Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
#Ҳадис_550
Силаи-Раҳм ҳақида.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга мени жаннатга киритадиган амалнинг хабарини беринг», деди. Шунда у ердаги қавм: «Унга нима бўлди? Унга нима бўлди?» дейишди. «Ҳожати борга ҳам, унга нима бўлдими! Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан. У (улов)ни қўйиб юбор!» дедилар. У зот уловлари устида эди».
(Икки Шайх ривоят қилишган).
-- Шарҳ:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уловларига миниб йўлда борар эдилар. Бир киши йўлни тўсиб чиқиб, у зотнинг уловлари жиловидан ушлаб тўхтатди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули!
Менга мени жаннатга киритадиган амалнинг хабарини беринг», деди».
Бу ғалати иш эди. Одатда, кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бундоқ муомала қилмас эдилар. Агар саволлари бўлса, бошқача вазиятда берар эдилар. Аммо бу одам ғайриоддий тасарруф қилди.
«Шунда у ердаги қавм:
«Унга нима бўлди?
Унга нима бўлди?» дейишди».
Унга нима бўлди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чикди?
Унга нима бўлди?
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловлари жиловидан тутади?
Унга нима бўлди?
Бундоқ катта саволни сўрайди?
Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг қилмишидан ажабланмадилар. Ўзларини ҳам, саволидан камтарона ҳам тутдилар. Одамларнинг ажабланишига ҳам, сўровчининг саволига ҳам, бирдан жавоб бердилар.
«Ҳожати борга ҳам, унга нима бўлдими!»
Бировнинг ҳожати бор экан, йўлни тўсиб чиқиб, уловнинг жиловидан ушлаб туриб, савол берибди. Шунга ҳам ажабланасизларми?
Сен, эй сўровчи! Агар ўзингни жаннатга киритадиган амални қилмоқчи бўлсанг: «Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан». Билдингми?!
Ана ўшаларни қил. Энди, «У(улов)ни қўйиб юбор!» дедилар».
Бу ҳадиси шарифни шарҳ қилган уламоларимиз ўша суҳбат чоғида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уловларини миниб турган эдилар, суҳбат тугагач у зот савол берувчига
«Уни қўйиб юбор!» деганлар, дейишади. Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш-қариндошлик алоқаларини яхшилаш иймон, намоз ва закот каби Исломнинг рукни бўлган нарсалар билан бир даражага қўйилмоқда. Бу амал кишининг жаннатга киритадиган амаллар рўйхатига киритилмоқда. Шундан ҳам силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини тушуниб олсак бўлаверади.
Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 34
🌱🌱🌱🌱🌱🌱🌱🌱
#Ҳадис_551
ЗИКР.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Роббингиз ҳузуридаги энг яхши, энг поқ даражотларингизни энг юқори қиладиган, сиз учун тилло-кумуш инфоқ қилишдан ҳам яхшироқ ва душманингизга йўлиқиб, сиз уларнинг бўйнингизга, улар сизнинг бўйнингизга зарба бергандагидан ҳам яхшироқ амалларингизнинг хабарини берайми?» дедилар.
«Айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. «Аллоҳ таолонинг зикри», дедилар».
(Имом Термизий ривояти)
-- Шарҳ:
Бундан, зикр кези келганда хайри садақа ва жиҳоддан ҳам афзал бўлиши келиб чиқади. Бас, шундай экан, Аллоҳ таолони доимий равишда зикр қилишга одатланайлик.
Манба : Ҳадис ва Ҳаёт 35
🌱🌱🌱🌱🌱🌱🌱🌱
#Ҳадис_13
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни машойиҳлари.
Саид Журайрийдан ривоят қилинади: “Абу Туфайл розияллоҳу анҳу: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганман. Ер юзида у зотни кўрган мендан бошқа одам қолмади”, деди. Шунда: “У зотни менга васф қилиб бер”, дедим. Абу Туфайл: “(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оқ рангли, ёқимли, жисмлари мўътадил (инсон) эдилар”, деди”.
-- Шарҳ.
Абу Туфайл (Омир ибн Восила) розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида дунёни энг охири тарк этган кишидир. Маълумотларга кўра, у ҳижрий 1-санада (Уҳуд йилида) туғилган, 100-йилда, баъзи манбаларда айтилишича, ундан кейин (110-йилда) вафот этган. Шунинг учун “Ер юзида у зотни кўрган мендан бошқа одам қолмади”, демоқда. Мана шу гап айтилганида дунёда Абу Туфайлдан бошқа саҳоба йўқ эди. Буни англаган Саид Журайрий у кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни васф қилишни сўраган. Абу Туфайл розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хос уч хил сифатни айтган:
1. Ранглари (қизил аралаш) оқ;
2. Ташқи кўринишлари гўзал, келишган;
3. Таналари ҳар жиҳатдан мўътадил эди.
(Имом Термизий ривояти)
Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"
🌱🌱🌱🌱🌱🌱🌱🌱
#Ҳадис_552
#Бола_тарбияси.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши учун ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ садақа қилганидан яхшидир», дедилар».
(Имом Термизий ривояти).
-- Шарҳ:
Баъзиларимиз савоб умидида қийналиб топган маблағларимиздан хайри-эҳсон, садақа қилиш пайидан бўламиз. Гоҳида бу сарф-харажатлар болаларимиз ҳисобидан бўлиши ҳам бор. Яъни, уларга ишлатилиши лозим бўлган маблағ савоб умидида садақага сарфланади. Аслида эса, боланинг одобли бўлиши учун қилинган хизматнинг ўзи худди садақа қилганнинг савобини бераверади. Ота-она ўз фарзандига одоб берар экан, уларга садақа қилганлик савоби ѐзилиб туради. Бас, шундай экан, болаларга одоб беришда ғайратли бўлишни унутмаслигимиз керак. Агар ҳар бир оила ўзининг ҳар бир боласини одобли этиб тарбияласа, оилалар одобли бўлади. Бундай одобли оилалардан ташкил топган жамият ҳам одобли бўлади. Бу эса, бутун дунѐ учун яхшилик бўлади.
Манба: Ҳадис ва Ҳаёт 34

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев