Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
#Фажр намозининг сукунатли лаҳзаси эди.
Мадинадаги Масжид ун-Набавийда сафлар тўғриланган, қалблар Роббисига боғланган.
Умар ибн Хаттоб رَضِيَ اللهُ عَنْهُ одатдагидек имомлик қилиб, “Аллоҳу акбар” деб намозни бошлади.
Қоронғулик ҳали тўлиқ кетмаган, масжид ичини фақат шамол ва тонг нурининг заиф шуълалари ёритар эди. Сафлардаги саҳобалар сукут ичида қироатни тинглар, ҳеч ким бирор хавфни ҳис қилмасди.
Бирдан, сафлар орасидан бир одам тез ҳаракат қила бошлади.
Абу Луълуъа Фируз — қўлида яширилган ўткир ханжар билан — олдинга интилиб кирди. Унинг ҳаракати шубҳали эмас, балки қатъий ва тез эди.
Бир лаҳзада у Умарرَضِيَ اللهُ عَنْهُ га етиб келди ва кетма-кет зарбалар берди.
Масжидга бир зум жимлик чўкди.
Саҳобалар нима бўлаётганини англашга улгурмасдан, Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ оғир яраланиб ерга йиқилди. Унинг овози билан намоз бузилди, ва масжидда шовқин кўтарилди.
“Ибодат, ибодат!” деган овозлар, қичқириқлар ва қадам товушлари бир-бирига аралашиб кетди.
Сафлар бузилди.
Саҳобалар қотил томон ташланишди. Абу Лулуъа қочишга уринди, ханжарини ўнг-сўл силкиб, йўлида учраган бир неча кишини ҳам ярадор қилди.
Масжид ичида одамлар уни тутишга ҳаракат қилар, у эса саросима ичида чиқиш эшиги томон интиларди.
Охирида у чиқиб кетишга муваффақ бўлмади — тортишув ва издиҳом ичида у ўзига ҳанжар урди ва ривоятларга кўра, ўша жойда ҳалок бўлди.
Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ эса ерда оғир ҳолатда ётар, ҳуши ўзида эди.
Унинг атрофига саҳобалар тўпланди. Абдураҳмон ибн Авфرَضِيَ اللهُ عَنْهُ намозни тезда давом эттирди, токи мусулмонлар ибодатни тўхтатмасин.
Умар ибн Хаттобرَضِيَ اللهُ عَنْهُ оғир яраланган ҳолда уйларига олиб келинди. Қон кетиши кучли эди, атрофида эса саҳобалар жим туришар, қалбларини қайғу босган эди.
Бир пайт у кўзини очди.
Овози заиф, лекин қалби ҳали ҳам адолат ва масъулият билан тўла эди.
Аввало у намоз ҳақида сўради:
— “Одамлар намоз ўқишдими?”
Унга: — “Ҳа, ўқишди,” деб жавоб беришди.
Шунда у: — “Намозни тарк этганнинг Исломда насибаси йўқ,” — деди.
Сўнг у ўз ўғли Абдуллоҳ ибн Умарни чақирди ва деди:
— “Бор, Ойша онамиз ҳузурига кириб айт: ‘Умар сендан рухсат сўрайди — Муҳаммадﷺ ва Абу Бакр ас-Сиддиқرَضِيَ اللهُ عَنْهُ ёнида дафн қилинишга рухсат берсин’, деб айт.”
Абдуллоҳ бориб хабар берди. Ойша رَضِيَ اللهُ عَنْهَا йиғлаб:
— “Мен бу жойни ўзим учун сақлаган эдим, лекин бугун Умарни ўзимдан устун қўяман,” — деб рухсат берди.
Бу хабар етказилганда, Умар رَضِيَ اللهُ عَنْهُ шукр қилди.
Сўнг у яна бир муҳим васият қилди — уммат раҳбарлиги ҳақида:
— “Мендан кейин ишни ҳал қиладиганлар — шу олти киши,” — деб
Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳниرَضِيَ اللهُ عَنْهُ санаб ўтди.
— “Улардан бири халифа бўлсин. Уммат уларга итоат қилсин.”
Сўнг у халқ ҳақида васият қилди:
— “Муҳожирларга яхшилик қилинг, Ансорларни унутманг, улар Исломни кўтарганлар.”
— “Аҳли зиммага (мусулмон бўлмаган, лекин ҳимоя остида яшовчиларга) зулм қилманг. Улар билан аҳдни сақланг.”
— “Байтулмол ҳақида эҳтиёт бўлинг…”
Овози тобора пасаяр, лекин сўзлари ҳали ҳам қаттиқ маънога эга эди.
Сўнг у яна бир нарсани сўради:
— “Менинг қарзларимни ҳисобланг…”
Унга қарзлари айтилди.
У: — “Агар молим етмаса, Бану Адийдан олинглар, у ҳам етмаса, Қурайшдан,” — деб таъкидлайди.
Бу — унинг адолати ҳатто ўлим ёқасида ҳам ўзгармаганини кўрсатар эди.
Охирида у ерга қўйилиб, камтарона ҳолатда деди:
— “Вой менга, агар Аллоҳ мени кечирмаса…”

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев