Метеорит зарбидан Челябинск областида қарийб 300 та бинога шикаст етган. Уларнинг аксариятида ойналар синган. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ФВВга шу заҳоти азият чекканларга ёрдам беришга топшириқ берган.
Воқеага Тюмен, Курганск, Свердловск областлари, шунингдек шимолий Қозоғистон ахолиси гувоҳ бўлди. Лекин катта зиён асосан, Челябинск областида кузатилди.
Воқеа жойига Россия ФВВнинг 20 минг ходими юборилди, ҳарбийлар махсус объектларни кучли назорат остига олди, Челябинск областида барча таълим муассасалари ёпиб қўйилди. Жума куни барча оммавий тадбирлар бекор қилинган.
Екатеринбург обсерваториясининг маълумотларига кўра, Москва вақти билан соат 07.23да Челябинск худуди узра чарақлаган метеорит ёмғири ўтган. Одамлар осмонда ёрқин учқунни ва унинг ортидан оқ "думини" кўришган.
"Шаҳар аҳолиси осмонда жудаям ёруғ бир нарса учиб ўтганига гувоҳ бўлди. Бу шунчаки чироққа ўхшаган нарса эмасди, аксинча қўрқинчли даражадаги ёруғ эди", дейди гувоҳлардан бири.
Россия ФВВ ахборот бошқармаси бошлиғи ўринбосари Елена Смирнихнинг сўзларига кўра, бу битта метеорит бўлган. - У Ерга яқинлашганда ёниб, бўлиниб кетган, дейди у.
Метеорит ҳақида расмий маълумот берилгунга қадар, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари интернетга мобил телефонлар орқали метеоритнинг қулаши тасвирга туширилган фото ва видеоларни жойлаштиришган. Машина салонидан олинган суратлардан бирида метеоритнинг учиб ўтаётгани ва ўзидан из қолдираётгани аниқ кўринган.
Маҳаллий ҳукумат табиат ҳодисасидан жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилган. Бироқ аксрият аҳоли, дўконлардан пленка ва ойналар сотиб олишни бошлаган. Харидор кўплигидан шу турдаги маҳсулотларнинг ҳаммаси сотиб бўлинган. Лекин шунга қарамай, сотувчилар пайтдан фойдаланиб нархларни оширишмаган.
Олимларнинг таъкидлашича, ушбу метероитнинг бугун соат 00:25да Ерга яқинлашадиган 45 метрли 2012 DA14 астероидига умуман алоқаси йўқ