
___________________
Ўртадаги жанг Уммул мўъминин аскарларнинг асирга тушишлари билан тугади. Алининг сафдошлари, барча асирларни тиғдан ўтказишни таклиф этдилар. Уларнинг таклифларига қарши ўлароқ, ҳазрати Али: «Мен қибла аҳли асирлари агар тавба қилиб яна ўз ҳолларига қайтсалар, ўлдирмасман», дедилар.
Ҳазрати Али Ойиша онамизни нодон кишилар ахмоқликлари туфайли ранжитиб қўймасалар эди, деб қаттиқ ташвишга тушдилар. Яъни улар Ойиша онамизга ҳар хил бемаъни таъналар қилиб дилларини ранжитиб қўймасалар эди, деб ташвишга тушдилар. Кутилган воқеа юз берди.
Шу сабабли ҳазрати Али Ойиша онамизни алоҳида бир хонага кечқурун тушириб, ичиқораларнинг кўзларидан йироқ турсунлар, дея парда тўстириб қўйдилар. Шунчалик эҳтиёт чораларини кўрганликларига қарамай барибир баъзи нодон калтафаҳм кишилар Ойиша онамизга ҳар хил бемаъни гапларни қилиб дилларини оғритдилар. Жуда қаттиқ таъналар билан маломат этдилар. Иш бундай тус олганини кўрган ҳазрати Али буйруқ чиқаришга мажбур бўлдилар. Кимки Ойиша онамизни беҳурмат қилса ёки у киши шаънларига нолойиқ сўзларни сўзласа, ундай беадаб киши дарра билан уриладиган бўлди. Ҳазрати Али хусуматчилар билан ниҳоятда очиқ кўнгилликда эдилар. Зеро, у жаноб Талха (р. а.)нинг Мавлон ибн Ҳикам қўлида шикаст еб вафот топганликларининг хабарини эшитган пайтларида жуда ҳам қаттиқ алам чекдилар. Зубайр ибни Авом (р. а.) нинг намоз ўқиётган чоғларида ўлдирилганликлари хабарини эшитган вақтларида ҳазрати Али қаттиқ товушда шундай дедилар: «Ибн Сафия асло кўрққан ҳам эмас, лаим ҳам эмас эди. Лекин ҳозир ниҳоятда хунук ходда ўлдирилибди.» Зубайр ҳазратларининг қотиллари бўлган ибни Журмуздан Зубайрнинг қиличларини беришни талаб этдилар. Кейин у жанобнинг қиличларини қўлларида маҳкам ушлаган ҳолда «Мазкур қилич узоқ замонлар Расулуллоҳ аллайҳиссаломнинг муборак юзларидан қудратларини кеткизган эди», дедилар. Журмуздан Зубайрни «Сен ўлдурдингму» деб сўрадилар. У: «Ҳа, мен ўлдирдим, энди буни мукофотини хоҳлайман», деди. Ҳазрати Али унинг гапини эшитиб, унга қараб: «сенга дўзах мукофот бўлади», дедилар ва ўлдиришликга амр этдилар. Кейин одамларга қараб: «Абу Абдуллоҳни Оллоҳ раҳмат қилсун. Мен таҳқиқ Баширанназир саллаллоҳу алайҳи вассалламдан ибни Сафияни ўлдирган кишининг жойи дўзах бўлади, деб башорат этганларини ўз қулоғим билан эшитганман», дедилар.
Ойиша онамиз ҳазрати Али ғалабага эришганларидан сўнг: «Эй ибни Абу Толиб, қўлингга тушдик, энди ўзинг юмшоқ кўнгиллик айла», дедилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизнинг гапларига илтифот кўрсатдилар. Ва одил музаффардан кўра кечирувчи музаффар ғолиброқ деб ўйладилар.
Бир неча исёнчилар Ойиша онамизнинг ҳимояларига сиғиндилар. Ҳазрати Али уларга ҳеч нарса қилмадилар, кейин Али, ибни Аббосни Ойиша онамиз ҳузурларига юбориб «энди кетсунлар», дедилар. Аввал Ойиша онамиз «йўқ, кетмайман», деб турдилар. Бир оз вақт ўтгач, Ойиша онамиз .кетишга рози бўлдилар ва «мен Оллоҳ хоҳласа тезда уйимга кетажакман», дедилар. Басрадан Мадинага қараб йўлга чиқдилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизга каттагана карвонни жиҳозлаб бердилар ва ўн икки минг дирҳам совға ҳам бердилар. Алининг биродарзодалари бўлган Абдуллоҳ ибни Жаъфар ҳам ўз ҳисобларидан беадад мол ва пул ажратиб Ойиша онамизга беришга тараддуд кўрдилар. Кейин бу пулларни Ойиша онамизнинг олдиларига қўйиб: «булар мени ўз ҳисобимдан совға», дедилар.
Ҳазрати Али Ойиша онамизни ҳеч бир нарсадан камситмай, балки ниҳоятда ҳурмат-эҳтиромларини жойга келтирдилар. Ойиша онамиз кетаётган пайтларида кузатувчиларнинг ўртасида турган Алини кўриб: «Оллоҳга қасамки, мен билан Алининг ўртамизда аввалда ҳам ҳеч қандай хусумат бўлган эмас. У менинг олдимда энг яхши кишилардан ҳисобланади», дедилар. Ҳазрати Али Ойиша онамизнинг гапларига жавобан: «Ойиша онамиз рост айтдилар, бизнинг ўртамизда ҳеч қандай хусумат бўлган эмас. У жаноб пайғамбаримизнинг дунёйи охиратда завжи муборакларидурлар», дедилар. Ҳазрати Али Абдул Қайс қабиласидан 40 та аёлга эркакча кийим кийгазиб Ойиша онамизни то ўз уйларига эсон-омон етиб келгунларига қадар кузатиб боришликни буюрдилар. Улар эркакча кийинишиб Ойиша онамизнинг карвонларини кузатиб йўлга тушдилар. Ойиша онамиз уларни кўриб эркак киши деб ўйлаб, Али мени обрўимни тўкибди, деб аччиқлари чиқди. Бироқ Маккага етиб борганларидан кейин мазкур аёллар бошларидан саллаларини олиб юзларини очганларидан кейин уларнинг аёл эканликларини билдилар. Бу Ойиша онамиз оммавий ҳаётда иштирок этган энг сўнгги воқеа бўлди. Шундан кейин Ойиша онамиз токи вафот этгунларига қадар уйларидан ташқарита чиқмадилар. Тоат-ибодат-ла машғул бўлиб олий даражага етгунларига қадар яшаб ўтдилар.
Тарихчиларнинг жуда кўплари Али карамаллоҳу важхаҳу тарафларидан Ойиша онамиз (р. а.)га қилинган ушбу гўзал муомалани шарҳлашга киришиб, шундай деб ёзадилар: «Бу шундай гўзал муомалаки, тарихда бўлган бунга ўхшаш муомала эшитилмаган. Бирор бир китоблар саҳифасида ҳам акс эттирилмаган. Ғолибнинг мағлубга нисбатан қилмайдиган амални хазрати Али томонларидан қилиниши ҳақиқатда Абул Ҳасанайн карамаллоҳу важхаҳунинг бир буюк қалб эгаси эканликларига далолат этади», дедилар. Бироқ, мана шундай табир-ла шарҳ этувчилар ушбу каби ҳайронликларини, қилинган амал олдида изоҳ этувчилар улуғ пайғамбар мактабларининг иштирок этган шогирдларидан бири бўлган Али ибни Абу Толиб ким билан мана шундай гўзал муомалада бўлганликларини унутганга ўхшайдилар. Ахир, у жаноб ушбу каби тарихда ўхшаши бўлмаган муомалани Муҳаммад алайхиссаломнинг севимли аёлларига ва Расулуллоҳнинг ғордаги йўлдошлари ҳамда энг биринчи мусулмон бўлган Абу Бакр Сиддиқнинг садоқатли қизларига нисбатан қилганлар.
ТЎҒРИ ГАП
Жуда кўп тарихчилар умумий тафсилотларга берилиб кетиб, Али билан Ойиша онамиз ўрталардаги холифлик сабабларини баён этишликда гапни жуда ҳам чўзиб юбориб муболаға даражасига етказганлар. Улар шундай деб ёзадилар: Уммул мўъминин дилларида ҳазрати Алига яъни эрларининг амакиваччаларига нисбатан рашк аралаш карохият сақлар эдилар. Зеро, ҳазрати Али Расулуллоҳ алайҳиссалом олдиларида катта ҳурматга эга ва ҳамда энг севимли қизлари Фотимаи Заҳронинг эрлари ва меҳрибон пайғамбарга одамларнинг энг севимлиси бўлгандилар. Ойиша онамиз қалб дардидаги нафрат бани Мустақил ғазотидан қайтганда йўлда Ойиша онамизга нисбатан зулм ва душманлик сабаби ила қилинган бўҳтон воқеасидан кейин яна ҳам зиёдалашганди.
Расулуллоҳ алайҳиссалом Зайд ибни Хориса ҳамда Умар ибни Ҳаттобдан ушбу воқеа тўғрисида қандай фикрдасиз, деб сўраганларида, уларнинг ҳар икковлари «биз Ойишага асло бирор хунук иш содир бўлганлигини кўрган эмасмиз», деб жавоб берганлар. Аммо ҳазрат Алидан сўралган чоғда у жаноб улуғ пайғамбарнинг юзларидаги алам асарини кўриб, Муҳаммад алайхиссалом адо этастган улуғ рисолатга бирор нуқсон етиб қолишидан қўрққанлари сабабли Расулуллоҳга қараб ўзларидаги доимий очиқ гапириш хислатига биноан: «Ё Расулуллоҳ, бундан бошқа ҳам аёллар кўп-ку» деб жавоб берганлар. Бу деган жавобларининг маъноси, агар у кишидан шаклланаётган бўлсангиз, қўйиб юборинг-да, бошқасига уйланиб қўя қолинг, дегани эди.
Баъзи тарихчилар эса ҳазрати Али Ойишанинг ходимларини олдириб келиб нима иш бўлганлигини айтасан, деб кўрганлар. У ходима «Ойиша ёш, тажрибасиз қизлар, гоҳида хамирни қориб туриб ухлаб қоладилар. Кейин эса қўйлар келиб еб кетарди. Бундан бошқа Ойиша онамизнинг айблари йўқ», деган гапдан ўзга чурқ ҳам этмади, дедилар. Мана шу сабабларнинг ҳар бири Ойиша онамиз дилларида етарлича таъсирини қолдирган эди.
Ойиша онамиз қалбларида Алига бўлган бундай асарни дунё таъмагирлари ғанимат билиб Усмон разияллоҳу анҳуни ўлдирганларидан сўнг қўзғаб ҳаракатга солиб юбордилар Бундай қўзғашни шахсий ёки якка суратда эмас, балки оммавий суратда анча жиддий равишда авж олишга эришдилар. Натижада ўтган воқеа юз берди, дедилар.
Баъзи бир ривоятларда эса бу ҳодиса қуйидагача тартибда акс эттирилган: Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом Ойиша онамиз олдиларида бошларини эгиб турар, Ойиша онамиз эса муборак бошларини юваётган эдилар. Ёнларида Уммул мўъминин Умму Салама эса хурмо билан сутни аралаштириб ҳар икковларига таом тайёрлаётган эдилар. Шунда Расулуллоҳ ҳазратлари бирдан: «Мен сизлардан бирингиз думли туя соҳиби, Ҳавоиб сувининг итларини хурдирадиган ва натижада тўғри йўлдан тоядиганингиз қай бирингиз бўлади, билолмайман», дедилар. Бу сўзни эшитган заҳотлариёқ Умму Салама таомдан қўлларини қўрқувга тўла ҳолда кўтариб, шошилган ҳолда «мен шундай бўлишдан Оллоҳдан ҳамда унинг Расулидан паноҳ тилайман», дедилар. Расули Акрам ҳазратлари уларга қараб: «менимча сизлардан биттангиз Ҳавоиб итларини хурдирсангиз керак,— дедиларда, кафтлари билан Ойиша онанинг орқаларига уриб:— «Эй ҳумайра, шундай бўлишликдан эҳтиёт бўлинг», дедилар.
Бироқ Ойиша онамиз шундай бўлдилар. Оллоҳнинг тақдир саҳифасига ёзганларини бўлмоқлигидан на эҳтиёт қилдиришлик ва на огоҳлантиришлик тўсиб қўя олди. Лекин мана шу ривоятни айтаётган кишилар бир нарсани ташлаб кетганлар, у ҳам бўлса Ойиша онамиз вақтики мазкур маконга етганларида «ушбу сувнинг номи нима?» деб сўрайдилар. Кишилар «Ҳавоиб суви деб» жавоб бердилар. Ушбу жавобини эшитган Ойиша онамиз: «тезда мени бу ердан олиб кетинглар, Оллоҳга қасамки, мен Ҳавоиб соҳибаси бўлиб қоламан», деганлар. Шу пайт олдиларига сингилларининг ўғли Абдуллоҳ ибни Зубайр келиб, Исломда энг биринчи бўлиб ёлғондакам гувоҳликни берганлар. Уларнинг ёлгон гувоҳликларига ишониб, Ойиша онамиз уларга бўйсиниб қолганлар. Натижада аввалда таркиб топган тақдир юз берган. Бўлар иш бўлиб ўтган.
Ҳазрати Алини баъзи бир тарихчилар маломат этиб шундай дейдилар. Эмишки ҳазрати Али Усмон қотилларини ҳибсга олишда сусткашлик қилганлар. Ҳалифалик мансабига ўлтирганларидан сўнг эса ишни ўз ҳолига ташлаб қўйишлари Ойиша онамизни қаттиқ аччиқланишларига олиб келди ва Ойиша онамизни мазкур жиноятчиларга нисбатан Ислом жазо чораларидан чора қўллашликни талаб қилиб чақириқда бўлишларига олиб келди.
Дин ҳамда тоза виждон эгаси бўлган тарихчи бундай ишни ўзича шарҳлашдан тийилиши керак эди. Балки аҳволни ўтмиш тарихчилари тушунтирганларидек тушунтиришлари зарурдир. Ҳазрати Али Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиваччалари Фотимаи Заҳронинг эрлари, тўртинчи ҳалифа, Бадр ва Ҳусайн урушларининг қаҳрамони, Ҳайбар қўрғонини шикастловчи, Расулуллоҳ алайҳиссаломга хижрат кечаси ўз жонини фидо этувчи, бундан ташқари ҳисобсиз фазилатларга эга бўлиш билан бирга, бутунлай маъсум эмаслар. У киши Имом ва Мужтаҳид, демак тўғри ижтиҳод қилган бўлсалар, чексиз ажрга эга бўладилар ва агар хато ижтиҳод этган бўлсалар, унда битта ажрга эга бўладилар. Ойиша онамизнинг ҳам шу каби жуда кўп буюк фазилатлари бўлган. Бундай ишларда тўғри ҳукм чиқаришлик мумкин ҳам эмас, чиқариб ҳам бўлмайди. Энг яхшиси бундай ҳолатда ишни ғайбларини билувчи, еру-осмонда ҳеч нарса унга махфий бўлолмайдиган зотга топшириш тўғрироқ бўлади. Бундай мушкул шакли масалаларда фикр билдиришдан тўхтаб, ишни Оллоҳ таоло ва таборакка топширишликда жуда катта ҳикматлар бордур. Энг тўғри йўл ҳам шудир. Оллоҳ тало карамаллоҳу важҳаҳудан рози бўлсун. Ойиша онамиздан ҳам рози бўлсун. Ҳар икковларини Оллоҳ учун ғазабланадиган ҳавмлар мукофоти каби мукофотлар ила мукофотлансун. Омин.
САФИН ВОҚЕАСИ
Ҳазрати Али Жамал воқеасидан ҳануз тиниб-тинчимай туриб яна янгидан Муовия ибни Абу Суфён Шом қўшнида ҳазрати Алига қарши душманлик уйғотиб у зотга қарши курашга отлантираётганлигининг хабари келиб қолди. Муовия аскарларга жуда ҳам сахийлик билан совғалар улашиб ўз томонига оғдириб олади. Улар ичида Алига қарши фитна шу даражада юргизиладики, ҳатто Али Усмон (р. а.)нинг хунларини ўз вақтида олмаганлари етмаганидай бунга қўшимча равишда ҳазрати Усмонни қатл этишда иштирок этган ибни Сабоъ қўшинини ўзига бирлаштириб олганлиги учун ҳам масъулдир, деган даъвога уларда қаноат ҳосил қилдирди. Албатта, бундай миш-мишлар аскарлар орасида ўзининг ёмон таъсирини кўргазмай қолмади.
Мазкур машъум хабар ҳазрати Алига етиб маълум бўлгач, у жаноб Жарир ибни Абдуллоҳни қўлларига мактуб бериб Муовия томонга жўнатдилар. Мактубда муҳожирлар билан ансорлар ҳазрати Алига тўла қувватланган ҳолда байъат берганларининг хабари ҳамда Талха билан Зубайр байъат этганларидан кейин байъатларини бузганликлари ва оқибатда Жамал воқеасида хунук ҳолатда ўлдирилганликларининг хабари баён этилиб, охирида эса Муовияни ҳазрати Алига байъат беришликка чақириқ билан тугатилган эди. Ҳазрати Алига байъат қилмаган волийлардан ягона Муовиянинг ўзи қолган эди. Ўзга барча вилоят бошлиқларининг ҳаммаси байъат бериб бўлган эди. Муовия ҳазрати Алининг мактублари қўлига текканидан кейин эса бир ҳийла ишлатишликни қасд этди. Алининг элчиларига жавоб беришни кейинга суриб, «мен яхшилаб ўйлаб олишим керак», деб чалғитиб ўзи эса Амр ибни Осни чорлаб мактуб ёзиб юборди. Мактубни олганларидан сўнг, Амр ибни Ос Муовиянинг олдига етиб келадилар. Муовия Амрдан «ҳазрати Али хусусларида нима қилишим керак», деб маслаҳат сўрайди. Амр ибни Ос Муовияга: «Сиз Алидан Усмоннинг қасосини талаб этинг, мабодо Али бунга рози бўлмаса, унда Алига қарши Шом лашкарлари ёрдамида уруш очинг», дея маслаҳат сўрайдилар. Ушбу ривоятда айтилган:
Амр ибни Ос Муовия Усмон тўғриларида ҳеч нарса демай маслаҳат берганлар. Буни Яъкубий ривоят этганлар. Бу ривоятлардан қайси бири тўғрироқлиги номаълум. Бироқ, ҳазрати Алининг элчилари Муовия қошларидан Муовия Алига қарши Шом қўшнини тайёрлаётганлиги хабарини олиб келганлар. Хабар мазмуни ушбу эди: Муовия Шом аскарлари ичида ҳамиятни қўзғашлик учун Усмоннинг қонга беланган куйлакларини ҳамда хотинларининг панжаларини Дамашқ минбарига байроқ қилиб остириб қўяди. Аскарларга жуда кўп совғалар бериб уларни ўзига оғдириб олганидан сўнг эса мана бу мазмундаги хатни улар ичида ўқиб эшитдирганди. Гўё улар Усмоннинг ўчини олиш учун жанг қилар эмишлар.
Ҳазрати Али ҳам 37-ҳижрий йилнинг 25-шаввал ойида тўқсон минг аскар билан биргаликда Сафин деган жойга қараб юрдилар. Муовия ҳам саксон беш минг аскар билан Фрот дарёсининг соҳилига келиб тушдилар. Муовия аскарлари Али аскарлари билан дарёнинг ўртасини тўсиб қўйдилар. Аскарлар қароргоҳларига ўрнашгандан икки кун ўтиб ҳазрати Али Муовия томонларига элчи юбордилар. Муовияни бирлашишга, ҳамда Ислом жамоатига киришликка чақирадилар. Муҳаррам ойининг охирги кунига қадар икки ўртада тинчлик шартномаси тузилди. Бироқ икки тоифа ўртасида уруш алангасини бутунлай тўхтатишликка муваффақ бўлолмадилар.
Сафар ойи кириб, ўртадаги шартнома вақти битиши билан икки орада уруш бошланиб кетди. Жанг бениҳоя қизиди. Шу пайтда Аммор ибни Ёсир Муовия аскарларнинг бир қанчаларига тўсатдан ҳужум этиб, уларнинг барчасини тиғдан ўтказдилар. Бу ишни кўрган Али аскарлари ғайратга кириб, душманларига қарши қаттиқ ҳужумга ўтдилар. Муовия аскарлари саросима ичида қолдилар. Агар шу вақтда Амр ибни Ос бир хийла ишлатмаганда эди, албатта, Али аскарлари ғалабага эришган бўлардилар. Чунки Муовия аскарлари чекинишга тушай деб қолгандилар. Бироқ шу пайтда Амр ибни Ос қўлларида Куръонни кўтариб Қуръон ҳукмига итоат этишга ҳар икки тоифани чақирган бўлдилар. Буни кўриб Алининг аскарлари ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Ироқликлар «Оллоҳнинг китобига жавоб беришимиз керак», дедилар. Ҳазрати Али уларга: «Бу иш бир алдамчилиқдур, холос, сизлар бунга ишониб нақд ғалабани қўлдан чиқарманглар. Улар бу билан сизларнинг бирлигингизга барбод бермоқчилар», деб тушунтирдилар. Бироқ улар ўз сўзларида маҳкам туриб олиб, Алининг сўзларига эътибор бермадилар. Муовиянинғ чақириқларини қабул этишимиз керак, деб қаттиқ оёқ тираб туриб олдилар. Саркардалари Аштар ибни Моликга урушни тўхтатиш тўғрисида ҳукм бериб одам юборишга ҳазрат Алини мажбур қилдилар. Аштар ибни Молик ғалабани қўлга киритай деб турган бир ҳолида бундай ҳукм келганини кўриб мажбуран урушни тўхтатди.
ҲАКАМЛАР МУҲОКАМАСИ
Икки ўртадаги қонли уруш тинди. Шундан кейин Али Муовиянинг қандай фикрда эканликларини билишлик учун олдиларига элчи юбордилар. Элчи Муовияга ҳазрати Алининг таклифларини етказди. У қуйидаги мазмунда эди: Бизлар ҳам, сизлар ҳам Оллоҳ таоло китобида буюрган амрига имтисол кўргузайлик. Сизлар ўзингиз рози бўлган шахсни юборинглар. Бизлар ҳам ўзимиздан одам юборамиз. Кейин уларга Оллоҳнинг амрига биноан иш юритишларини топширамиз. Муовия бунга розимиз деб жавоб бердилар. Муовия ўткир сиёсат юргиза олувчи Амр ибни Осни танлайдилар.
Аввалда ҳам осонгина алданган Ироқ аҳли эса ҳазрати Алидан Абу Мусо Ашъарийни мазкур ишга вакил қилиб тайинлашларини қаттиқ туриб сўрайдилар. Ҳазрати Али уларга қараб: «Сизлар аввалда ҳам менга осийлик қиддингизлар. Эндиликда келинг, осийлик қилманглар», дейдилар ва Жамал воқеасида Абу Мусонинг одамларни ўз ҳолига ташлаб кетганликларини ҳамда у киши моҳир қув одам бўлган Амр ибни Осга нисбатан ниҳоятда содда, гўл одам эканликларини очиқ суратда тушунтирдилар.
Абу Мусо Ашъарий Амр ибни Ос билан сўз юритиб тўғри хулосага келолмасликларини уларга айтиб, «шунинг учун мен ўз ваколатимни Абу Мусога топшира олмайман», дедилар. Бироқ Ироқ аҳли ўз сўзларида қаттиқ туриб олдилар. Бу ҳолни кўриб ҳазрати Али ичларида афсус ва надомат-ла уларнинг раъйларини мажбуран қабул қилдилар. Ҳазрати Али тўрт юз кишидан иборат гуруҳ билан уларга бош вакил қилиб Абу Мусо Ашъарийни, Муовия эса у ҳам шунча одамга бош вакил қилиб Амр ибни Осни мазкур ўттиз саккизинчи ҳижрийнинг рамазон ойида муҳокама юргизйшлик учун Думатил жандал деган ерга юбордилар. Бу ерда Абу Мусо ва Амр ибни Ос ўрталарида давлат аҳамиятига эга бўлган қаттиқ муҳокама бўлди.
Амр ибни Ос Абу Мусо Ашъарийнинг ҳар хил тилёғлама гаплар билан алдашга киришди. Охирида «айтган гапларимизни ёздириб қўяйлик», деган қарорга келишди.
Оллоҳнинг китоби ҳакам бўладиган бўлди. Икки ҳакам Оллоҳнинг китобига биноан, қандай фикрга келсалар, ҳар икки гуруҳ мана шу улар иттифоқ қилишган фикрга юрадиган бўлдилар. Охирги икки ҳакамнинг охирги юзма-юз учрашадиган вақти келганда, Абдуллоҳ ибни Аббос Абу Мусога қараб: Эй Абу Мусо, сен агар ўзингнинг ким эканлигангни унутсанг хам, бироқ, ҳазрати Алига байъат қилганлар Абу Бакрга, Умарга, ҳамда Усмонга байъат қилган кишилар эканликларини унутмагин. Ҳазрати Алида уни халифалик мансабидан узоқлаштирадиган ҳеч бир хислат йўқлигини, Муовияда эса халифалик мансабига яқинлаштирадиган ҳеч бир хислат йўқлигини эсингдан чиқармагин. Сен яна Амр ибни Оснинг хийла тузоғига илиниб қолмагин», деб қаттиқ тайинладилар. Икки ўртадаги учрашув ўша йили рамазон ойида бўлиб ўтди. Учрашувда Амр ибни Ос Абу Мусони юмшоқ сўзлар, мақтовли гаплар билан аста ўзлари томонга оғдириб олишга киришди.
Зеро, Амр ҳеч қандай мунозарага ва гапнинг кўпайиб кетишига тарафдор эмасди. Ўртада бир котибни чақириб олиб, олиб борилаётган мунозара баҳсини ёзиб боришликка иттифоқ этдилар. Охирида ёзилган мактуб «Биз Алининг Усмонни ўлдиришликда иштирок этганларига ҳужжат келтирамиз», деган сўз билан тугади. Абу Мусо «Бу иш Исломда янгалик бўлди, бизлар бу ерга Муҳаммад умматини Оллоҳ тезда яна аҳволни сулҳга келтирадиган бир иш қилишга йиғилдик, дедилар. Амр ибни Ос у кишидан «Бу нима деганингаз?» деб сўрадилар. Шунда Абу Мусо: «Ироқ аҳли Муовияни яхши кўрмайдилар. Шомликлар эса Алини дўст тутмайдилар. Шундай бўлгач, биз ҳар иккисини мансабдан бўшатсак-да, ўрнига Абуллоҳ ибни Умарни тавсия этсак», дедилар. Амр Абу Мусодан бу гапни эшитиб у кишининг раъйини тўғирлашга қасд этди. Абдуллоҳ ибни Умарни сайланишига қарши чиқди. Абу Мусога бир неча саҳобаларнинг номларини айтиб мана шулардан бирларини халифаликка тавсия этишларини сўрадилар. Абу Мусо Абдуллоҳ, ибни Умардан бошқа кишини халифаликка тавсия этилишига рози бўлмадилар.
Амр, сахифага ҳар икковлари ўз қўлларини қўйиб имзо чекканларидан кейин тахлаб қўйдилар. Кейин Абу Мусога бир неча халифаликка номзод этиб номларини айтганларидан сўнг у киши рози бўлмагач, «хўп, ўзингизни раъйингиз нима?», деб сўради. Абу Мусо Амр ибни Осга қараб: «Менинг раъйим ҳар икковларини ҳам мансабдан олиб ташлаш, кейин халифаликка номзод кўрсатиб сайлашликни мусулмонлар ихтиёрига берсак, хоҳлаган кишиларини ўзларига халифа этиб сайлаб олсалар», дедилар. Амр бу гапни эшитиб, «менинг раъйим ҳам сизнинг раъйингиз кабидур. Демак, энди ташқарига чиқиб одамларга қараб «биз иттифоқга келишдик», деб эълон этинг», деди.
Шундан сўнг Абу Мусо ўрниларидан туриб: «Менинг билан Амрнинг раъйимиз бир иш устида тўхтади. Умид этаманки, шояд Оллоҳ бунинг билан Ислом миллатини ҳозирги танг аҳволидан қутқазиб нажот бахш йўлини кўргузса», Абу Мусонинг гапларини Амр, тўғри айтаяпти, деб тасдиқладилар. Кейин Абу Мусога қараб: «Эй Абу Мусо, олдинга чиқинг ва одамларга фикрингизни айтинг», дедилар.
Абу Мусо олдинга чиқиб кетаётганларида Абдуллоҳ ибни Аббос орқаларидан етиб келиб, у кишини тўхтатиб: «Эй Абу Мусо, гумонимча сени Амр алдаганга ўхшайди, агар бирор фикрда икковларингиз қарор қилган бўлсанглар, унда аввал Амр чиқиб сўзласин, кейин эса сиз сўзланг», дедилар, лекин Абу Мусо ушбу насиҳатга қулоқ солмай чиқиб кетдилар. Одамларга қараб: «Эй одамлар, мен ва Амр ибни Ос, Али билан Муовияни ўз вазифаларидан олиб ташлашликка қарор қилдик, Миллатнинг ўзи бу ишни кўриб чиқишга иттифоқ этдик. Улар ичларида ўзлари севган ва ишонган кишиларини ўзларига халифа этиб сайлаб олаверсинлар. Мен Али билан Муовияни ўз вазифаларидан бўшатдим», дедилар. Абу Мусо сўзларини тугатиб бўлгач, Амр ҳам ўрниларидан туриб халққа қараб: «Эй одамлар, ўзларингиз эшиттингизки, бу одам ўзининг соҳибини ишдан бўшатди. Мен ҳам уни ишдан бўшатдим. Аммо ўзимнинг соҳибимни эса амалида қолдирдим. Чунки у Усмон тайинлаган волийлардандур, ҳамда Усмоннинг ҳукмларини талабгоридур», деди.
Кутилмаган бу гапдан сўнг икки ўртада қаттиқ тўқнашув бўлди. Лекин вақт ўтган эди. Абу Мусо хижолат чекканларидан Маккага қараб кетдилар. Шом аҳли ҳам ўз жойларига жўнади. Халифаликни Муовияга топширдилар. Муовия Шомга ғалаба қилган ҳолида музаффарона қадамлар билан қайтиб кетди. Ҳазрати Али эса ўз аскарлари олдида уларнинг ичида фасод оралаган ҳолда қайтиб кетдилар.
Мана шундан кейин аскар ичида бир гуруҳи ўзини «Ҳаворижлар» деб атаб бир-бирларини сўкишиб, ажралиб чиқиб кетди. Исломдаги энг биринчи ўзини «Ҳавориж партия» деб атаган гуруҳнинг ажралиб чиқишлиги янги гуруҳлар пайдо бўлишлигининг бошланмаси эди.
Улар аввалда Алига ёрдам учун тўпланган эдилар. Ўрталаридаги чиқарилган ҳукм шартномасидан кейин эса, Алини ташлаб четга чиқиб кетдилар. Ушбу гуруҳ тарафдорлари Басра ва Қуфа аҳолисидан ташкил топганди. Улар Али аскарларидан ажралиб чиқиб ўзларига Абдуллоҳ ибни Расмийни халифа этиб сайлаб олдилар. Улар ўз раъйларига қарши чиққан янги халифаларни тан олмаган кишиларни ўлдиришга киришдилар. Усмон ҳамда Алини лаънатлай бошладилар. Мамлакатда турли фасотлар қўзғаб ҳар томонга ёя бошладилар. Ҳазрати Али уларни тинчитиш учун аскарларни қуроллантириб жанг қилишга мажбур бўлдилар. Уларга қарши урушиб, уларни бутунлай тор-мор келтирдилар. Кейин Али аскарларини Шомга қарши юриш бошлашга даъват этдилар. Аскарлар урушдан ниҳоятда чарчаганлари учун Алидан бир оз вақтга муҳлат сўрадилар, ҳазрати Али муҳлат бердилар ва «ҳаммангиз ўзингизни урушга тайёрланглар ҳамда шомликлар билан ишини бир ёқли этмагунча ҳеч ким ўз аҳли ёнига бормасун», деб буйруқ бердилар. Лекин улар аста секин биттадан бўлиб Қуфага кетиб қолиш-ди. Қароргоҳ бутунлай бўшаб қолди. Муовия Али аскарлари ичида юз берган бундай парокандаликдан фойдаланиб Амр ибни Осни ўзи томонидан Мисрга волий этиб тайинлади. Амр Мисрга қўшин билан бориб уни ўзига бўйсиндирди, шундан кейин Муовия Мисрни бутунлай Амр ибни Осга топширди. Мисрга Али тайинлаган волийлар бўшатилди.
АЛИНИНГ ШАҲИД БЎЛИШЛАРИ
Хавожирлар очиқдан-очиқ ва пинҳона ҳам турли суиқасдларни уюштиришнинг тадбирларини кўра бошладилар. Кунларидан бир куни хавожирлардан уч киши бир ерга тўпланиб ўзаро маслаҳат қилиб ҳар уччала бошлиқни, яъни ҳазрат Алини, Муовияни ҳамда Амр ибни Осни ўлдиришга қарор қилдилар. Булар Абдураҳмон ибни Малжам, Барқ ибни Абдуллоҳ ва Умар ибни Абу Бакр номли шахслар эдилар. Ҳар уччаласи бир кунга ваъдалашиб уч томонга, аъни Абдураҳмон ибн Малжам ҳазрати Алини ўлдиргани Қуфага, Барқ ибни Абдуллоҳ Муовияни ўлдиргани Шомга, Умар ибни Абу Бакр эса Амрни қатл этгани Мисрга жўнаб кетдилар.
Ваъдалашилган куни эрталаб яъни 40 ҳижрий йилининг 17-рамазон жумъа куни Барқ ибни Абдуллоҳ Муовияга пичоқ санчади. Бироқ пичоқ унинг думбасига текканлиги сабабли, Муовия ўлмай қолади. Барқ ушланиб ўлдириб юборилади. Умар ибни Абу Бакр эса Мисрга бориб Амр ибни Осга пичоқ урдим деб ўйлаб, у кишини ўрнига Амр касалликлари сабабли намозга имом бўлган Хорижа ибни Ҳубайбни ўлдириб қўяди. Абдураҳмон Қуфага келади. У ерда қуфалик ошналари билан учрашади. Улар уни яшириб қўядилар. Абдураҳмон уларнинг ичида бир аёл билан учрашиб қолади. Унинг исми Фитом эди. У аёл бениҳоя гўзал бўлганлигидан ибни Малжам уни ўзига хотинликка сўрайди. Аёл ибни Малжамга «Бир неча шартларим бор, агар бажарсанг тегаман» дейди. Ибни Малжам аёлдан «қандай шартларинг бор» деб сўрайди. Унинг отасини, акасини Али ўлдириб юборган эдилар. «Биринчи шартим, менга уч минг дирҳам пул берасан, иккинчиси эса, Алини ўлдирасан» дейди. Ибни Малжам унинг қўйган шартларини қабул қилади. Шундан кейин аёл унга ёрдам берадиган одам ҳам топиб беради. Ўзининг қавмидан Вардон исмли одамни унинг олдига юборади Вардон ибни Малжамнинг айтганларини қабул қилади. Ваъдалашилган куни эрталаб Вардон билан ибни Малжам масжидга кириб ҳазрати Али кирадиган эшикларнинг ёнига келиб ўлтирадилар. Ҳазрати Али эрталабки намозга эшикдан кираётган вақтларида Вардон қилич билан бехосдан уради. Али эшикни ёндарасига ағдарилиб тушадилар. Шу паллада ибни Малжам ҳам Алининг қорниларига қилич билан уради ва «Эй Али, хокимият сенга ҳам ва сени асҳобларингга ҳам эмас ҳокимият Оллоҳга» деб айтади.
Вардон қочиб қутилмоқчи бўлади, бироқ кимдир уни ушлаб олиб ўлдириб ташлайди. Ҳазрати Али ўрниларига Жаъада ибни Хубайрани намозга ўтказадилар. Ибни Малжамни тутиб, боғлаб қўядилар. Ҳазрати Али кейин одамларга қараб: «жонга — жон, қонга — қон, агар ўлиб кетсам, уни ҳам мени қандай ўлдирган бўлса, шундай ўлдириб юборинглар. Агар тирик қолсам, унда ўзим нима қилишликни ўйлаб кўраман. Эй Бани Абдул Муталлиб, амирал мўъмининни ўлдирдилар, деган баҳона билан мусулмонларнинг қонларини тўкманглар ва шўнғиманглар. Мени фақат бир қотил ўлдирди, холос. Эй Ҳасан, менга қаранглар, мана шу зарба сабабли, мен ўлсам уни худди шундай зарба билан ўлдиринглар. Зеро, мен Расулуллоҳ алайҳиссаломдан «қийнаб ўлдиришдан сақланинглар, агарда қутурган ит бўлса ҳам» деганларини эшитганман», дедилар. Алининг ҳузурларига Жунд ибни Абдуллоҳ кириб «Эй амирал мўъминин, агар сиз бизни йўқотаёттан бўлсангиз ҳам биз сизни йўқотмасмиз, ўғлингиз Ҳасанга байъат қиламиз», дедилар. Ҳазрати Али унга қараб: «мен тавсия ҳам қилмайман, маън ҳам этмайман, ўзларингиз ўйлаб кўрасиз», деб жавоб берадилар. Кейин Ҳасан билан Ҳусайнни чақирадилар: Уларга қараб: «Эй азиз фарзандларим, мен сизларга Оллоҳдан тақво қилишга тавсия этаман. Дунёга алданиб қолманглар. Йўқотган нарсаларинг учун дард чекиб йиғламанглар. Доимо ҳақни гапиришга одат этинглар. Бечораларга раҳм-шафқат қилинглар. Бечораларга ёрдам беринглар, охират ҳаракатида бўлинглар. Золимга душман, мазлумга эса ёрдамчи бўлинглар. Оллоҳнинг китобида буюрилган нарсалар билан амал қилинглар. Сизларни маломатчилар маломати Оллоҳ ҳақида рост сўзлашдан тўхтатиб қўймасун», дедилар.
Кейин Муҳаммад ибни Ханафийга қараб: «менинг акаларингизга қилаётган васиятларимни сиз ҳам эсингизда сақлаб турасизми?», дедилар. У киши «ҳа» деб жавоб бердилар. Ҳазрати Али у кишига қараб: «мен сизга акаларингизга қилганим каби васият қиламан. Яна акаларингизни ҳурмат қилинг, уларнинг ишларини ўзингизга ўрнак этинг ҳамда уларнинг маслаҳатисиз ўзингизча бирор иш қилманг, деб васият этаман», дедилар. Кейин яна Ҳасан ва Ҳусайнга қараб: «Сизлар укангизни эҳтиёт қилинглар, уни отангиз яхши кўришини эсдан чиқарманглар», дедилар. Яна имом Ҳасанга боқиб: «Эй ўғилчам, Оллоҳдан қўрқинг, деб; намозни ўз вақтида адо этинг, деб; тахоратни чиройли-чиройли қилиб камолига етказиб қилинг, деб; зеро, намоз тахоратда бўлади, закотни ўз маҳалида беринг, деб васият қиламан. Яна сизга бировларнинг гуноҳини кечиринг, деб аччиғингизни ютинг, сийлайи-раҳм қилинг, жоҳилларни ҳилим ила қарши олинг, динни яхши ўрганинг — ҳар бир ишда барқарор туринг, деб; Қуръонга ҳамкор бўлинг, деб; қўшнилар билан хушмуомалада яшанг, деб; яхши ишларни қилишга одамларни буюринг, деб; ёмон ножўяликлардан тийилинг, деб; ярамас кирдикорлардан сақланинг, деб тавсия этаман», дедилар.
Шундан кейин то жонлари жасадларидан чиққунга қадар Оллоҳнинг зикрида бўлиб турдилар. Вафот бўлганларидан кейин у жанобни ўғиллари имом Ҳасан ва Ҳусайн ҳамда амакиваччалари Абдуллоҳ ибн Жаъфар ювдилар, кейин кафанладилар. Ҳа.
Ҳазрати Али (р. а.) халифалик мансабида тўрт йилу етти ой давомида турдилар. Уз зотнинг халифалик кунлари Оллоҳ таоло ва таборак Ислом миллатига турли ихтилоф ҳамда қийинчиликлар ила синашни ихтиёр этган даврига тўғри келди. Бутун халифалик даврлари ўзаро ички келишмовчилинларни бартараф этишликка ҳаракати билан ўтиб кетди. Бу даврда бирон бир муҳим воқеа рўй бергани йўқ.
Ҳазрати Али шаҳидлик жомини ичгач Қуфа аҳли катта ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилдилар. Имом Ҳасанга биринчи бўлиб байъат этган киши Ҳайс ибни Саъд ибни Убода бўлдилар. У киши имом Ҳасанга қараб: «Қўлингизни узатинг, мен сизни Оллоҳнинг китобига ва Расулининг суннатига биноан ҳамда маҳаллийларга қарши жанг қилишликга байъат этаман» дедилар. Унинг бу гапига қарши имом Ҳасан «Оллоҳнинг китобига ҳамда унинг Расулининг суннатига биноан байъат беришликни» ўзи кифоя бўлади. Зеро, ҳар иккиси қолган ҳамма шартларни ўз ичига олгандир», дедилар. Кейин қолган одамлар ҳам мана шу шартга биноан имом Ҳасанга байъат қилдилар.


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев