Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
Ҳижрий 699 йилда татар (мўғул) қўшини Дамашққа юриш қилди. Шайхулислом ибн Таймия Дамашқ аҳли учун омонлик олиш мақсадида татарлар қўмондони Ғозонхон ҳузурига чиқди.
У зотнинг шогирди, ҳофиз ва тарихчи ибн Касир таърифлашича, ибн Таймия у ерда жуда "кучли ва шиддатли" сўзларни айтган.
Ўшанда мўғуллар каттаси Ғозонхон сўради:
— Сизлар Язид ҳақида нима дейсизлар?
Ибн Таймия (раҳимаҳуллоҳ) айтдилар:
— Биз уни сўкмаймиз ҳам, яхши ҳам кўрмаймиз. Чунки у солиҳ инсон бўлмаганки, уни яхши кўрсак. Шу билан бирга, биз бирор муайян мусулмонни шахсан ҳақорат қилмаймиз.
Ғозонхон сўради:
— Наҳотки уни лаънатламасангиз? Ахир у золим эмасмиди? Ҳусайнни ўлдирмаганмиди?
Ибн Таймия жавоб бердилар:
— Агар Ҳажжож ибн Юсуф ва шунга ўхшаш золимлар зикр қилинса, биз Аллоҳ Қуръонда айтганидек:
"Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимлар устигадир"
(Ҳуд — 18-оят) деймиз.
Лекин бирор кишини шахсан лаънатлашни хуш кўрмаймиз. Тўғри, уламолардан бир гуруҳи уни лаънатлаганлар, бу ижтиҳод қилиш мумкин бўлган (ихтилофли) масаладир.
Бироқ биз айтган сўз, шахсан сўкмаслик биз учун суюклироқ ва афзалроқдир.
Аммо кимки Ҳусайнни ўлдирган бўлса ёки уни ўлдиришга ёрдам берган бўлса ёхуд бундан рози бўлган бўлса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин! Аллоҳ унинг на фарзини ва на нафлини қабул қилсин.
Ғозонхон сўради:
— Сизлар Аҳли байтни севмайсизми?
Ибн Таймия айтдилар:
— Уларни севиш биз учун фарз ва вожибдир, бунга ажр берилади.
Зеро, Саҳиҳи Муслимда Зайд ибн Арқамдан собит бўлганки, Расулуллоҳ ﷺ Макка ва Мадина орасидаги "Ғадир Хум" деб аталадиган жойда хутба қилиб, шундай деганлар:
"Эй инсонлар! Мен сизларга икки оғир омонатни (Сақалайн) қолдиряпман: бири Аллоҳнинг Китоби..." деб Аллоҳнинг Китобига тарғиб қилдилар, сўнг: "...ва аҳлим — Аҳли байтим. Аҳли байтим борасида сизларга Аллоҳни эслатаман! Аҳли байтим борасида сизларга Аллоҳни эслатаман!" деб такрорладилар.
Сўнг ибн Таймия мўғуллар бошлиғига деди:
— Биз ҳар куни намозимизда: "Аллоҳим! Иброҳимга ва унинг оиласига саловот йўллаганингдек, Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оиласига ҳам саловот йўллагин..." деб дуо қиламиз.
Ғозонхон сўради:
— Унда Аҳли байтни ким ёмон кўради?
Ибн Таймия айтдилар:
— Ким уларни ёмон кўрса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин! Аллоҳ унинг ҳеч бир амалини қабул қилмасин.
Кейин ибн Таймия мўғул вазирига юзланиб деди:
— Бу одам (Ғозонхон) мўғул бўла туриб, нега Язид ҳақида гапириб қолди?
Вазир жавоб берди:
— Унга "Дамашқ аҳли носибийлар (Аҳли байтни ёмон кўрувчилар)" деб айтишибди.
Шунда Ибн Таймия Ғозонхон эшитиши учун баланд овоз билан дедилар:
— Бу гапни айтган одам ёлғончидир! Ким шундай деган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Аллоҳга қасамки, Дамашқ аҳли орасида носибийлар йўқ ва мен улар ичида бирорта носибийни билмайман. Агар Дамашқда кимдир Алиرَضِيَ اللهُ عَنْهُни ҳақорат қилса, мусулмонлар унга қарши қўзғоладилар!
Бироқ қадимда, Бану Умайя давлат тепасида бўлган вақтларда, уларнинг айримлари Алига адоват қилиб, уни сўккан эдилар. Аммо бугунги кунга келиб, улардан бирорта ҳам қолмаган.
Мажмуъул Фатово, 4/488

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев