Ўзбекистон минтақада энг кучли ҳарбий давлат бўлиб қолмоқда
Global Firepower (GFP) мутахассислари тайёрлаган дунёдаги энг кучли армияларнинг янги рейтингида Қозоғистон 53-ўринни, Туркманистон 86, Тожикистон 112, Қирғизистон 110, Ўзбекистон эса 48-ўринларни эгаллади. Ҳозирги рейтингдан дунёдаги 126 давлат жой олган.
Унда айтилишича, Тожикистон армиясининг 37 танки, 46 зирхли автомобили, 10 та шатакка олинувчи артиллерия қуроли, 3 та залп билан ўт очиш реактив системаси бор. Қирғизистон армиясининг 150 танки, 438 зирхли автомобили, 159 та артиллерия қуроли, 21 та залп билан ўт очиш реактив системаси бор. Ўзбекистон армияси 420 та танк, 715 та зирхли автомобил, 880 та артиллерия қуроллари, 109 та залп билан ўт очиш реактив системасига эга.
Ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Тошкент минтақада лидерлик ўрнига даъвогарлик қилади ва Тожикистон, Қирғизистон ҳарбий кучларини осонлик билан тор-мор қила олади. Лекин шунга қарамай, бу давлатларнинг ҳаммаси ўз ҳомийларига тобеъ, чунки бу давлатларнинг бирортаси хам қурол-яроғ ишлаб чиқармайди.
Россия, Германия, АҚШ каби катта давлатлар бизнинг раҳбарларимизни қурол-яроғ билан таъминлаб туради. Бундан кўринади-ки, агар бизнинг давлатларимиз кучли давлат бўлишни истасалар, ҳарбий саноатни ривожлантиришга эътиборни қаратиб, уни асосий муаммо деб қарашлари лозим бўлади. Яна бунга қўшимча равишда, улар қурол-яроғ етказиб бераётган ана шу давлатлар билан ўз алоқаларини сиёсий жихатдан тушуниб олишлари зарур бўлади. Кўпчиликка тушунарли бўлган ҳолат шуки, Россия, Германия ва АҚШ бизнинг давлатларимизга қурол-яроғ етказиб берар экан, демак бундан улар фақат ўз манфаатларини кўзда тутишади ва бу минтақада ўзларининг сиёсий ҳийла-найрангларини амалга оширишга замин тайёрлашади.