3-қисм.
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Хазонрезги
(Гулбаҳор Рахматуллаева)
- Боравер Абу . Қизни у ерга жойлаб тўғри иш қилибсан.
Йй Абу Бакр "Яхши" деганча қўлидаги егуликларни олиб Жаннатнинг ёнига йўл олди.
Саид Исмоил Абу Бакрнинг ортидан меҳр билан термулиб қолди.
- Яхшиям сен борсан бахтимга... Йўқса бу синовли дунёда кимга суянар эдим ,- ўйлади у ,- аслида Аллоҳ бир инсонга бир дард берса , давоси ўша дарднинг ичида яширин бўлар экан. Абу Бакр бу дунёда менинг дардларимга даво қилиб юборилган азиз дўстим ..."
Саид Исмоилнинг хаёли узоқ ўтмиш томон улоқиб олиб кетди.
▪️▪️▪️
"Йўқ бу аҳволга ортиқ чидаб бўлмайди ,- алам билан ўйланди Афзал ,- мен Фирдавсани топмасам бўлмайди , кўрмасам бўлмайди ! Ортиқ бу айрилиққа чидаш бера олмайман. Энди ҳам ота- онам йўлимни тўсиб кўришсин-чи ? Етар ?! Бир марта улар ҳаётимни ҳал қилиб кўришди . Кўнглимга қулоқ тутишмади. Илтижоларимга парво қилишмади. Ота- оналик ҳақларини даво қилиб Фирдавсадан воз кечишимни қатъий талаб қилиб туриб олишди"...
Дадаси "Энг яқин дўстимнинг қизи" деб Афзални уйланишга мажбур қилган қиз Сабина уч ойга қолмай бор "ҳунарини" кўрсатди, аёл киши бўла туриб барига нуқта қўя олди . Унинг дастидан дадаси дўсти билан бир умрга юз кўрмас бўлди . Қариндош - уруғлар орасида давраларнинг тўрини ҳеч кимга бийлатмаган ойиси эса юртнинг кўзига кўринишдан истиҳола қилиб уйига "кўмилиб" олди.
Афзалга эса ҳамон аввалгидек барибир эди . Сабина билан илк учраштирганларида кўнгли қанчалар бўм- бўш бўлса , у билан уч ой эр- у хотин бўлиб яшаб ҳам бу ҳувиллаган бўшлиқ зарра қадар тўлгани йўқ эди.
Йўқ. Кези келса Афзал Сабинани айбламайди ҳам . У ҳам Афзал каби вазият қурбони бўлганди. Қизнинг ҳам дод- у қаршиликларига қарамай , кўнгли тиламаса- да , йигитга турмушга чиқишга мажбур қилишган экан.
Ҳа ... Ҳамма ҳам суймаган ошини ичиб кетишга кўнавермас экан. Агар Афзал Сабинага озроқ меҳр берганида , унга бир инсон , аёлга қарагандек ҳурмат билан муносабатда бўлганида балки қиз ҳам тақдирга тан берган, кўникиб кетган бўлармиди?
Афсус- ки Афзал ҳиссиз, ҳиссиётсиз эр эди.
Дарди йўқ эшак , ишқи йўқ кесак .
Афзал ўз жуфти -ҳалолидан бир оғиз ширин сўзни аяган ўша ҳиссиз кесак эди . Ўйлабди- ки "Аёл киши ҳар нарсага чидайди. Турмушга чиқдими , демак барча ҳақ-ҳуқуқлари кесилади" деб. "Чидаса яшасин , чидамаса катта кўча" дебди яна. Бу вазиятда ўзини камситилган деб билибди. Шу сабаб бор аламларини ўзи каби жабрдийда бўлган аёлдан олибди.
Аммо билмабди-ки , сабр солинган косанинг ҳам чегараси бўлар экан. Сабр ўша чегарадан ўтса, лим тўлса - тошиб кетаркан. Айнан ана шунинг учун ҳам уч ойлик келинчак Сабина кунларнинг бирида туш вақти уйдан чиқиб кетди-ю, бир хафтагача изи топилмади.
Дастлаб уни "Отасиникига аразлаб кетган" деб ўйлашганди .
"Ўзи кетар ёр- ёр, ўзи келар ёр- ёр,- деди Афзалнинг дадаси ,- изидан ялиниб бормайсан. Музроб минг дўстим бўлгани билан энди қудам ҳам. Қиз берган тараф бир поғона пастлигини яхшилаб тушуниб олсин. Ўзи остонамга бош уриб келмагунча ялиниб бориш йўқ" .
Учинчи куни қайнота бўлмиш Музроб аканинг ўзи кириб келди. Унинг очиқ чеҳрасини кўриб бу хонадондагилар ҳайрон қолишганди.
- Кеча онаси билан Самарқандга боргандик. ,- деди қайнота салом - аликдан сўнг қўлидагиларни узата туриб,- қайтишда у ернинг машҳур нон- у, патир , ҳолвасидан олдик. Шу нарсалар сизсиз томоғимиздан ўтмади. Сабина ҳам Самарқанд ҳолвасини яхши кўрарди. Айтганча унинг ўзи қаерда ? Келганимни ҳали билмади шекилли ?!
... Орадан бир соат ўтмай уйда тўс- тўпалон бошланди .
- Мен қизимни сизларга бус-бутун топширганман. Ортиқ ҳеч нарсани билмайман. Боламни соғ- омон топмасангизлар бутун хонумонингизга ўт қўяман! Ўт!
Айтишларича мол аччиғи жон аччиғи экан , аммо фарзанд доғи...
Жанжални каттасини ўша Музроб ака деганлари қилди.
Сабина Афзалга турмушга чиқишга қарши бўлгани , аммо отаси уни мажбурлагани ўша куни маълум бўлди . Қайнотаси кўксини муштлашганча ҳирқи овозда бу нарсаларни ўзи тан олди.
"Илойим қизим тирик топилсин, менга бошқа ҳеч нарса керакмас..."
Сабинанинг йўқолганига бир хафта тўлганда уни қўшни вилоятдаги бирга ўқиган дугонасининг уйидан топиб келишди .
Шу бўйи у келинлик хонадонига қайтмади...
Ўша воқеаларга ҳам беш ойча вақт бўлиб қолибди. Куни кеча эса ойиси унга қайта уйланиш ҳақида сўз очди . Айтишларича бу сафар аммаси бир яхши хонадоннинг қизини дараклаган эмиш.
- Афзал , болам ... Бизни десанг ...
- Ўтган сафар ҳам сизларни деган эдим, ойи. Фирдавсани эмас... Ростини айтсам шунга мажбур қилгандингиз мени . Дадам иккингиз лоақал бир бора "Шу қиз ўғлимнинг кўнглидан бекорга жой олмагандир" деб ўйлаб кўрмадингиз?! "Сабинага уйлангим йўқ" деганимда эса барини Фирдавсадан кўриб, аммам иккингиз унинг уйига бориб онасини камситганингизни , шаънини ер билан битта қилганингиздан хабардорман.
Мен буни анча кейин билдим. Фирдавса ҳаётимдан бутунлай чиқиб кетганидан сўнг,- деди Афзал юзлари бўғриққанча . Унга бу ҳусусда гапириш жуда малол келаётгани бўртиб чиқиб , лўқ- лўқ ураётган чакка томирларидан ҳам сезилиб турар эди.
- Ўғлим, - деди Ойиси ,- ишон биз барига чин юракдан пушаймонмиз. Беайб ёлғиз парвардигорнинг ўзи . Мен ҳам хато қилганимни кеч бўлса-да тушуниб етдим. "Эгилган бошни қилич кесмас" дея ўша аёлдан кечирим сўрамоқчи бўлиб уйига бордим. Аммо энди у манзилда бошқа биров яшаётган экан. Мен излаган одамлар аллақачон кўчиб кетишибди . Қанча қидирмай изларини топа олмадим. Агарда топсам эди... Ялинардим , ёлворардим , ўша қизни сенга турмушга чиқишга кўндирмагунча тинмас эдим .
Афзал кўнглидан "Эндими, шунча ҳақорат қилганингиздан кейин- а ?" деган ўйларни кечирди-ю, аммо тилига чиқармади.
Нима бўлган тақдирда ҳам қаршисида онаси турибди , унга қарши гапириш , дил оғритиш кечириб бўлмас гуноҳ ахир...
Афзалга Ойиси билан аммаси Фирдавсанинг уйига бориб нималар деганини синфдоши Озода сўзлаб берган эди.
Афзал , Фирдавса , Озода бир мактабда , бир синфда ўқишган эди. Тўғрироғи Фирдавса уларнинг синфига саккизинчи синфда келиб қўшилган эди. Ўшанда Фирдавсанинг отаси кутилмаган фалокатга учраб оламдан ўтганидан сўнг унинг бобоси Тиркаш ота "Ўғлимдан қолган ёдгорларим" дея келини Зиёда ва набираларини уларнинг ота юрти Жиззахга кўчиртириб келган эди.
Фирдавсанинг онаси Зиёда Тошкентлик , отаси Жамол эса Жиззахнинг ўзидан эди. Икки ёш шаҳри азимда бирга таҳсил олишган , кўнгиллари кўнгилларига тушиб қолгач , ҳар иккисининг оила аъзолари уларнинг турмуш қуришларига қаршилик қилишмаган эди.
Афзал Фирдавсани бир бора кўрди-ю , ақл ҳушини йўқотди . Ўзининг юрагида жўш урган бу тўфоннинг номи муҳаббат эканлигини Афзал анча вақт ўтиб тушунган, тўғрироғи тан олган эди.
Унгача қанча сувлар оқиб кетди . Ёмғирлар ёғди , қорга айланди . Вақти келиб улар ҳам тинди. Табиат ўз ишини қилди . Борлиқ Яратганнинг измида ўзлигига ҳилоф иш қилмай мавжудлигида давом этди.
Ёшлар мактабни битирганларида ҳам кўз қарашлари алланималарни сир бой берган бўлса-да , аммо ўша кезгача изҳори дил қилинмаган эди.
Сўнгги битирув имтиҳонлари тугагач аввал Фирдавса Тошкентга йўл олди :
- Айтишларича доришунос бўлармиш ...
Унинг ортидан Афзал ...
Афзалга ким бўлишнинг фарқи йўқ эди. Унинг учун муҳими Фирдавсанинг ёнида бўлса бўлгани эди.
У Фирдавсани қайтиб ҳеч қачон кўрмади. Олийгоҳга бориб суриштирганда қизнинг бир хафта аввал ариза ёзиб академик таътил олиб кетганлигини айтишди.
Қизнинг дугоналари эса Фирдавсанинг онаси билан бирга чет элга ишлагани чиқиб кетганидан бошқа янгиликни эшитмаганликларини таъкидлашар эди холос. Бошқа қидирувлар фойда бермади. Фирдавса ва унинг оила аъзолари қумга сингиб кетган томчидек дом- дараксиз кетишди .
Шунга қарамай Афзал Фирдавсани анча қидирди , бу ишлардан бирор наф чиқмагач , тақдирга тан берган ҳолда ота- она розилигини қозониш бир тараф бўлиб Сабинага уйланишга кўнди.
Бироқ... Ҳамиша ҳам ақл кўнган нарсага юрак бўйсунавермас экан. Афзал ўзининг қайсар юрагини Фирдавсасизликка кўндира олмади. Алал- оқибат Сабина билан турмушлари бузилди.
Сабина билан ажралишганига кўп бўлмай у синфдоши Озодани учратиб қолди. Азалдан шартаки табиат бўлган Озода эса Афзалга юзингда кўзинг борми деб ўтирмай бор ҳақиқатни шартта - шартта айтиб ташлади :
- Фирдавса ўз- ўзидан ҳаётингдан чиқиб кетган деб ўйлайсанми ? Бекорларни бештасини ебсан, майлими ?! Мендан хафа бўлсанг ҳам рости айтаман: Фирдавсани бунга ойинг мажбур қилганлар! Айнан улар ёнларига аммангни қўшиб олиб бориб Фирдавсани ойисига айтмаган гаплари қолмаган . Аёл шўрликни "Келгинди" деб ҳақоратлаганлари камлик қилгандек, "Ўзингга ўхшаган мегажин қизингни йиғиштириб ол! Мен қизинг ҳам сенга тортиб ёлғиз ўғлимни бошини еб юборишига қараб туролмайман. Қўлимдан келганини қиламан! Агар "Қизимга бир кор- ҳол бўлмасин" десанг ҳаётимиздан изсиз кетасизлар...
Мен Сенларга "Тенг тенги билан , тезак қопи билан" деган оддий мақолни эслатиб қўймоқчи эмасман. Фақат эрим вилоятда донғи чиққан инсон эканлигини , қўли остида минглаб ишчилар ишлашини таъкидлаб ўтмоқчиман . Шундай инсон "Қуданг қани ?" дейишса , эри йўқ тул хотинни кўрсатадими?
Ўша бу ерда писиб юриб , Тошкентга бориб кўзларини аланг-жаланг ўйнатиб сузиб юрадиган қизингга айт! Биз, яъни мен ва дадаси Афзалга икки дунёда ҳам қизингни олиб бермаймиз. Биз ўзимизга мос инсонлар билан қуда бўламиз. Сизлар эса кўрпангизга қараб оёқ узатишни ўрганинглар!
Хуллас , шунақа гаплар...- ҳикоясини якунлади Озода , - бу гапларни сенга айтмоқчи эмас эдим. Аммо билдим- ки , турмушинг бўлмабди. Мабодо ҳаётингни бошидан бошламоқчи бўлсанг, Фирдавсани ахтариб топ ва...
- Қизиқсан- а , Озода,- чуқур тин олди Афзал,- Фирдавса онаси билан чет элга чиқиб кетган бўлса. Мен унинг хатто қайси давлатга кетганидан ҳам хабарим йўқ. Бошида уни кўп изладим . Энди эса Фирдавсани ҳаётимда қайта учратиш мен учун энди осмондаги бир гап...
- Фирдавса шу ерда ,- деди Озода Афзални ҳайратга солганча ,- у умуман ҳеч қаерга кетмаган . Фақат яшаш манзилини ўзгартирган холос. Аммо минг афсус- ки ,унинг янги манзилини мен ҳам билмайман.
Билганим эса шу давр ичида унинг бошига жуда кўп савдолар тушган.
- Сен буларни қаердан биласан ? - ҳовлиқиб сўради Афзал ,- ҳа билдим. Унинг янги телефон рақами сенда бор. Тўғрими ? Илтимос шу рақамни менга ҳам берсанг .
Озода маъюс хўрсинди :
- Ҳамма гап шунда- да . Фирдавса менга бегона рақамдан қўнғироқ қилди. Агар шу нарса сенга таскин берса айтаман: Фирдавса турмушинг бузилганидан хабардор . Бошқа ҳеч нарсани билмайман...
Афзал Озодани учратганидан буён фикри- ёди Фирдавсани излаб топишда бўлиб қолган эди.
Ойиси билан бўлиб ўтган бугунги суҳбати барига узил- кесил нуқта қўйди:
- Афзал Фирдавсани албатта излаб топади !
▪️▪️▪️
Фирдавса Жаннат исми билан Саид Исмоилнинг дала ҳовлисига кириб борди. Қизнинг Гавҳархондан олган асосий топшириғи эса ўзининг бутун маҳорати билан эркак кўнглини ишғол қилиши ва шу орқали уни таназзулга учратиш эди...
...
- Сизни ҳам кўп овора қилиб қўйдим,- деди самимий оҳангда Фирдавса ,-танишганимизга кўп бўлмай мени анча қарздор қилиб қўйдингиз. Бу яхшилигингиз мендан қайтмаса Аллоҳдан қайтсин.
- Ҳижолат бўлманг ,- деди Абу Бакр патнисда олиб кирган егуликларни стол устига жойлар экан , - ҳаммамиз ҳам бу ўткинчи дунёнинг меҳмонларимиз . Мақомимиз бир. Йўлимиз бир . Шундай экан бир - биримизнинг коримизга яраш ҳам бир бахт .
Илтимос , кўнглим тиламаяпти деб таомни рад қилманг. Иштаҳа овқатланиш вақтида келишини ҳам унутманг. Бўш қоп тик турмайди ахир.
- Бу ердан шаҳарга тўғридан тўғри борадиган бирорта транспорт юрадими ? - сўради Фирдавса тўсатдан гап мавзусини бошқа ўзанга буриб,- узр мен бу ерга машинада келган эдим ,- боши эгилди қизнинг,- шунга эртага эрталаб уйга қандай қайтиш ташвишини қилаётган эдим.
- Буни ташвишини чекмай қўяқолинг ,- қизни ҳотиржам қилишга уринди Абу Бакр,- сизни катта йўлга ўзимиз кузатиб қўямиз. Ҳозирча эса овқатланиб , дамингизни олинг.
Стол устида оғриқни қолдирадиган дорини ҳам қолдираяпман. Овқатлангандан сўнг ичиб оларсиз.
Менда бирор бошқа юмушингиз бўлмаса борақолай
- Раҳмат ака ,- деди Фирдавса чин юракдан ,- кам бўлманг. Очиғи сизларга ташвиш орттирганимдан ҳижолатдаман, бунинг учун мени маъзур тутсангиз. Дўстингизга узримни етказиб қўйсангиз. Аслида бундай бўлишини истамаган эдим.
- Нима бўлса бари тақдирдан ,- қизни юпатган бўлди Абу Бакр, - Аллоҳ пешонамизга ёзганидан ортиғи бўлмайди . Майли бўлар иш бўлди . Муҳими сиз соғ ва саломатсиз. Қолганлари бир гап бўлар.
Ҳозирга эса ёқимли иштаҳа.
Абу Бакр Фирдавсани ёлғиз қолдиргач , қиз узоқ ўйланиб ўтирмай ўтирган ўрнидан қўлтиқтаёққа таяниб аста турди ва егулик қолдирилган столга яқинлашди. У ўзини кузатув камераси орқали кузатишлари эҳтимоли жуда юқори эканлигини таҳмин қилган ҳолда ҳаракат қиларди. Аслини олганда қизнинг бутун аъзои бадани ҳақиқатдан ҳам зир -зир қақшаб оғрир , жонига азоб берар эди.
Фирдавса мўъжазгина термос чойнакка дамланган чойдан пиёлага қуйиб , иссиқ ҳолида хўплаб ича бошлади . Сал аввал ичган қаҳваси танасига анча қувват бағишлаган бўлсада , назарида бу чой бор чарчоқларини қувиб солгандек туюлди ўзига.
Фирдавса кўнгли тилар- тиламас таомга қўл узатди. Қозон кабоб эса жуда мазали эди. Қиз энди ўзини кузатишлари ҳақидаги фикрларни хаёлидан чиқариб овқатлана бошлади . Абу Бакр рост гапирган экан : иштаҳа таомланиш жараёнида очила бошлади . Фирдавса азалдан чим томоқ эди, бироқ бу сафар одатига ҳилоф равишда тўйиб овқатланди. Гавҳархон билан бўлиб ўтган уч кун аввалги суҳбатдан буён қизнинг тузук- қуруқ иштаҳаси бўлмаган , айниқса бугун бутун фикри - хаёли Саид Исмоилнинг хонадони ва шу орқали унинг ҳаётига кириб олишда бўлганлиги сабаб туз тотиш кўнглига ҳам сиғмаган эди.
Фирдавса таомлана туриб кабинетни кўздан кечиришда давом этди. Қизнинг тахминича бу хона Саид Исмоилнинг асосий ижодхонаси эмас эди . Ҳақиқий ижод эгаси ўз ижодхонасини бегона кўзлардан , баъзи ҳолларда эса яқинларидан ҳам қизғаниши турган гап эди.
"Бу ер дала ҳовли бўлса , - ўйланди Фирдавса , - инсон ишлагани эмас , балки дам олишга келади . Аммо илҳом парилари баъзи ҳолларда шаҳардамисан ёки шаҳардан ташқаридами дея сўраб ўтирмай вақти бемаҳал эшик тақиллатиб келаверади .
Овқатланиб бўлган Фирдавсанинг эътиборини хона бурчагида жойлашган иш столи устида бетартиб ёйилиб турган қоғозлар тортди.
Фирдавсанинг қизиқувчанлиги устун келди . У қўлини нам сочиққа яхшилаб артганча қўлтиқтаёққа суяниб стол ёнига борди. У тўрдаги креслога жойлашиб ўтирди ва у ердаги қоғозларни бирма бир олганча кўздан кечира бошлади.
Бу чизмаларда аёллар тақишига мўъжалланган турли хил тақинчоқлар тасвирланган бўлиб улар бир кўришда оддий кўрингани билан , шу оддийлик замирида ажиб бир улуғворлик барқ уриб турар эди.
Фирдавсанинг диққатини чизмалар орасидаги бир - тугалланмагани тортди.
Гарчи қиз ортиқча зеб- зийнат, ҳашаматларга ўч бўлмаса-да , кўнгли гўзалликка ошуфта бўлиб улғайган эди.
Фирдавса чизмадаги тўқ яшил малаҳит тошлар билан безатилган аёллар кольесига ўйланганча бироз тикилиб турди- да , кўп ўтмай стол четида турган оппоқ қоғозлардан бирини олиб нафис ҳаракатлар билан эскиз чизишга тутинди .
Қора қаламда чизилган эскиз бир соатларда тайёр бўлди . Фирдавса ҳеч бир элементни назардан қочирмасликка ҳаракат қилган эди. У эскизни кўзига бир яқинлаштириб , бир узоқлаштириб алланималарни чамалаган бўлди-ю , сўнгра уни бўяшга киришди .
Сурат тайёр бўлганда Фирдавсанинг танасини чарчоқ забтига олган , аммо руҳи анча тетик эди. У ўзи чизган чизмага кўнгли тўлиб- тўлмай узоқ тикилди. Фирдавса чизган кольенинг асосий қисмидаги япроқ шаклидаги қўшбарг марказдаги донадор тошдан узалиб аёл жисмини қучишга шайланган каби тассурот қолдирар эди. Қизнинг режаси бўйича яшил тош - курраи замин , оппоқ қиррадор кўзчалар билан безак берилган қўш япроқ - ҳаёт тимсоли бўлиб , буларнинг бари аёл танаси билан бир бутунликда яҳлит бир маъно- тирикликни англатишни кўзда тутган эди.
У чизмасини бир четга қўйди-ю , иш столи устини ўзи келган вақтдагидек тартибсиз ҳолатда қолдириб аввалги овқатланган жойига қайтди. Бу ерни эса чиройли қилиб йиғиштирди , ортган егуликларни патнисга қайта жойлаб устини ёпди. Сўнгра Абу Бакр ташлаб кетган оғриқсизлантирувчи дорини ичиб олгач оқсоқланганча наридаги ўриндиққа бориб чўзилди...
▪️▪️▪️
- Саид , нимадандир безовтасан шекилли ? Кўнглингни ёрсанг- чи , дўстим ? -Абу Бакр Саид Исмоилнинг ўйчан чеҳрасига қараб нима ҳақда тусмол қилишни билмай юраги сиқилди ,- агар юрагингда ҳали ҳам анави қиз Жаннат ҳақида ғашлигинг бўлса , ҳотиржам бўл. У эрталаб кетишни режа қилиб ўтирибди.
- Абу ҳозир бир нима десам дарров жириллайсан. Индамай ўтирсам "Нега , нима бўлди ?" деб ҳоли жонимга қўймайсан . Ҳеч нарсадан безовта бўлганим йўғ- у, аммо шу қиз билан жуда юлдузинг- юлдузингга тўғри келди-да сенинг ? Бир қаҳва тутасан , бир овқат. Ҳатто эртанги кун режаларидан ҳам аллақачон хабардор бўлиб олганингни қара !?
- Бу нима деганинг , ўрто... Мен шунчаки одамгарчилик қоидаларига риоя қилаяпман холос. Аслини олганда уйнинг Хўжайини сифати бу ишлар сенинг вазифангга кирар эди. Мен ҳам, эслатганим учун узрку-я , аммо билсанг меҳмонман бу ерда.
- Ана айтмабмидим бир нарса десам дарров жириллашга тушасан деб ?! Аммо меҳмонман деган гапни чакки гапирдинг.
Сен мени нафақат қиёматли дўстим , балки жон- жигаримсан.
Абу ...- деди Саид Исмоил дўстига меҳр билан тикилганча ,- ўшанда ўн уч яшар болалик вақтимда Раҳматжон дадам мени ҳам ўғил қилиб асраб олмаганларида ҳозир сен қайда- ю , мен қаерда бўлар эдим-?! Қара ўша воқеаларга ҳам йигирма тўрт йил бўлибди. Менинг эса бари кечагидек ёдимда ...
- Дадам раҳматлик ўша кезлари "Бир ўғлим иккита бўлди" деб қайта - қайта такрорлашни яхши кўрар эдилар.
Мен эса ... Ростини айтсам сен уйимизга келганингга бир суюнсам , дадамларни сендан қизғаниб бир куйинардим .
давоми_бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8