Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Қимирлаган жонга наф берар улар
Очлик чанқоқликни даф қилар улар
Нафас олган бутун тирик жони бор,
Деҳқондан бўлмоғи керак миннатдор!
(Юсуф Хос Хожиб)
Юсуф Хос Хожиб ниҳоятда илмли, фаросатли, доно ва ўта диндор инсон бўлганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Буни юқоридаги тўрт қаторлик жуда кенг маънони ўз ичига олган шеърий мисралардан ҳам билиб олсак бўлади:
«Қимирлаган жонга наф берар улар»
Яъни деҳқон ва боғбонларнинг қиладиган ишлари қимирлаган барча жонзотларга наф беради. Хоҳ улар қурт-қумурсқа бўлсин, паррандаю дарранда бўлсин, хоҳ ер устидаю остида, хоҳ сув остида, ёйинки барча махлуқотлар ва мавжудотларнинг энг афзали бўлган инсонлар бўлсин, фарқи йўқ! Ҳамма-ҳаммаси шу боғбонларимизнинг қилган меҳнатлари самарасидан фойдаланадилар. Ҳеч бир инсон «мен мутлақо деҳқонлару боғбонларнинг қилаётган меҳнатлари самарасидан ҳеч қандай фойда кўрмайман» дея олмайди.
«Очлик чанқоқликни даф қилар улар»
Мева ва сабзавотлар биринчи ўринда очлик, ундан кейин эса чанқоқликни даф қилади. Аслини олганда чанқоқбости ичимликларни деярли барчаси мевалардан олиниши ҳеч кимга сир бўлмаганидек, асл манбаси мевалардан олинмайдиган ичимликларнинг кони зарар экани ҳам ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Шунинг учун ҳам табиий мевалар ва сабзавотлардан олинган салқин ичимликлар айни шифо бўлиб, дардимизга малҳам ва чанқоғимизни қондирадиган фойдали ичимликлардир.
Нафас олган бутун тирик жони бор,
Деҳқондан бўлмоғи керак миннатдор!
Нафас оладиган барча тирик жониворлар албатта деҳқонлардан миннатдор бўлмоғи керак экан. Бу ерда деҳқондан миннатдор бўлишлик деганда аслида, меҳнатни қилиб сабабларни амалга ошираётган деҳқонга ташаккур айтиб, ундан миннатдор бўлишлик билан биргаликда, ҳақиқий ундириб, ҳосилга киритиб, мўл-кўл қилиб бергувчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таълодан ҳам албатта миннатдор бўлишлик керак.
Юсуф Хос Хожиб раҳматуллоҳи алайҳ бу мисраларни ўзларича ёзмадилар, балки ҳадиси шарифлару ояти карималардан илҳомланган ҳолда, ўзига хос услуб билан ифода этганлар холос.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинади: «Қай бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонивор еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади», дедилар.
(Бухорий ва Муслим ривояти)
Кўриниб турибдики, мана шу ҳадиси шарифда ҳам «нафас олган бутун тирик жони бор, деҳқондан бўлмоғи керак миннатдор» деган маънони англатадиган гаплар бор. Яъни деҳқоннинг меҳнатидан барча ўрмалаган жонзотлар ҳамма-ҳаммаси фойдаланади. Модомики фойдаланар экан, деҳқонга, боғбонга садақадир, деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар. Демак боғбонлару деҳқонларимизнинг меҳнатлари самараси мева-чевалардан, сабзавот ва полиз экинларидан садақа қилишлик баробарида, уларни қушлар ёки қумурсқалар еб кетганини ўзида ҳам садақа бор экан. Ўзлари билмаган ҳолатда шундай серсадақа инсонлар деҳқонларимиз ва боғбонларимиз ҳисобланар экан. Бундан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, агар деҳқонларимиз ҳалоллик ва поклик билан астойдил меҳнатни адо этадиган бўлишса, албатта уларнинг ҳар бир қимирлаган ҳаракатининг замирида ажр-савоб бўлиб, унинг самараси ўлароқ, албатта мукофоти жаннат бўлади иншаАллоҳ..
«Тўхтабой» жоме масжиди
имом хатиби Исҳоқ Муҳаммад.
Жума маърузаси асосида тайёрланди.
Манба:
http://ummat.uz/index.php/bosh-sahifa/maqolalar/item/474-bogdorchilikning-fazilati
#UmmatUz
Нет комментариев