Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
----------
Сўзнинг қадри кетди, Рувайбизалар замони келди.
Инсонинг қиймати — унинг сўзи билан, сўзининг қиймати эса илми ва масъулияти биландир. Ислом бизга ҳар нарсага аралашмасликни, нафсни ислоҳ қилишни ва сўзга масъул бўлишни ўргатади.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар: «Кишининг Исломининг гўзаллигидан бири — унга алоқаси бўлмаган нарсани тарк қилишидир.» (Тирмизий, 2317 — ҳасан)
Бу — инсоннинг ақл ва одоб қоидаларидан биридур.
Бироқ бугунги кунда:
• Телефон,
• Ижтимоий тармоқлар,
• Комментарийлар,
• Улашишлар, кўпчиликни ўз маъсулиятига кирмайдиган ишларга аралашишга одатлантириб қўйди.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ҳар ким ўзини “эксперт”, “таҳлилчи”, “сиёсатшунос” деб билиб, давлатлар, президентлар ва умматнинг ишларини мухокама қилмоқда.
Расулуллоҳ ﷺ бундай одамларни 1400 йил олдин “рувайбизалар” - фитна одамлар - деб таърифлаб қўйган эдилар.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Одамлар устига алдовчи йиллар келади. Унда ёлғончига ишонилади, ростгўй ёлғончи деб топилади, хиёнаткорга ишонч топширилади, ишончли одамга хиёнаткор деб қаралади, ва ўша йилларда рувайбиза гапиради. Саҳобалар сўрадилар: ‘’Рувайбиза ким?’’ - У зот дедилар: ‘’Умумий ишларга аралашадиган ҳеч нимага ярамайдиган одам.”
Бу ҳадисни имом Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Ҳоким ва бошқалар ривоят қилишган. (сахиҳ хасан хадис)
Хадис тафсирида:
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ: “Рувайбиза – жоҳил, камтажрибали, аҳмоқ одамки, у ўзини билимдон санайди ва одамларга фатво беради. Бундай одамлар фитна ва фасод келтириш билан умматга зарар етказадилар.” (Фатҳул Бори 13/17)
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Рувайбизалар замони – бу илмсиз одамлар гапиришга журъат қиладиган, мансаб талашадиган ва фитна тарқатадиган замондир.” (Шарҳу Саҳиҳ Муслим)
Таърифга эътибор беринг:
• Илми йўқ
• Тажрибаси йўқ
• Масъулияти йўқ Аммо давлат, уммат, сиёсат, раҳбарият, дин ва жамият ҳақида ҳукм чиқаради. Бу — ижтимоий тармоқ “экспертлари”, блогерлар, тиктокшунослар, комментарий фатвочиларининг аниқ сифати.
Бугунги ҳолат: Интернетда бир киши бугун сиёсат ҳақида, эртага иқтисодиёт, индинга шариат, тиббиёт ҳақида “эксперт” бўлиб гапиради. Вахоланки шуларни бирортаси махалла қўмитасига чиқиб бирор бир фикир билдирмаган одамлар.
Америка, Россия, Туркия, Эрон, Араб давлатларининг ички ишларини мухокама қилишда, уларнинг раҳбарларини сўкишда пешқадамлар.
Қуръони Каримда: “Билмаган нарсангни гапирма(қилма,эргашма). Албатта, қулоқ, кўз ва қалб – буларнинг ҳаммаси (Қиёматда) сўраладур.” (Исро сураси, 36-оят)
Хадиси шарифда: Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган ҳар нарсасини айтиши кифоя.”(Сахихи Муслим)
Бугунги ҳолатимиз: “Эшитдим”, “айтишларича”, “бир манбадан маълум бўлишича” каби сўзлар билан текширилмаган маълумотларни қўрқмай тарқатмоқдамиз.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Ким одамларга кўрсатиш учун амал қилса, Аллоҳ уни (Қиёматда) фош қилади.” (Бухорий 6499, Муслим 2987)
Бугунги ҳолатимиз: Followers, likes, views орттириш учун сенсацион, жанжалли контент ишлаб чиқаришда мусобақа қилаямиз.
Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Мусулмонни ҳақорат қилиш фисқ, у билан жанг қилиш куфрдир.” (Бухорий 48, Муслим 64)
Бугунги ҳолат: “Фалон давлат кофир”, “фалон президент мунофиқ”, “бу гуруҳ залолатда” – бундай сўзлар умматни тарқатмоқда.
Расулуллоҳ ﷺ айтдилар: «Фитналар тиллардан бошланади.» (Табароний, ал-Кабир — ҳасан)
Бир нотўғри пост:
• Қалбларни бузади,
• Жамоатни бўлади,
• Ёшларнинг фикрини ифлослайди.
Раҳбар ҳақида гапириш мумкин албатта, хатто фарз — фақат илм ва масъулият эгаларига.
Расулуллоҳ ﷺ айтдилар: «Энг улуғ жиҳод золим подшоҳ (раҳбар) олдида айтилган ҳақ сўздир» (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Яна Расулуллоҳ ﷺ айтдилар: «Ким бир султонга (раҳбарга) бирор амрни етказмоқчи (танбеҳ бермоқчи) бўлса, уни ошкора қилмасин, балки қўлидан тутиб холи хонада айтсин. Агар ундан қабул қилса (яхши), бўлмаса у ўз зиммасидаги вазифасини бажарган бўлади», дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Ибн Касир тафсирида: «Жамоат ва давлат ишлари ҳақида сўзлаш — фақат илм ва ҳикмат соҳибларига тегишли.»
Шунинг учун омма:
• эшитади;
• бўйсунади;
• дуо қилади;
• ўзини ислоҳ қилади.
Имoм Молик (р.ҳ.) айтади: «Ҳар гапни гапириш ўринсиз. Илмсиз гап — ўзингга ва жамиятга зиён.»
Имом Ғаззолий (р.ҳ.): «Ким раҳбарларнинг ишларини муҳокама қилишга берилиб кетса, унинг қалбида Аллоҳга бўлган хавф йўқолади.»
Яна бир оятда:
“Ёмон сўзнинг мисоли эса ердан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда (ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар.” (Иброҳим, 26)
Интернетдаги илмий асоссиз фикрлар — шундай илдизсиз, нопок, инсонни ўзига фойда бермайдиган гаплардир.
Ёшлар нима қилишлари керак?
Илм ўрганиш, Ибодатни мустаҳкамлаш, Оила, соғлиқ, тарбия, Тилни сақлаш, нафсига ёққан маълумотни текширмасдан қабул қилмаслик, тарқатмаслик. “Рувайбиза”- “фитначи одам” бўлиб қолишдан сақланиш.
Расулуллоҳ ﷺ:
«Гапирсанг яхши гаплардан гапир, ё сукут қил.» (Бухорий, Муслим)
“Менинг томонимдан бир оят бўлса ҳам етказинглар.” (Бухорий 3461)
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Вақтингни бехуда гаплар билан ўтказиш – бу ўзингни Аллоҳдан узоқлаштиришингдир.” (Ал-Жавобул Кофи)
Хулоса
• Рувайбиза — илмсиз, лекин жамият масалаларига аралашувчи инсон.
• Бугунги “ижтимоий тармоқ экспертлари” — айнан шу ҳадисда сўз қилинган фитналардан.
• Жамоатнинг ислоҳи нафсни ислоҳ қилишдан бошланади. Нафсни ислохи сўзни кўпайтириш эмас, сўзни поклаш билан бўлади.
Бошқаларни эмас — аввало ўзимизни тарбиялаймиз. Ва Аллоҳу Аълам. Тавфиқ Аллоҳдан.
اللَّهُمَّ أَرِنَا الْحَقَّ حَقًّا وَارْزُقْنَا اتِّبَاعَهُ، وَأَرِنَا الْبَاطِلَ بَاطِلًا وَارْزُقْنَا اجْتِنَابَهُ
Ё Аллоҳ! Ҳақни ҳақ деб кўрсатгин ва бизга унга эргашишни насиб этгин. Ботилни ботил деб кўрсатгин ва бизга ундан узоқ юришни насиб этгин.
#Долзарб #Тафаккур

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев