Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
--------
Хотин эрнинг ҳаётдаги шериги эмас, унинг дўстидир. Улар ўртасидаги ҳаёт шериклик ҳаёти эмас ва бутун ҳаётлари мобайнида шериклик қилишга мажбур эмаслар, балки улар ўртасидаги ҳаёт дўстона ҳаёт бўлиб, бир-бирларига ҳамма томонлардан тўла дўст бўладилар, бир-бирлари билан хотиржам бўлиб яшайдилар. Зеро, Аллоҳ эр-хотинликни эр учун ҳам, хотин учун ҳам хотиржамлик ўрни қилган. Аллоҳ Таоло айтади:
„У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ўзидан ором-осойиш топсин деб ундан унинг жуфтини вужудга келтирди“. [7:189]
„Унинг оятларидан (яна бири) - У зот сизлар хотиржам бўлишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир“. [30:21]
Бу ердаги «сакан» сўзидан мурод хотиржамликдир, яъни эр хотини билан, хотин эри билан хотиржам бўлиши, бири иккинчисига мойил бўлиши ва ундан нафратланмаслигидир. Уйланишнинг асли хотиржамлик ва оилавий ҳаётнинг асли ҳам хотиржам бўлишдир.
Аёл ва эр ўртасидаги дўстлик – осойишталик ва хотиржамлик бўлиши учун шариат аёлнинг эр устидаги ҳуқуқларини ва эрнинг аёл устидаги ҳуқуқларини баён қилди. Бу хусусда очиқ-ойдин оят ва ҳадислар келган.
Аллоҳ Таоло айтади:
„Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор“. [2:228]
яъни, аёлларнинг эрлари устида ҳам эрларнинг хотинлари устида бўлгани каби эр-хотинлик ҳуқуқлари бор. Шунинг учун Ибн Аббос р.а.: «Хотиним менга зийнатлангани каби мен ҳам унга зийнатланишни хоҳлайман. Менинг зиммамдаги барча ҳақларини тўла талаб қилмаслиги учун мен ҳам унинг зиммасидаги ҳақларимни тўла талаб қилмайман. Чунки Аллоҳ Таоло дейди: „Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор“, яҳни гуноҳкор бўлмайдиган зийнатдир», дедилар.
Яна ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Аёллар эрларига итоат қилишлари вожиб қилингани каби эрлари ҳам уларга яхшилик билан дўстона муомала қилишлари вожибдир».
Дарҳақиқат, Аллоҳ Таоло эр-хотинга чиройли ҳаёт кечиришни васият қилиб буюради. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади:
„Улар билан тинч-тотув яшанглар“. [4:19]
„Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш“. [2:229]
Ишратнинг маъноси муомала қилиш, аралашиш демакдир. Аллоҳ Таоло эрларга ўз никоҳларига олган аёлларга нисбатан чиройли муомалада бўлишни буюради, токи улар ўртасидаги ўзаро киришиш ва дўстлик камолига етсин, чунки бу нарса қалбнинг хотиржамлигини ва турмуш осойишталигини орттиради. Эркак кишининг аёлига хушмуомала бўлиши унга маҳр бериш, боқиш каби ҳақларини адо этишдан ташқари, аёлдан айб ўтмаган вақтда унга қовоқ солмаслик, очиқ чеҳра билан сўзлашиш, қўпол ва қаттиқ муомала қилмаслик ва бошқа аёлга мойиллигини ошкор қилмасликдир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ с.а.в.эркакларга ўз аёлларига яхшилик қилишни кўп васият қилганлар.
Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Жобирдан ривоят қилади, Расулуллоҳ с.а.в. видолашув ҳажидаги хутбаларида шундай деганлар:
«Аёлларингиз ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, чунки сизлар уларни Аллоҳдан омонат олгансиз, Аллоҳнинг калимаси билан уларни ўзингизга ҳалол қилгансиз, сизларнинг улар устидаги ҳаққингиз - сизлар ёмон кўрадиган бирор кишини уйингизга киритмасликларидир. Агар шундай қилсалар, уларни оғритмасдан уринглар. Уларнинг сизлар устингиздаги ҳақлари эса яхшилик билан едириб-ичириш ва кийинтиришдир».
Яна ривоят қилинадики, Пайғамбар с.а.в.дедилар: «Сизларнинг яхшироғингиз - аҳли аёлига яхшироғингиздир. Ва мен сизларнинг ичингизда аҳли аёлига энг яхшироғингизман».
(Ҳоким ва Ибн Ҳиббон Оиша р.а.дан ривоят қилганлар).
Яна ривоят қилинадики, Расулуллоҳ с.а.в.аҳли аёллари билан чиройли ҳаёт кечирар, ўйнашар ва юмшоқ муомалада бўлар, кулишиб турар эдилар. Ҳатто мўминлар онаси Оиша р.а.нинг кўнгилларини олиш учун у билан югуриб, мусобақалашар эдилар. Оиша р.а. дейдилар: «Расулуллоҳ с.а.в. мен билан югуришда мусобақалашдилар ва мен ўзиб кетдим. Бу воқеа қоматим тўлмасдан аввал эди. Қоматим тўлишгандан кейин эса мусобақалашдик ва мендан ўзиб кетдилар ва: «Энди тенг бўлди», дедилар». (Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида келтирган). Расулуллоҳ с.а.в. хуфтон намозини ўқиганларидан кейин ётишдан олдин уйларига кириб аҳллари билан уларнинг кўнглини олиш учун суҳбатлашиб ўтирар эдилар.
Ибн Можа Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қилади:
«Сизларнинг энг яхшингиз хотинларига яхши муомалада бўлганингиздир».
Буларнинг ҳаммаси эрлар аёлларига чиройли муомалада бўлиши зарурлигини кўрсатади. Оилавий ҳаёт мусаффолигини булғовчи ҳодисалар бўлиб тургани сабабли, Аллоҳ Таоло оила етакчилигини эркак зиммасига юклади ва уни аёлга раҳбар қилди. Аллоҳ Таоло айтади:
„Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар“. [4:34]
„Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор“. [2:228]
Эрига итоат қилишни аёлга тавсия қилди. Расулуллоҳ с.а.в.дедилар:
«Агар аёл киши эрининг тўшагидан бошқа жойда ётса, то қайтмагунча фаришталар уни лаҳнатлашади» (муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ с.а.в.бир аёлга: «Сенинг эринг борми?», дедилар. Аёл: «Ҳа», деди. Шунда: «Сенинг жаннатинг ҳам, дўзахинг ҳам ўшадир», дедилар». (Ҳоким келтирган).
Имом Бухорий Пайғамбар с.а.в.дан ривоят қилади: «Аёл эрининг рухсатисиз, у уйда бўлган вақтида нафл рўза тутиши мумкин эмас, унинг рухсатисиз уйига бировни киритиши мумкин эмас ва эрининг рухсатисиз бирор нафақа қилса (яҳни, эрининг молидан садақа қилса), ярим ажри эрига бўлади».
Ибн Батта «Аҳкомун нисо» китобида Анасдан ривоят қилади: Бир киши хотинининг кўчага чиқишини ман қилиб, сафарга кетди. Аёлнинг отаси касал бўлиб қолганда, отасини кўриб келгани Расулуллоҳ с.а.в.дан рухсат сўради. Расулуллоҳ с.а.в.дедилар: «Аллоҳдан қўрққин. Эрингга қарши чиқма». Кейин унинг отаси вафот этди. Аёл унинг жанозасига бориш учун Расулуллоҳ с.а.в.дан рухсат сўради. Унга дедилар: «Аллоҳдан қўрққин. Эрингга қарши чиқма». Шунда Аллоҳ Пайғамбар с.а.в.га ваҳий қилдики: «Эрига итоати туфайли унинг гуноҳларини мағфират этдим».
Шариат эрга аёлни уйдан чиқишдан ман қилиш ҳуқуқини берди, бу чиқиш хоҳ ота-онасини зиёрат қилиш ёки энг зарур ишларни бажариш ёки сайр қилиш учун бўлишидан қатъий назар, уйидан эрининг рухсатисиз чиқиши жоиз эмас.
Лекин эри ота-онасини зиёрат қилишдан ман қилиши мумкин эмас, чунки бу ота-она билан алоқани узиш бўлиб, аёлни эрига итоат қилмасликка ундайди. Аллоҳ Таоло уларга яхши муомалада бўлишни буюрган. Ҳолбуки, аёлни ота-онасини кўришга бориш ва зиёрат қилишдан ман қилиш яхши муомаладан эмас. Шунингдек, эр хотинини масжидга чиқишдан ман қилишга ҳам ҳаққи йўқ, чунки Пайғамбар с.а.в.дан ривоят қилинадики:
«Аллоҳнинг чўриларини Аллоҳнинг масжидларидан ман қилманглар!» (муттафақун алайҳ).
Агар аёл эрига қарши чиқса ва бўйсунмаса, Аллоҳ Таоло эрга унга одоб бериш ҳуқуқини берган.
Аллоҳ Таоло айтади:
„Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яҳни, насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилинглар (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яҳни, шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар“. [4:34]
Бу ердаги уриш енгил уриш, яъни оғритмайдиган бўлиши керак. Зеро, Расулуллоҳ с.а.в.видолашув ҳажидаги хутбаларида:
«Агар шундай қилсалар (яҳни сизлар ёмон кўрадиган бирор кишини уйингизга киритсалар), уларни оғритмасдан уринглар», деганлар. (Муслим ривояти). Агар аёл итоат этмаса, эрга уни жазолаш ҳуқуқи берилган. Чунки эр оила ишларини бошқарувчи раҳбардир. Агар аёли шариат унга бажаришни буюрган ишларга зид иш қилмаса, уни мутлақо сиқиши мумкин эмас.
„Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар“. [4:34]
Эр ўз хотинига меҳрибон бўлиши ва бирор нарсани сўраганда хушмуомала бўлиши, ҳаттоки у билан қўшилишни истаса, аёлга муносиб яхши шарт-шароитларни муҳайё қилиши лозим.
Расулуллоҳ с.а.в.дедилар:
«Аёллар тўзиган сочларини тараб, поклайдиган жойларини поклагунча тунда ҳузурларига кирманг (яҳни, сафардан қайтганда уйларингизга қўққисдан кириб борманглар)» (муттафақун алайҳ).
Эрнинг аёлга ва оилага етакчи эканлигининг маъноси - у ягона ҳукмрон ва буйруғи қайтирилмайдиган ҳоким дегани эмас. Эрнинг оилага бошлиқлигининг маъноси - у оила ишларини тартибга солувчи ва унга ғамхўрлик қилувчи эканлигидир. Шунинг учун аёл эрининг сўзига сўз қайтариши ва у билан баҳслашиши, гапирган гапларида унга мурожаат қилиши мумкин, чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам ўзаро дўст бўлиб, бири ҳоким, иккинчиси маҳкум эмас, бири амир, иккинчиси фуқаро эмас.
Балки улар икки дўст бўлиб, ишларини бошқаришда ва оилага ғамхўрлик қилишда бири иккинчисига бошлиқ қилинган. Пайғамбар с.а.в. ҳам оилада хотинларига дўст бўлганлар, давлат бошлиғи ва пайғамбар бўлишларига қарамай, оилада якка ҳоким ва ҳукмрон эмас эдилар.
Умар ибн Хаттоб р.а.ҳадисларида шундай деганлар: «Аллоҳга қасамки, биз жоҳилиятда Аллоҳ Таоло аёллар ҳақида оят нозил қилиб, уларга Ўзи тақсим қилган ҳуқуқларни тақсим қилмагунча уларни камситар эдик.
Бир куни мен бир иш ҳақида фикрлаб турганимда, хотиним «Бундай-бундай қилсангиз бўлмайдими?», деб ақл ўргата бошлади. Мен унга: «Сенинг бу ишга нима алоқанг бор, мен қилмоқчи бўлган ишга нега аралашасан?», дедим. Хотиним: «Во ажаб, эй Хаттобнинг ўғли, сизга ҳеч гап қайтариб бўлмайди, ҳолбуки қизингиз Расулуллоҳ с.а.в. билан баҳслашади, ҳатто у киши кечгача ғазабланиб юрадилар», деди». Умар дейди: «Тўнимни олиб уйдан чиқдим ва Ҳафсанинг уйига бордим ва унга: «Эй қизим, сен Расулуллоҳ с.а.в.билан сўз айтишиб, ҳатто кун бўйи ғазабланиб юрадиларми?», дедим. Ҳафса: «Аллоҳга қасамки, биз ҳаммамиз ҳам у кишига гап қайтарамиз», деди. Мен дедим: «Биласанми қизим, мен сени Аллоҳнинг азоби ва Расулининг ғазабидан огоҳлантираман. Эй қизалоғим, гўзаллиги билан Расулуллоҳ с.а.в.нинг муҳаббатини қозонган анави (Оиша р.а.) сени мағрур қилиб қўймасин!» Кейин унинг олдидан чиқдим ва қариндошлигимиз борлиги сабабли Умму Саламанинг ҳузурига кирдим ва у билан гаплашдим. Умму Салама менга: «Таажжуб, эй Хаттобнинг ўғли, сиз ҳамма ишга аралашаверасиз, ҳатто Расулуллоҳ с.а.в. билан хотинларининг ўртасига ҳам тушмоқчи бўляпсиз», деди». Умар дейди: «Умму Саламанинг бу гаплари ғазабимни босди ва унинг ҳузуридан чиқиб кетдим»
(муттафақун алайҳ).
Муслим ривоятига кўра, Абу Бакр р.а. Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларига киришга рухсат сўрадилар ва рухсат бўлганидан кейин кирдилар. Кейин Умар р.а.рухсат сўрадилар ва рухсат бўлганидан кейин кирдилар. Расулуллоҳ с.а.в.аёллари даврасида жим ўтирар эдилар. Шунда Умар: «Бир сўз айтиб, Расулуллоҳ с.а.в.ни кулдираман», дедилар ва: «Эй Расулуллоҳ с.а.в., мендан бинти Хорижа (яъни, ўз хотинлари) нафақа сўраганини кўрсам, ўрнимдан туриб, бўйнига бир туширсам, дейман», дедилар. Расулуллоҳ с.а.в.кулиб юбордилар ва:
«Манавилар ҳам атрофимда нафақа сўраб ўтиришибди», дедилар. Бундан маълум бўладики, эрнинг аёл устидан раҳбарлиги ишларга етакчилик қилиш бўлиб, бу раҳбарлик ҳукмронлик ва ҳокимлик эмас, балки дўстона раҳбарликдир. Шунинг учун аёл ҳам гап қайтариши ва баҳслашиши мумкин.
Ишрат (бирга яшаш)га оид муомала шундай бўлади. Аммо уй ишларини бажариш борасида эса аёл эрига хамир қориб, нон ва овқат пишириб, ҳовлини тозалаб ва саришта қилиб хизмат қилиши вожиб. Агар эр сув талаб қилса - унга сув бериши, овқат ейишни хоҳласа - таом ҳозирлаши ва уй ичида лозим бўладиган барча ишларда эрга хизмат кўрсатиши зарур. Шунингдек, уй ичида ҳаёт кечириш учун керакли бўлган барча ишларни етарли даражада муҳайё қилиши зарур. Эркак эса оила учун зарур бўлган сув келтириш каби ишларни қилиши, ахлат олиш, тирноқ олиш, зийнатланишига зарур бўладиган ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни уй ташқарисидан уйга олиб келиши зарур.
Хулоса шуки, уйнинг ичкарисида қилинадиган барча ишларни қилиш аёл зиммасига, ташқарида бўладиган амалларнинг барчаси, қандай амал бўлишидан қатъий назар, эр зиммасига юклатилган
. Али ва Фотима (Аллоҳ улардан рози бўлсин) ҳақида Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қилинган ҳадисга қараганда:
«Пайғамбар с.а.в.қизлари Фотимага уй ичкарисидаги ишларни бажаришни, Алига эса ташқарида бажариладиган ишларни бажаришини юклаганлар».
Пайғамбар с.а.в.уйларида хотинларига ҳам уй хизматларини буюрар эдилар ва: «Эй Оиша, менга сув бер, эй Оиша, менга овқат бер, эй Оиша, пичоқни олиб кел, уни тошга ишқаб ўткирла», дер эдилар.
Ривоят қилинадики: «Фотима онамиз оталари Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳузурларига келиб, қўл тегирмонидан етган қавариқлардан шикоят қилдилар ва буни бажарадиган хизматчи сўрадилар» (муттафақун алайҳ).
Бу далиллар шуни кўрсатадики, уй ичида эрнинг хизматини ва оила хизматини қилиш - хотин бажариши керак бўлган вазифалар доирасига киради. Лекин буларни бажариш унинг куч-тоқати етадиган даражада бўлиши керак. Агар бу ишлар аёлга қийинчилик туғдирадиган даражада кўп бўлса, эр бу ишларни бажаришга хизматкор ёллаши зарур. Буни аёл ҳам талаб қилиши мумкин.
Агар ишлар кўп бўлмаса ва аёлнинг кучи етадиган бўлса, эр хизматкор ёллашга мажбур эмас, балки бу ишларни аёл ўзи бажариши шарт. Чунки Расулуллоҳ с.а.в.қизлари Фотимага уй ишларини бажаришни юклаганлар. Шундай қилиб, эрлар хотинларига яхши муомалада бўлишлари зарур ва хотинлар ҳам эрларига яхши хизмат қилиш билан муомала қилишлари вожиб, токи уларнинг ўртасидаги оилавий ҳаёт Аллоҳнинг ушбу сўзи амалга ошадиган даражада осойишта ҳаёт бўлсин:
„Унинг оятларидан (яна бири) - У зот сизлар хотиржам бўлишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир“. [30:21]

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев