб кириб келди:
— Сизнинг гапингизни икки қилмайди у. Гап орасида Малакни эслатинг. Қанақа ширин қиз эди у. Кўзлари чарос узумдек тим қора, чақноқ. Қошлари-чи?..
Бувсара кампир “бўлди қил”, дегандек қизига норози қаради. Ён бергиси келмай деди:
— Балки Шариф бошқа бир қизни айтар. Ҳар ҳолда ўқиди, ишлаяпти. Атрофида бордир-да қиз зоти.
* * *
— Буви, у мени деб оиласи билан ажрашди, — Шариф ҳам очиқ гапира бошлади.
Ҳар доим гапни буриб, ўрнидан туриб кетадиган қилиғи бу сафар ўтмади. Бувиси “ё дилингдагини айт, ё бизнинг гапимизга кўн”, дегач ўтиришга мажбур бўлди.
Етмишдан ошган буви мийиғида куларкан, неварасидан сўради:
— Сени деб ажрашибдими? Балки эри ҳайдаб солгандир?
Шарифнинг оппоқ юзи пушти рангга кирди. Лабларини қимтиб, янаям эгилди.
— Мен ҳам, ойинг ҳам доим айтганингни муҳайё қилдик. Майли, бу истагингни ҳам бажо қиламиз. Орзу-ҳавасимизни қилиб тўй бошлаймиз. Ўша жувон оқ кўйлак кийиб, қизчаси билан ёнингда турадими?
— Ҳислар жунбушга кетганда, ақлинг хира тортади. Сен унинг ёнида ҳиссиётга берилиб, ваъда бергандирсан. Лекин тўйинг, у билан бир умр яшашинг ҳақида ўйлаб кўрмагансан, тўғрими? Ёки тўйни жувонга мослаб, тантана қилмай, ўраб-чирмаб уйга олиб келамизми? Сен қай бирини режа қилиб, уни танладинг?
Шариф бир сўз дея олмади. Ростдан ҳам шу пайтгача булар ҳақида ўйлаб кўрмаган экан. Хаёлида ҳар доим Василанинг ҳузурига бориб, ширин висолдан баҳраманд бўлиб юраверадигандек эди. Шунинг учун бўлса керак, ажралгиси келмасди. Онасига ҳам “Нега унинг ёнига бордингиз? Бизни тинч қўйинг”, дегани шундан.
Бир йилча онаси ҳам, бувиси ҳам ҳеч нарсани сезмади. Аммо охирги пайтларда Васила уни уйига кетгани қўймади. Нияти Шарифнинг ҳаётида борлигини унинг онасига билдириш эди. Мана билдириб қўйганига, очиқча “ўғлингиздан воз кечмайман”, деганига ҳам бир ойдан ошиб қолди. Унинг бу сўзлари бошида Шарифга ҳақиқий муҳаббатдек, жасоратдек кўринганди. Бувисининг сўзларидан кейин эса, ўйга толди.
— Нега индамайсан? — ундан кўз узмай турарди бувиси.
— Ҳаммага масхара бўлмоқчимисан? — боядан буён жим ўтирган онаси ҳам суҳбатга аралашди. — Ундан кўра бувингдан сўра, сени кимга уйлантирмоқчи? Малакка! Уч йил олдин кўргандинг-ку қанақа қизлигини...
Бувсара кампир қизига ўқрайиб қаради. Зумрад дарров гапни бурди:
— Агар Малак ёқмаса, ўзинг билган бошқа қизлар бордир ишхонангда... Айтганча, ўша хотин ҳам ишхонангдан-ку. Бирга ўқиганларинг ичида бордир?
Шариф ҳамон тилини ютиб юборгандек ўтирарди.
— Ўғлинг ўша жувондан кўнгил узолмаяпти. Наилож, совчиликка борамиз. Қизчаси ота-онасиникида қолармикан ё келармикан? Ё унга ҳам оқ кўйлакча кийдириб, ёнларингга ўтқазиб қўярмиз! — ўзини аччиғи чиққандек кўрсатди Бувсара кампир.
— Мени таниганларнинг ҳаммаси Василани билади, — ҳамон бош кўтармай деди Шариф. — Шунинг учун ҳеч бир қиз менга тегмаса керак. Малакка бораверинг!
— Ана-а-а! — қувончдан ўзини тута олмади Зумрад. — Мен нима дедим, ойи? Малак унга ёқади. Ҳали ўша хотинни ҳам унутиб юборади. Энди қишлоққа борамиз, ойи! Малак барибир уйимизга келадиган бўлди!
Бувсара кампирни ўртага олиб турган оловлардан бири сўнгандек бўлса-да, елкасига оғир юк тушгандек, чуқур хўрсинди. Бебош неварасига қай юз билан Малакни сўраб боради?
* * *
Яшил рангдаги баланд сим тўсиқ билан ўралган футбол майдони Анисга қўтир эчкининг танасини эслатди. Майдоннинг бир жойи тақир, бир жойида ўсган ажириқ ҳам босилиб, тупроққа беланиб кўримсиз ҳолга келган. Шундай бўлса-да, йигитлар учун бу майдон жуда қадрли. Уч-тўртта йигит майдонда, яна бир нечтаси кийимларини алмаштириш билан овора. Анис ҳам коптокни кўргач, янада шоша-пиша кийинди. Сўнг тўғри коптокни оёқларида ўйнатаётган курсдоши томон чопди.
— Ани-и-с! — эндигина интиққанига етганида йигитнинг ортидан курсдоши чақирди.
— Нима-а-а? — ўзи томон юмалаб келаётган тўпни тепиш учун хезланаркан, бақирди Анис ҳам.
— Қишлоқдошинг келган. Ётоқхона олдида. Бораркансан!
— Уф-ф! — йигитнинг юзи буришди. — Ишга кетган демадингми? Ҳозир ўйин бошланади-ку!
— Оббо. Бошламай туринглар, — ётоқхона томон югурди Анис.
Уни ётоқхона ҳовлисидаги ўриндиқда Умида кутиб ўтирарди. Умида узун бўйли бўлгани учунми озғин кўринади. Қошлари қалин бўлмаса-да, туташиб кетган, бироз қисилган кўзларини беркитишга чоғлангандек киприклари тикка-тикка ва узун. Шу боисданми, ерга қараганида кўзлари умуман кўринмай қоларди.
— Қалайсан, Умида? Тинчликми? — шошиб турганини билдириш учун Анис узоқдан бақириб борди.
— Салом, — ундан кўз узмади қиз.
— Яхшимисан? — кела солиб қўл чўзди йигит.
— Ўзингиз-чи?
— Кўриб турибсан, футболда эдим.
— Мабодо, қишлоққа бормайсизми, деб келгандим. Ҳадемай имтиҳонлар бошланади. Борсангиз, бизнинг уйдагилардан пул олиб келармидингиз?
— Ўзи икки ой қолди-ку! Кетмайман! Қанча пул керак? Бериб турайми? “Гонорар” олгандим телевидениедан.
— Сизни ҳар чоршанба куни кўряпман. Зўр чиқяпсиз. Қишлоққа борганимда ҳам энди ҳар чоршанба телевизордан чиқишингизни айтиб келгандим. Кўришаётгандир, — жилмайди қиз.
— Айтгандинг буни. Қанча пул керак эди?
— Майли, амаллаб етказарман. Бора қолай...
— Айт, бераман...
— Йўқ, раҳмат! Тежарман... Бўпти... — ортига бурилди қиз.
— Зарур бўлса кел, бераман, — Анис ҳам бепарво ҳолда яна стадион томон югурди.
Умида ўгирилиб йигитга қараркан, томоғига тиқилган аламни зўрға ютди.
“Негаям келдим? Ҳар доим шу. Озгина вақт ажрата олмайди, эътибор қилмайди. Ҳалиям Малакни ўйлаб юрармикан? Йў-ўқ, бирорта курсдоши кўнглига йўл топган! Ўшанинг кўзи олдида мен билан гаплашишни истамаса керак...”
Қизнинг кўнгли чўкди. Икки йилдан буён турли баҳоналар билан Аниснинг ёнига келади. У бўлса бирор марта борган ёки келганида илиқ муносабат қилган эмас.
— Кетдими муҳаббатинг? — кулди бояги курсдоши Анисга пешвоз чиқиб. — Магнитинг бор сенинг — тортасан, ўзи келади қиз доим. Сенам биздан бекитиқча бориб келсанг керак-а, ёнига?
— Қанақа муҳаббат? Қишлоқдош қиз, — деди Анис оёқларини силтаб, баданини қиздираркан.
Ичида эса энтикди: “Магнитим Малакка таъсир қилсайди. Сира уни ўзимга торта олмайман. Балки бошини эгиб, ўзини олиб қочгани учун ҳам ёқар менга! Умидага ўхшаб ўзи эргашадиган қизларни эса жиним суймайди...”
9
2000 йил, май. Ғаллаорол
Малак кечки соат саккизгача барча юмушини тугатиш учун елиб-югурарди. Уйдаги бошқалар ҳам худди шу учун шошаётгандек.
— Дилором-у-в, телевизорни ёқиб қўйинг! Ҳозир Анис чиқади. Бугун чоршанба... — қўшни ҳовлидан Аниснинг онаси бақирди.
— Ёқдик! — овоз берди Малакнинг онаси ҳам.
Қизнинг баттар юраги ҳапқирди. У ҳар ҳафта ёшларга мўлжалланган кўрсатувда бошловчилик қилаётган Аниснинг чиқишини интиқлик билан кутар, меҳр билан томоша қиларди. Кўрсатув бошланишига ўн дақиқа қолди. Бутун оила телевизор қаршисига жам бўлди.
— Кимдир дарвозани уряптими? — қулоғини динг қилиб деди укаси Бобур.
— Сўрагунча бориб қара, — сергакланди отаси ҳам.
Югуриб чиқиб кетган Бобур деразадан деди:
— Тошкентлик аммамлар келишди!
Меҳмонларнинг дараги ҳаммани ўрнидан қўзғатди. Айниқса Малакнинг онаси — Дилором шошиб қолди:
— Малак, югур, меҳмонхонага яхши кўрпачалардан сол. Мадина, сен чой қўй-да, сабзи тўғраб тур. Палов қиламиз.
Малак малолланиб меҳмонхонага кирди. Кўрсатувни кўролмайди энди. Шунинг учунми меҳмонларни пича ёқтирмагандек ҳам бўлди. Улар билан кўришаётганда ҳам икки кўзи телевизорда, хаёли кўрсатувда эди.
— Малак, кап-катта қиз бўлиб қолибсан-ку! — Зумрад унинг юзини кафтлари орасига олиб ўпаркан, ҳавас билан пича тикилиб турди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7
Hikoya qiziyapti zôr davomini kutamz