
Кейин унинг ҳокимиятини катталаштириб унга Хуросонни ҳам қўшиб беради. Аммо Язид ўзидан аввал ўтган солиҳ халифа изидан кетмай, Ироқдаги волийси Умар ибн Ҳубайрага мактублар жўнатиб, улардаги буйруқларни, гарчи гоҳида ҳақга терс бўлса ҳам сўзсиз ижро қилишга амр қилади.
Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрий ва Шаъбий бўлиб танилган Омир ибн Шураҳбийлни чақиртириб уларга: “Мўминларнинг амири Язид ибн Абдулмаликни Аллоҳ таоло халифа бўлишини ирода этиб, унга итоат қилишни эса мусулмонларга фарз қилган. Биласизки, халифа мени Ироққа, сўнг бунга қўшиб Форсга волий этиб тайинлади. Аммо халифа гоҳида менга шундай амр-фармон мактубларни юборадики, мен ундаги амрларнинг адолатли эканига қалбим таскин топмайди. Мен халифага итоат этиб, унинг бу амрларини бажаришим учун менга диндан бирон ечим топиб бера оласизми”, деб мурожат қилди. Шаъбий халифага илтифот ва волийга енгиллик бўладиган бир сўз айтди. Ҳасан Басрий эса сукут сақлаб ўтирар эди... Умар ибн Ҳубайра Ҳасан Басрийга қараб: “Сиз нима дейсиз, эй Абу Саид?” деди.
Ҳасан Басрий: “Эй ибн Ҳубайра, сен Язиднинг амрларини бажаришда Аллоҳдан қўрқ, Аллоҳнинг амрларини бажаришда Язиддан қўрқма... Шуни билгинки, Аллоҳ таоло сени Язиддан ҳимоя қила олади, аммо Язид сени Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди... Эй ибн Ҳубайра, яқинки осмондан қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган фаришта тушиб, сени бу ўрнингдан четлатиб, кенг қасрдан тор қабрга тиқиб қўйса, сен у ерда Язидни топа олмайсан, балки Язиднинг Парвардигорига хилоф қилган амалингни топасан... Эй ибн Ҳубайра, агар сен Аллоҳ таоло билан бирга ва Унинг итоатида бўлсанг, Парвардигори олам сени Язиднинг озорларидан, бу дунёда ҳам охиратда ҳам сақлайди... Агар сен Аллоҳга осийлик қилишда Язид билан бирга бўлсанг, унда Аллоҳ сени Язидга ташлаб қўяди.
Шуни билгинки, эй ибн Ҳубайра, Холиқ таолога гуноҳ бўлган ишларда, - ким бўлишидан қатъий назар - махлуқга итоат қилинмайди” деди. Умар ибн Ҳубайра кўз ёшлари соқолини ҳўл қилгудек даражада йиғлади. Сўнг Шаъбийдан кўра Ҳасан Басрийга мойиллик кўрсатиб, уни кўпроқ иззат-икром билан сийлаб кузатиб қўйди. Икковлари волийнинг ҳузуридан чиқишиб, масжид тараф юра бошлаганларида, атрофларига одамлаб йиғилиб, волий билан бўлган суҳбат ҳақида сўрадилар.
Шаъбий одамларга юзланиб: “Эй одамлар, ичларингизда кимда ким ҳар қандай ўринда ҳам Аллоҳ таолони махлуқотларидан ортиқ қўя олса шуни қилсин! Аллоҳга қасамки, Ҳасан Басрий волийга айтган сўзларни мен ҳам билар эдим, лекин мен ўз сўзим билан волийни риоя қилган бўлсам, Ҳасан Басрий эса Аллоҳнинг риоясини қилиб сўз сўзлади... Натижада Аллоҳ мени волийнинг назаридан узоқлатди, Ҳасан Басрийни эса волийга яқин ва маҳбуб қилди”, деди.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев