
--
Аксарият мусулмонлар жаннат башорати берилган ўнта эркак саҳобийни (Ашараи мубашшара) яхши танийдилар. Бироқ, жаннат башорати берилган аёллар ҳақида кўпчилик етарли маълумотга эга эмас. Қуйида Аллоҳ таоло рози бўлган ўша саодатли аёллар билан танишиб чиқамиз:
💢 1.Мўминлар онаси Хадича розияллоҳу анҳо.
У зотга жаннат башорати берилганига далил: Жаброил алайҳиссалом Набий ﷺ ҳузурларига келиб: "Унга Роббисидан ва мендан салом айт ва уни жаннатдаги ичида шовқин-сурон ҳам, чарчоқ ҳам бўлмаган, дурдан ясалган уй билан хушхабарла", дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
💢 2.Фотима розияллоҳу анҳу
Пайғамбар ﷺ айтдилар: "Фотима жаннат аҳли аёлларининг саййидасидир".
💢 3.Умму Сулайм розияллоҳу анҳо
Пайғамбар ﷺ у зот ҳақида: "Жаннатга кирдим ва бир қадам товушини (ёки шитирлашини) эшитдим. «Бу ким?» деб сўрадим. Улар: «Бу Румайсо бинт Милҳон — Анас ибн Моликнинг онаси», дейишди", дедилар.
Бу саҳобия Набий ﷺ Мадинага ҳижрат қилиб келганларида, камбағаллиги туфайли совға қилишга ҳеч вақо топмай, ўғли Анас ибн Моликни у зотга умрбод хизматкор бўлиши учун туҳфа қилган аёлдир.
💢 4.Умму Зуфар(қора танли аёл) розияллоҳу анҳо.
У Набий ﷺ ҳузурларига келиб: "Эй Аллоҳнинг Расули, мени тутқаноғим тутиб, очилиб қоляпман, Аллоҳга дуо қилинг", деди. Расулуллоҳ ﷺ:"Агар хоҳласанг, сабр қиласан ва сенга жаннат бўлади, агар хоҳласанг, Аллоҳга дуо қиламан, сенга шифо беради", дедилар. У:"Сабр қиламан,лекин очилиб кетмаслигим учун дуо қилинг", деди. Расулуллоҳ ﷺ унинг ҳақига дуо қилдилар.У Аллоҳнинг тақдирига сабр қилгани учун жаннат башоратини олди.
💢 5.Умму Ҳаром бинт Милҳон розияллоҳу анҳо...
У Анас ибн Моликнинг холасидир. Расулуллоҳ ﷺ: "Умматимдан денгиз орқали ғазотга чиқадиган биринчи қўшинга (жаннат) вожиб бўлди", деганларида, Умму Ҳаром: "Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам уларнинг ичидаманми?"деб сўради. У зот: "Ҳа, сен уларнинг ичидасан",дедилар.
💢 6.Умму Умора Нусайба бинт Каъб ал-Ансория розияллоҳу анҳо.
У зот Уҳуд жангида ўғли билан бирга Расулуллоҳ ﷺни ҳимоя қилиб, собит турганларида, Пайғамбаримиз ﷺ: "Аллоҳим, уларни жаннатда менга ҳамроҳ қил!" деб дуо қилганлар.
💢 7.Рубаййиъ бинт Муаввиз розияллоҳу анҳо....
У Ансор аёллардан бўлиб, Ризвон байъатида иштирок этган икки аёлдан биридир. Расулуллоҳ ﷺ: "Дарахт остида байъат қилганлардан бирортаси дўзахга кирмайди", деб марҳамат қилганлар.
💢 8.Сумайя бинт Хайёт розияллоҳу анҳо.
Исломдаги илк шаҳида, Ёсир розияллоҳу анҳунинг аёли ва Аммор ибн Ёсирнинг онаси. Расулуллоҳ ﷺ улар ҳақида: "Сабр қилинглар, эй Ёсир оиласи! Сизларнинг ваъдалашилган жойингиз жаннатдир", деганлар.
💢 9.Оиша бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо....
Жаброил алайҳиссалом яшил ипак парчасида у зотнинг суратини Набий ﷺга келтириб: "Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам сенинг жуфтингдир", деганлар.
💢 10.Умму Рўмон розияллоҳу анҳо....
Расулуллоҳ ﷺ у зот ҳақида: "Ким ҳурул-айн (жаннат ҳурлари)дан бўлган бир аёлга қарашни хоҳласа, Умму Рўмонга қарасин", деганлар. У зот Абу Бакр Сиддиқнинг аёли, Оиша ва Абдураҳмоннинг онасидир.
💢 11.Фотима бинт Асад розияллоҳу анҳо.
Али ибн Абу Толибнинг онаси. У зот вафот этганида Расулуллоҳ ﷺ ўз кўйлакларини унга кафан қилиб бердилар ва қабрига тушиб: "Жаброил алайҳиссалом менга Роббимдан хабар келтирдики, у жаннат аҳлидандир", дедилар. Расулуллоҳ ﷺ уни: "Онамдан кейинги онам", деб эъзозлардилар.
💢 12.Ҳафса бинт Умар розияллоҳу анҳо...
Расулуллоҳ ﷺ Ҳафса онамизни талоқ қилмоқчи бўлганларида, Жаброил алайҳиссалом келиб: "Уни талоқ қилма, чунки у кўп рўза тутувчи (соима) ва кўп намоз ўқувчи (қоима) аёлдир ва у сенинг жаннатдаги жуфтингдир", деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ ерга тўртта чизиқ чиздилар ва: "Бу нима эканини биласизларми?" деб сўрадилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билувчироқ", дейишди. У зот: "Жаннат аёлларининг энг афзаллари: Хадича бинт Хувайлид, Фотима бинт Муҳаммад, Фиръавннинг аёли Осиё бинт Музоҳим ва Марям бинт Имрондир", дедилар.
«Ким вафотидан кейин амали тўхтаб қолмаслигини истаса, илм тарқатсин».
«Ва эслатгин..Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур». (Зориёт сураси,55-оят).
Аллоҳ бизни ва сизни улар билан бирга Фирдавс жаннатларида жамласин! Амийн


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев