Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Ривоят қилинишича: Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига ҳар бир айтилган сўз ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисидаги тушунчани ажойиб бир тажриба асосида таълим берганлар.
Бир куни Луқмони ҳаким ўғиллари билан рўза тутиш учун саҳарлик қилаёти: «Ўғилчам бугун саҳарликдан то ифторликкача кун бўйи нимаики сўз сўзласангиз, барчасини қолдирмасдан қоғозга туширинг. Ифторлик пайтида айтган сўзларингизни барчасига ҳисобот берасиз. Сўнгра ифторлик қиласиз» дедилар. Ўғиллари ўз оталарини айтганларига итоат этиб, кун бўйи нимани гапирган бўлсалар, қоғозга туширдилар. Кечга яқин ифторлик дастурхони атрофида ота-бола жамландилар. Ота: ваъдага мувофиқ ўз ўғилчасидан ҳисобот ола бошлади. Аксига олиб савол-жавоб тонг отгунгача чўзилди. Ўғилча ифторлик қилолмади. Балки, саҳарликни қилиб, яна рўзани бошлади.
Одатдагидек бу кун ҳам барча гапирган гапларини, сўзларини қоғозга туширди. Яна ифторлик пайтида Луқмони Ҳаким ўз ўғлидан ҳисоб-китобни талаб қилдилар. Аксига олиб бу кеча ҳам хисоб-китоб тонг отгунигача чўзилди. Яна ифторлик қилинмади, чунки ҳисоб-китоб саҳарликкача давом этганди. Бу кун ҳам саҳарлик қилиш билан бошланди. Ифторлик пайтида яна дастурхон атрофида ота-бола ҳозир бўлдилар. Ота ўз ўғлидан ҳисоб-китобни олмоқчи бўлганди бола ҳеч нарса ёзилмаган қоғозни кўрсатди. Ва отажон: «Бугун кун бўйи ҳеч нарса гапирмадим. Чунки икки кундан бери ҳисобот бераман деб, ифторликдан маҳрум бўлдим , тинка мадорим қуриди. Ундай машаққатни менга нима кераги бор деб, ҳеч нарса гапирмадим ва қоғозга ҳам ҳеч нарса ёзмадим» деди. Шунда Луқмони Ҳаким: «Эй ўғилчам мана энди гапирилган ҳар бир сўз ҳақидаги ҳисоб-китобни ҳақиқатига тушуниб етибсиз» деган эканлар.
Хулоса: агар банда бир кунлик гап сўзи учун туни билан ҳисоб-китоб бериб ифторлик қилишдан маҳрум бўлса, бунинг ҳисоб-китоби охиратда қандай бўлар экан?
Қолаверса, ўзининг отасини олдида ҳисоб-китоб беришлик шунчалик қийин ва мушкул бўлса, Роббил Аъламин бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисоб бериш қандай бўлар экан?
Агар бир кунли гап сўзни ўзигагина шунчалик ҳисоб-китоб бўлса, бир неча кунлик, ҳафталик, ойлик, йиллик ёки бутун умр давомидаги гап сўзлар учун қанчалик ҳисоб-китоб бўлар экан?
Агар бир кунлик ҳисоб-китоб учун тўкин дастурхон атрофида ўтириб, ифторлик қилишдан маҳрум бўлинса, охиратдаги ҳисоб-китоб бўлгунича жаннатдаги зиёфатлардан маҳрум бўлишлик қандай бўлар экан?
Қолаверса, бу ердаги ҳисоб-китобга эътибор берадиган бўлсак, Луқмони Ҳакимнинг ўғиллари ўта тарбияли бўлганлиги учун, ҳеч қандай тил орқали содир этиладиган гуноҳларни қилмаганлиги маълум бўлади. Демак, фақатгина манфаатли сўзларни гапирганлиги учун шунча ҳисоб-китоб берадиган бўлса ва маълум бир вақт роҳату фароғатдан маҳрум бўлса, бизларнинг қиёмат кунида берадиган ҳисоб-китобимиз, қолаверса тилимиз орқали содир этган гуноҳларимиз ҳақидаги жавобимиз ва унинг натижаси қандай бўлар экан?
Луқмони Ҳакимнинг ўғли ўзининг устида бўлган тажрибадан керакли хулосани ўз ўрнида чиқарди ва шу заҳотиёқ унга амал қилди. Натижада эса, ҳисоб-китобдан қутилиб, ифторлик қилишлик бахтига сазовор бўлди. Бизларчи? Қанчадан-қанча маълумотларни ўқиб-ўрганиб, гўёки ҳаммасидан вақтинча таъсирланамиз-у, лекин натижа ва оқибати кўнгилдагидек эмас. Улуғларнинг бизлардан фарқи ҳам шундаки, улар бирор нарсани билишлари биланоқ унга амал қилишга ўтганлар.
ҲАЁ ҚИЛИШИНГГА АЛЛОҲ ҲАҚЛИРОҚДИР
Сенинг сўзларингни ёзиб олиш учун бир соҳиби хайр келса, албатта унга (гапиришда) эҳтиёт бўла бошлайсан. Ҳолбуки, гапираётган барча гапларинг Аллоҳ таолога етиб бориб, кўрсатиб турилибди, бундан эса эҳтиёт бўлмайсан! Ҳотимул Асом.
Дарҳақиқат бирор жойда бизни ёзиб оладиган видеокамерага кўзимиз тушиб қолса, дарҳол ўзимизни тутишни, ейиш-ичиш, гапириш ва ҳоказоларни ўнглаб оламиз. Сабаби ўзимизга маълум.... Лекин Аллоҳ таолонинг назоратида эканимизни унутган кўринамиз... Аслида қўрқмоғимиз, ҳаё қилмоғимиз ва эҳтиёт бўлмоғимизга Аллоҳ таоло ҳақлироқ эканини унутмайлик....
Исҳоқ Муҳаммад,
«Тўхтабой» жоме масжиди
имом-хатиби
Манба:
http://ummat.uz/index.php/bosh-sahifa/dolzarb-mavzu/item/461-amaliy-tarbiyadan-bir-namuna
#UmmatUz
Нет комментариев