
---
Икрима розияллоҳу аънҳу Исломни қабул қилганидан сўнг: “Ё Росулаллоҳ, Роббимдан мен учун мағфират сўраб дуо қилинг,” — деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васаллам ҳам унинг учун истиғфор қилдилар. Шунда Икрима розияллоҳу аънҳу дедилар: “Ё Росулаллоҳ! Валлоҳи, шу кунга қадар одамларни Аллоҳ йўлидан қайтариш учун қанча мол сарф қилган бўлсам, энди ундан ҳам кўпроғини Аллоҳ йўлида сарф қиламан. Илгари Исломга қарши қанча жангларда иштирок этган бўлсам, энди ундан ҳам кўпроғини Ислом учун қиламан!”
Икрима розияллоҳу аънҳу мусулмон бўлгандан сўнг кўплаб жангларда қатнашди. Охирги бор у Холид ибн Валид розияллоҳу аънҳу раҳбарлигидаги Ярмук жангида иштирок этган. Жанг пайтида у душман чекинмаётганини, мусулмонлар тарқалиб кетаётганини кўриб, отидан тушди, қиличини суғириб ёлғиз ўзи олдинга отланди.
Бу ҳолни кўрган Холид розияллоҳу аънҳу: “Эй Икрима! Тўхта! Бундай қилма! Сенинг шаҳид бўлишинг мусулмонларга оғир ботади!” — деб тўхтатмоқчи бўлди.
Лекин Икрима розияллоҳу аънҳу дедилар: “Қўй мени, эй Холид! Чунки сен Росулуллоҳга иймон келтиришда мендан илгарилаб кетдинг. Кўплаб ғазотларда у зот билан бирга бўлдинг. Мен эса сен каби бўла олмадим.”
Шундан сўнг у қўшинга мурожаат қилиб: “Ким мен билан шаҳид бўлгунча жанг қилишга сўз беради?” — деб чақирди. Бошда унинг аммакиси Ҳорис ибн Ҳишом, Дирор ибн Азвар розияллоҳу аънҳумо ва бошқа 400 нафарга яқин отлиқ ва пиёда мусулмонлар унинг атрофига жамланди. Улар биргаликда душманга ҳужум қилишди ва жанг қилиб шаҳид бўлишди.
Бу орада Икрима, Ҳорис ибн Ҳишом ва Суҳайл ибн Амр розияллоҳу аънҳумолар оғир яраландилар. Икрима розияллоҳу аънҳу бу пайтда сув сўради. Сув олиб келинганда, у Ҳорис розияллоҳу аънҳу унинг сари қараётганини кўриб: “Сувни Ҳорисга олиб боринг, у ичсин,” — деди. Сувни унга олиб боришди. Бу гал Ҳорис розияллоҳу аънҳу, Суҳайл розияллоҳу аънҳу унга қараётганини кўриб, сувни унга юборди. Аммо учовлон ҳам сув ичишга улгурмасдан шаҳид бўлдилар.
Икрима розияллоҳу аънҳу шаҳид бўлганда унинг танасида етмишдан ортиқ қилич, найза ва ўқ яралари бор эди. (розияллоҳу аънҳум ажмаъийн)


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев