(Ҳалол луқма – солиҳ фарзанд гарови)
Инсон яралиб, ер юзида яшар экан ҳамиша фарзандлари келажаги ҳақида қайғуради. Ҳар бир ота-она фарзандини баxтли-саодатли, ҳар томонлама етук бўлишини хоҳлайди. Бунинг учун унинг таьлим-тарбиясига, жисмонан баркамол бўлишига эьтибор беради, керак бўлса, жонини фидо қилади. Албатта фарзандни комил инсон бўлиб вояга етишида кўп хизмат ва машаққатлар бор. Лекин шундай жихат хам борки, айрим ота-оналар эътибордан четда қолдирадилар. Натижада, қилган меҳнатларию сарфлаган вақтлари чиппакка чиқади, беҳуда бўлади. Бунинг олдини олиш учун эса луқмани ҳалоллигига ҳам эътибор бериш керак. Халқимизда ҳам луқмада гап кўп, луқманга эьтибор бер деган сўзлар бор. Бундан кўпроқ истеьмол қилинадиган нарсалар тушунилади. Аждодларимиз ҳам қадим қадимдан луқма поклигига ниҳоятда эътибор беришган. Бировнинг молини ботил йўл билан ейишмаган. Шунинг учун ҳам барча соҳада дунё тараққиётига ҳисса қўшиб, тарихда ўчмас из қолдирган. Масалан имом Бухорий, Фаробий, Ибн Сино каби буюк зотлар айнан бизнинг юртимиздан кўплаб етишиб чиққан. Динимизда ҳам лукманинг халоллигига алоҳида аҳамият берилган.
Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
«Эй, одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир».«Бақара» сураси (168- ояти)
وَكُلُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ حَلَالًا طَيِّبًا وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي أَنْتُمْ بِهِ مُؤْمِنُونَ
Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз! «Моида» сураси (88-ояти)
Ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳис саломдан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбар алайҳис салом: «Аллоҳнинг Байтул мақдисдаги бир фариштаси ҳар кеча: «Ким ҳаром истеъмол қилган бўлса Аллоҳ уни ҳеч қандай сарф ва адлини қабул қилмайди»-деб нидо қилади»-деганлар. Бу ҳадисни шарҳлаган олимлар «сарф»ва «адл» дан мақсад, фарз ва нафл ибодатлари деган. Яна Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ Пайғамбар алайҳис саломдан: «Ким бир кийимни ўн дирҳамга кийим сотиб олсаю, биргина дирҳами ҳаромдан бўлса, ўша кийим билан намоз ўқиса, ўқиган намозини Аллоҳ қабул қилмайди»-деди. Бу баъзи емасанг бўлди деганларга далил ҳисобланади. Демак, ейдиган ва истеъмол қиладиган нарса ҳалолидан бўлишига ҳаракат қилиш, фарздан кейинги фарзлардан ҳисобланади.
Улуғ саҳобалардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга ибодат қилсаю ошқазонида ҳаромдан бўлган луқма бўлса, то тавба қилиб, Аллоҳ тавбасини қабул қилмагунча ибодатини қабул қилмайди»-деб айтган. Умар розияллоҳу анҳу эса: «Ҳаром аралашиб қолишдан қўрқиб, кўплаб ҳалол нарсаларни тарк этардик»-дер эди.
Абдуллоҳ ибн Муборак: «Мен учун шубҳадан келадиган бир дирҳамни олмаслигим, миллионлаб дирҳамларни эҳсон-садақа қилганимдан яхшироқ»-деб айтган.
Ибн Асбот: «Кишилардан бири ибодат қилаётганда, шайтон ёрдамчиларга: «Қарангларчи топаётган моли ва ейдиган нарсаси қаердан экан»-дер экан. Шунда истемол қилган нарсаси ҳаромдан бўлса, у: «Васваса қилмай қўяверийлар, фақат қийналгани қолади холос. Ўзи тамом бўпти экан. Қиган ибодати бефойда» – дер экан» - деб айтган.
Имом Бухорий, Ибн Можжа ва Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалллам: «Албатта шайтон инсоннинг қон томирида сузиб юради». –деб айтган. Ушбу ҳадисни баьзи олимлар ейилган ҳаром луқма назарда тутилган дейдилар. Ўз ўзидан маьлум бўладики, ҳаром нарса ҳаром ва ёмонликка чорлайди.
Имом Муҳаммад Заҳабий «Ал-кабоир»китобида Зайд ибн Арқамдан келтирган ривоятда: Абу Бакр розияллоҳу анҳу бир қули билан мукотаба қилгани учун келишилган у бу ейдиган нарсани олиб келарди. Ҳар кун егулик келтирса қайдан олдинг, қай йўл билан топдинг деб сўрардилар. Жавобни эшитгач, қабул қилсалар ерди, қабул қилмаса емасди. Кунларнинг бирида Абу Бакр розияллоҳу анҳу рўза тутиб, жуда ҳам оч қолганликлари саб ифтор вақтида хизматчисидан қайердан олиб келганини сўраш эсларидан чиқиб, таомни еб қўйдилар. Шунда эсларига тушиб, буни қаердан олиб келдинг деб сўради. У: «Жоҳилият даврида одамларни алдаб фолбинлик қилардим. Қилган фолбинликларимнинг бири амалга ошган экан. Миннатдорчилик сифатида берганди, шуни олиб келгандим. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Мени тириклайин ўлдирдинг»-деб қўлини оғзига солиб қайд қилишга ҳаракат қилди. Бу ишда қийналаётганини кўришиб сув ичсангиз яхши чиқиб кетади дейишди. Сув олиб келишгач ичиб, еган нарсасини барчасини қайд қилиб ташлади. Баъзилар бир парча луқма туфайли шунча ейилган таом ҳам чиқиб кетдия дейишдилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Агар чиқмаганда эди, керак бўлса жоним узилганча ҳаракат қилардим. Зеро Пайғамбар алайҳис саломнинг: «Ҳаромдан бир эт униб чиқишидан кўра дўзаҳ азоби яхшироқдир»-деганларини эшитганман. Жасадимга юқишидан қўрқдим, кимни жасадида ҳаром луқма сингган бўлса жаннатга кирмайди»- деди. Юқорида келган воқеъани айтгандан сўнг ҳақиқий деб сохта нарсани сотадиган, ноҳақ етим молини ейдиган, ёлғон гувоҳлик берувчи, омонатга хиёнатчи, порахўр, тарози ва ўлчовдан уриб қоладиган, товарни айбини яшириб сотадиганни, қиморбозни, фолбинни, башоратчини, фоҳишани, савдогар розилигисиз устама оладиган даллолни, ўзи фалонга олганман деб алдаб сотадиган савдогарни, одам савдоси билан шуғулланадиган шахсни ва бошқа шу каби ишларни, ишлаб топган пуллари ҳаром деб айтган. Бу билан фақат шулар экан деб ёмон ишларни ҳай-пўштлаш бизни алдаб қўймасин.
Эътибор берсак ҳаром луқма ейдиганган шахсга дўзаҳ азоби билан ваъид қилинмоқда. Энди нафақат ўзини, балки жамиятни луқмасини атайлаб бузадиганларни нечоғлик азоби қаттиқ бўлишини бир тасаввур қилинг.
Ҳаром луқма қалбни қорайишига олиб келади. Натижада инсонлар орасидаги меҳр-мурувват тушунчасга, Аллоҳдан тақво қилишга путур етказади. Ҳатто баъзи фиқҳ китобларида билмасдан ҳаром нарса еб қўйса ё ичиб қўйса нажосатлиги учун қайд қилсин дейилган.
Ислом тарихида ўтган бир воқеа қуйидагича мазмунда келтирилади. Бир куни уммавий ҳукмдорлардан ҳисобланган, бешинчи халифа дея аталадиган Умар ибн Абдулазизнинг фарзандларидан бири ўз отасидан бирор ширинлик олиб беришини сўради. У киши фарзандига ширинлик олиб келиш учун ташқарига чиқмоқчи бўлиб турганда аёли: «Қаёққа кетяпсиз?»- деб сўради. У киши: «Ширинлик олиб келгани»- деб жавоб бердилар. Шунда аёли: «Сиз ҳали маошингизни олмагансиз-ку?. Унутманг биз ширинлик емасликка, очликка чидаймиз лекин бировнинг ҳаққини емаймиз»- деди. У киши бир оз ўйланиб ортга қайтдилар. Ширинлик олиб беришни эса маош олгунга қадар кечиктирдилар. Қарз ҳам ола олмасдилар. Чунки у киши ўша вақтда волий эди. Натижада, авлодаридан буюк зотлар етишиб чиқди.
Ҳазрат Навоий ҳам суриштирмай-нетмай ҳамма нарсани ҳам тановул қилиш борасида:
Олдиға қўйганни емак- ҳайвон иши,
Оғзиға келганни демак- нодон иши.
-деган чуқур маьноли сўзлари ҳам луқма ҳалол бўлиш керак деган фикрни тасдиқлайди.
Аслини олганда динимизда ризқ ҳалол ва ҳаромга бўлинади. Қайси нарсалар ҳаром эканлигини шариьатимизда баён қилинган. Лекин банда нопок йўллар орқали ўзига ҳалол бўлган нарсани ҳам, ҳаромга айлантириши мумкин. Бундан эҳтиёт бўлиш керак.
Айримлар эса ҳалоллик, ҳалол луқма нима кераги бор, ахир «Йўлини топибдими қандини урсин», «Узумини егин-у боғини суриштирма» дейишади-ю деб фикрлайдиганларга нисбатан шуни айтиш мумкин, бундай гаплар одамнинг бойлик ва мол-дунёни қандай йўллар билан топаётганига лоқайд ва бепарво қарайдиган, манфаатпараст шахслар томонидан чиқарилган бўлиши мумкин. Бундай гапларни айтадиганлар фикрича, инсон ўз бойлигини пешона тери тўкиб, Оллоҳ берган ақл-идрок ва тафаккурини ишлатиб топаяпдими ёки қинғир-қийшиқ, ҳаром-хариш йўллар билан орттиряптими-бу гўёки ҳеч кимни қизиқтирмаслиги керак. Бу «Узумини егин-у боғини суриштирма» деган мақолни ўз ўрни бор, қачонки ишончли одамникида меҳмон бўлса айтиши мумкин.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳаром луқма еб ўсган фарзанд эртага ота-онасини юзини ерга қаратиши ҳам етмагандек, бўлажак фарзандини ҳам шу руҳда тарбиялайди. Бу билан Ватан равнақи, халқ фаровонлигига салбий таьсир қилади.
Ҳозирги замонавий тиббиёт ва илм фан ҳам инсон истемол қиладиган нарса, унинг табиати ва соғлиғига таьсир қилишини исботламоқда. Рўза тутишнинг ҳикмати бежиз эмаз. Танадан ушбу нопок нарсани чиқариб ташлашдир.
Луқмани ҳаллолигига эьтибор бериш, билмай истеьмол қилган бўлса тавба қилиб, ботил йўл билан бировнинг молини олган бўлса, қайтариб бериш керак бўлади.
Зеро, Президентимиз ушбу 2016 йилни «Соғлом она ва бола йили» деб номлашлари бежиз эмас. Демак, фарзанднинг соғломлиги, комил инсон бўлиб етишиши кўп омиллар қатори, нарсани қайси йўлдан топилгани ва нима истемол қилишига ҳам боғлиқ.
Мадаипов Аҳрорбек
ТИИ талабаси
Манба:
http://ummat.uz/index.php/bosh-sahifa/dolzarb-mavzu/item/470-kozingiz-quvonchini-solih
#UmmatUz
Нет комментариев