
#Абу Ҳурайраرَضِيَ اللهُ عَنْهُ дан ривоят қилинади, Набийﷺ айтдилар:
«Бани Исроилда уч киши бор эди: бир мохов, бир кал ва бир кўр. Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилишни ирода қилди ва уларга бир фариштани юборди.
Фаришта моховнинг олдига келиб:
«Сен учун энг суюмли нарса нима?» деб сўради.
У: «Чиройли ранг, чиройли тери ва одамлар мендан жирканаётган мана шу касалликнинг кетиши», деди.
Фаришта уни суртиб қўйган эди, касаллиги кетди ва унга чиройли ранг ҳамда чиройли тери берилди.
Сўнг фаришта: «Сен учун қайси мол-дунё суюмлироқ?» деб сўради.
У: «Туя», деди. Унга ўн ойлик бўғоз туя берилди ва фаришта: «Аллоҳ сенга бунда барака берсин», деб дуо қилди.
Сўнг калнинг олдига келиб: «Сен учун энг суюмли нарса нима?» деб сўради.
У: «Чиройли соч ва одамлар мендан жирканаётган мана шу калликнинг кетиши», деди.
Фаришта уни суртиб қўйган эди, каллиги кетди ва унга чиройли соч берилди.
Сўнг: «Қайси мол-дунё суюмлироқ?» деб сўради.
У: «Сигир», деди. Унга бўғоз сигир берилди ва фаришта: «Аллоҳ сенга бунда барака берсин», деди.
Сўнг кўрнинг олдига келиб: «Сен учун энг суюмли нарса нима?» деб сўради.
У: «Аллоҳ менга кўзимни қайтариб берса-ю, одамларни кўрсам», деди. Фаришта уни суртиб қўйган эди, Аллоҳ унга кўзини қайтариб берди.
Сўнг: «Қайси мол-дунё суюмлироқ?» деб сўради.
У: «Қўй», деди. Унга туғадиган қўй берилди.
Буларнинг моллари кўпайиб, бирининг бир водий туяси, иккинчисининг бир водий сигири ва учинчисининг бир водий қўйи бўлди.
Орадан вақт ўтиб, фаришта моховнинг олдига илгариги қиёфасида (яъни камбағал мохов суратида) келиб деди: «Мен бир бечора одамман, сафаримда чорасиз қолдим. Бугун аввал Аллоҳнинг, сўнг сенинг ёрдамингсиз манзилимга етолмайман.
Сенга мана шундай чиройли ранг, чиройли тери ва мол-дунё берган Зот ҳаққи-ҳурмати, сафаримда етиб олишим учун битта туя беришингни сўрайман».
У эса: «Ҳақ-ҳуқуқлар (тўланиши керак бўлган нарсалар) кўп», деб (бермади). Фаришта деди: «Мен сени таниётгандекман. Сен одамлар жирканадиган мохов ва камбағал эмасмидинг? Сени Аллоҳ бой қилмаганмиди?»
У эса: «Бу мол-дунё менга ота-бобомдан мерос қолган», деди.
Фаришта: «Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолингга қайтарсин», деди.
Сўнг калнинг олдига бориб, унга ҳам худди шундай деди. У ҳам мохов каби жавоб берди.
Фаришта: «Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолингга қайтарсин», деди.
Сўнг кўрнинг олдига аввалги қиёфасида келиб деди: «Мен бир бечора мусофирман, сафарда чорасиз қолдим. Бугун аввал Аллоҳнинг, сўнг сенинг ёрдамингсиз манзилимга етолмайман. Сенга кўзингни қайтариб берган Зот ҳаққи-ҳурмати, сафаримда манзилимга етишим учун бир қўй беришингни сўрайман».
У киши деди: «Ҳақиқатда мен кўр эдим, Аллоҳ кўзимни қайтариб берди. Хоҳлаганингча ол, хоҳлаганингни қолдир. Аллоҳга қасамки, бугун Аллоҳ йўлида олган бирор нарсанг учун сени қийнамайман».
Шунда фаришта деди: «Молингни ўзингда олиб қол. Сизлар шунчаки имтиҳон қилиндингиз. Аллоҳ сендан рози бўлди, икки шеригингга эса ғазаб қилди».
Саҳиҳул Бухорий: 3464-рақам.
Саҳиҳул Муслим: 2964-рақам.
Хулоса:
Ушбу қисса бизни берилган неъматларга шукр қилишга, камбағал ва муҳтожларга ёрдам беришга чорлайди. Неъматнинг шукри — унинг Аллоҳдан эканини тан олиш ва Унинг йўлида сарфлашдир.
«Агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман»
(Иброҳим сураси, 7-оят)


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев