Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
#Ҳадис_554
#Зикр_Фазилати
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Зикрнинг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дир. Дуонинг афзали «Алҳамдулиллаҳи»дир», деганларини эшитдим».
(Имом Термизий ривояти)
--- Шарҳ:
Бу ҳадиси шариф Аллоҳ таолони зикр қилишни истаган бандаларга зикр лафзи нима эканлиги ҳақидаги дастлабки дарсдир. Ким Аллоҳ таолони махсус лафз ила зикр қилишни истаса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни кўпроқ айтсин. Ўшанда энг афзал зикрни қилган бўлади, яъни, одам боласи айтиши мумкин бўлган энг афзал лафзни айтган бўлади. Кимдир ўзига берилган неъматнинг зиѐда бўлишини сўраб дуо қилмоқчи бўлса, бу борадаги энг афзал дуо «Алҳамдулиллаҳи»дир. Чунки «Алҳамдулиллаҳи»да Аллоҳ таолога берган неъмати учун шукр маъноси бор.
Аллоҳ таоло: «Шукр ила неъматлар бардавом бўлур», деган.
Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 35
☘️☘️☘️☘️☘️☘️
#Ҳадис_555
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қиѐмат қачон, эй Аллоҳнинг Расули!» деб сўради.
«Сен унга нима тайѐрладинг?» дедилар. «Мен унга кўп намоз, рўза ва садақа тайѐрлаганим йўқ. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиламан», деди. «Сен ўзинг муҳаббат қилганлар билан биргасан», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Биз ҳам шундоқми?» дедик. «Ҳа», дедилар. Ўша куни қаттиқ хурсанд бўлдик»ни зиѐда қилган».
(Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
--- Шарҳ:
Демак, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат улуғ нарса. Бу муҳаббат бу дунѐда Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ва у дунѐда жаннатга етаклайди. Жаннатда бўлганида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади.
Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 34
☘️☘️☘️☘️☘️☘️
#Ҳадис_556
#Тоамланиш одоби болаларга талим бериш!
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларидаги бола эдим. Қўлим лаганда борибкелар эди. Бас, у зот менга: «Эй ғулом! Аллоҳнинг исми ила, ўнг қўлинг ила, ўзингга яқиндан егин!» дедилар. Шундан сўнг менинг емоғим худди ўшандоқ бўлиб қолди».
(Тўртовлари ривоят қилганлар).
-- Шарҳ:
Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийи Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай ўғиллари бўлган. У Умму Салама онамизнинг аввалги эрлари Абу Саламанинг ўғиллари бўлиб, отаси вафот этиб, онаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларида ўсганлар. Бу ҳақда у кишининг ўзлари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғларидаги бола эдим», демоқдалар.
Албатта, турмуш тақозоси ила бир уйда яшаганларидан кейин бир дастурхонда овқатланганлар ҳам. Ўшанда ёш бола бўлган Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳунинг қўллари таомнинг яхшисини, кўпроғини излаб идишнинг ҳамма томонига бориб-келган экан. «Қўлим лаганда бориб-келар эди». Бу ҳолни кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом тановул қилиш ҳақида таълим бердилар: «Эй ғулом! Аллоҳнинг исми ила, ўнг қўлинг ила, ўзингга яқиндан егин!» дедилар». Демак, исломий одоб бўйича таом ейишни бошлаганда «Бисмиллаҳи»ни айтмоқ керак, таомни ўнг қўл билан емоқ керак. Ҳар ким ўз олдидан емоғи керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларини Умар ибн Абу Салама жон, деб қабул қилдилар ва унга умр бўйи оғишмай амал қилдилар. У ҳақда ўзлари: «Шундан сўнг менинг емоғим худди ўшандоқ бўлиб қолди», дейдилар. Худди шу набавий тавсия ҳамма мусулмонларга ҳам таълим бўлди. Ҳамма мусулмонларнинг емоғи худди ўшандоқ бўлиб қолди.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Катталар ёш болаларга таом тановул қилиш ва шунга ўхшаш ишларда исломий одобларни ўргатиб боришлари зарурлиги.
2. Таом тановул қилишни «Бисмиллаҳ»ни айтиб бошлаш зарурлиги.
3. Таомни ўнг қўл билан емоқ кераклиги. Чунки, чап қўл тозаланишга ишлатилади. Афсуски, кўпчилик, ҳатто, кап-катта одамлар ҳам бу нарсани билмайдилар.
Баъзида жуда ноқулай ҳолатларга тушиб қолинади.
4. Таомни ҳар ким ўз олдидан емоғи кераклиги.
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан етган ҳар бир ҳукмни мусулмон одам ўзи учун қонун-қоида қилиб олмоғи лозимлиги.
Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 16
☘️☘️☘️☘️☘️☘️
#Ҳадис_557
#Кийиниш_Одоблари
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади», дедилар».
(Икки шайх ривоят қилганлар).
-- Шарҳ:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройига, кийимига зеб бериб мутакаббирлик қилгани қандоқ оқибат ила тугаганини ажойиб васф қилиб, сиз билан биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшашликдан қайтармоқдалар. Мазкур бадбахтликка гирифтор бўлган одам сочини ҳавас билан ўстирган экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар экан. Кийимни ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кийган экан.
У кунлардан бир кун, «…ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди».
Бунга ўхшаш нобакорларни, ўзини ўзгалардан арзимаган нарса ила устун қўядиганларни, кийими ила манманлик ва мутакаббирлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида олиб турмай ютиб юборишга тайёр экан. Аммо ер уни ютиши билан иш битиб қолмайди. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда айтганларидек, «Энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади». Яъни, у қиёматгача ер ютиш азобини чекиб, қийналиб туради. Қиёмат куни эса, унинг абадий ҳоли қандоқ бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилайди. Ким ана ўшандоқ ҳолга учрамай деса, зинҳор базинҳор кийими ила манманлик қилмасин.
Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 17
☘️☘️☘️☘️☘️☘️

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев