
У дунёга келиб, ота-онаси кимлигини билмасди, насаби ҳам маълум эмасди. Ўша давр жамиятида насабсиз одам бўлиши катта айб ҳисобланарди.
Жулайбибнинг қиёфаси ҳам жуда хунук эди, шу сабабдан кўпчилик унга яқинлашмас, четлаб ўтарди.
Лекин Жулайбиб Аллоҳга ва Унинг Расулига жуда тақводор эди. У Набий ﷺнинг жангчи саҳобаларидан бири бўлган. Одамлар уни четга суришганига қарамай, Расулуллоҳﷺ унга меҳрибон эдилар.
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жулайбиб билан учрашиб, унга:
«Эй Жулайбиб, уйланмайсанми?» дедилар.
Жулайбиб:
«Ё Расулуллоҳ, ким қизини менга беради?» деб жавоб берди.
Расулуллоҳ ﷺ унинг қўлини тутиб, Ансорларнинг бир раҳбарининг уйига олиб бордилар. У раҳбарнинг қизи жуда гўзал ва солиҳа эди.
Уйга кириб, Расулуллоҳ:
«Мен қизингизни сўрамоқчиман», дедилар.
Раҳбар хурсанд бўлиб:
«Нақадар гўзал ва баракотли иш! Бу уйимизга нур келтиради», деди.
У Расулуллоҳнингﷺ ўзи қизини сўраяпти, деб ўйлади.
«Лекин бу мен учун эмас, Жулайбиб учун», дедилар Набий ﷺ.
Раҳбар ҳайрон бўлди, чунки Жулайбиб хунук қиёфали, насабсиз одам эди.
У:
«Ё Расулуллоҳ, бу ҳақда онаси билан маслаҳатлашай», деди.
Онасига айтганда, онаси қаттиқ қарши чиқди:
«Қандай қилиб?! Жулайбиб хунук, насабсиз, қабиласи йўқ, мартабаси йўқ, моли йўқ. Аллоҳга қасамки, йўқ! Қизимиз унга тегмайди!»
Шу пайтда солиҳа қиз чиқиб келди ва:
«Ким сўраяпти?» деб сўради. Ота-онаси ҳолатни тушунтирди.
Қиз:
«Расулуллоҳнингﷺ илтимосини рад қилмоқчимисизлар? Аллоҳга қасамки, мени унга юборинглар. Расулуллоҳ сўраётган бўлса, бу менга зарар келтирмайди», деди.
Кейин у ота-онасига Қуръондан оят ўқиб берди (маъноси):
«Мўмин эркак ва мўмин аёл учун, агар Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишни ҳукм қилган бўлса, уларнинг ўша ишда ўзларига бошқа ихтиёр бўлмайди. Ким Аллоҳ ва Расулига итоат қилмаса, бас, у очиқ-ойдин залолатга тушган бўлади».
(Аҳзоб, 36-оят)
Ота-онаси рози бўлди ва қиз Жулайбибга никоҳланди.
Никоҳдан кўп ўтмай, Расулуллоҳﷺ мусулмонларни жиҳодга чақирдилар. Жулайбиб ҳам қатнашди.
Жанг мусулмонлар ғалабаси билан тугади. Жанг тугагач, Расулуллоҳ ﷺ бир саҳобани йўқотгандек ҳис қилдилар ва:
«Ораларингизда ким шаҳид бўлди?» деб сўрадилар.
Улар:
«Фалончи ва фалончи шаҳид бўлди», дейишди.
Яна сўрадилар:
«Яна ким бор?»
«Йўқ, ё Расулуллоҳ», дейишди.
Кейин Набий ﷺ:
«Лекин мен Жулайбибни йўқотгандекман», дедилар.
Саҳобаларга Жулайбибни қидиришга буюрдилар. Уни топишди: етти нафар душман ўлдирилган ҳолда, ўзи ҳам шаҳид бўлган эди. Жулайбиб етти душманни ўлдириб, кейин ўзи ўлдирилганди.
Расулуллоҳ ﷺ:
«Жулайбиб етти душманни ўлдирди, кейин улар уни ўлдирди. У мендан, мен унданман», дедилар ва бу сўзни уч марта такрорладилар.
Жулайбиб رضي الله عنهшаҳид бўлди. Уни ювмай дафн қилишди. Чунки жаннат ҳурлари уни ювиш учун кутиб турган эди.
Аллоҳ таоло барчамизни Жулайбиб ва унинг хотини каби солиҳ бандаларидан қилсин. Омин.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев