(янги ҳикоя)
Комилбой олаидан ўтибди. Бу хабар ҳаммани эсанкиратиб қўйди. Ёмон хабар тез тарқалади-да. Аммо ҳаммасидан ёмони шундай яхши одамнинг ортиқ бу дунёда бўлмаслиги эди!
—Жойнамоз устида жон берибди, ўзи яхши одам эди-да...
— Болаларим билан кўп яхшиликларини кўрдик, Аллоҳ рози бўлсин, —деди қўшни аёл кўзда ёш билан.
—Нимасини айтасиз, деди бошқаси, — қўли калталик қурсин, уйимиз томини ёполмай қолганимизда қўллаб юборган эдилар, кейин пул берсак, қўшничилик ҳақи деб олмагандилар.
—Бебаҳо одам эди, етимпарвар, камбағалпарвар, —давом этди бошқаси.
"Воҳ, жигарим, меҳрибонимдан айрилиб қолдим", " "Пуштипаноҳимдан айрилиб қолдим," —деб йиғлади жигарлари.
Одам кўп келди. Комилбойнинг жанозаси ўзи қурдирган масжидда ўқиладиган бўлди. Имом амру-маъруф қилди. Дунёнинг ўткинчилиги, умрнинг қисқалиги ҳақида гапирди. Ҳамма сукутга чўмган. Маҳзунлик, ҳукмронлик қилган бу мажлис барчани бирдек ўйга солганди.. Имом кўп гапирмади. Дарҳақиқат,
«Воъизликка ўлимнинг ўзи кифоя қиладир»
Сўнг марҳумнинг қатор турган тўртта ўғлига қарата сўнги сўзларини айтди
—Марҳумнинг қарзи бўлса, ёки бировдан олди—бердиси бўлса, тўлашни ким бўйнига олади?
Ўғиллар баравар жавоб бердилар.
—Мен бўйнимга оламан!
Имом энди йиғилган одамларга қарата мурожаат қилди
—Ҳурматли биродарлар, марҳумнинг кимдандир олди-бердиси, ёки қарзи бўлса, ўғиллари бўйнига олди. Марҳумнинг амалларини Аллоҳга топшириб, жаноза ўқиймиз,-деди.
Шу пайт орқароқда турган бир одам
— Тўхтанг, бу одам мендан қарз эди! — деди. Олд қаторда турган ўғиллар саросимага тушиб қолди. Ғирт нотаниш эди бу одам!
—Олдимга келинг, —деди Имом, сокинлик билан.
Даъвогар қотмадан келган, қўй кўзлари одамга тик боқадиган, қошининг тепасида чандиғи бор киши эди.
—Марҳум сиздан нима қарз бўлган эди.
—Қарзга деб пул олганди.
—Қанча пул?
—Эллик минг доллар!
—Гувоҳларингиз борми?
—Ҳа, иккита гувоҳим бор.
—Келтиринг гувоҳларни.
Гувоҳлар келди. Бири бошини эгиб турар, иккинчиси имомга тик қараган эди.
Имом сўроқни бошлади. Маълум бўлишича, марҳум бир бева аёлга уй олиб бериш учун бу одам-ҳамкорликдаги шеригидан бир ҳафтага қарз олган, даъвогар ишончсизлик бўлмаслиги учун хат-ҳужжат қилдирмаган экан. Гувоҳлар унинг гапини тасдиқлади.
—Болаларим билмасин, деган эди Комилбой,-дея кўзига ёш олди у.
Одамлар ўртасида ғала-ғовурми, қандайдир бесарамжомлик бошлангандек эди.
Шунда катта ўғил ўртага чиқиб
—Отамнинг қарзини мен тўлайман! —деб ҳалойиқни тинчлантирган, гап кўпайишини олдини олган бўлди...
Имом яна одамларга юзланди.
—Халойиқ, марҳумнинг катта ўғли қарзларни бўйнига олди, энди марҳумнинг амалларини Аллоҳга топшириб, жаноза ўқиймиз! —деди.
Келди-кетди камайгач, ўғиллар отасининг хонасига йиғилди. Эшикдан уч кунда кампирга айланиб қолган онаси кирди.
Ўғиллар волидасининг ҳурмати учун ўрнидан турдилар. Аёл тўрга чиқди. Кейин шундоқ ёнгинасида ўтирган катта ўғлини қучоқлаб йиғлаб юборди.
—Қандоқ отанг бор эди, болам!
Ҳамма яна йиғига тушди...
Эшик аввал оҳиста тақиллади, сўнг остонада бошига кўк рўмол ўраб, қора кўйлак кийиб олган кичик келин кўринди.
—Битта киши келди, кираман деяпди.
Кичик ўғил ҳовлига тушди ва бироздан сўнг жанозада қарзини сўраган одамни бошлаб кирди.
Марҳумнинг аёли ўрнидан турди, аммо чиқиб кетмади, пастроққа бориб ўтирди.
Нотаниш меҳмон тўрга чиқди.
—Ойижон, дадам бу одамдан қарз олган эканлар,-деди. Шунда меҳмон
—Шу гапларни эркакча гаплашсак, аёлларни аралаштирмасак,-деб норози бўлди.
—Онам, деди иккинчи ўғил отам билан бир тан, бир жон эдилар. Отам раҳматлик онам билан маслаҳатлашмасдан бирор иш қилган эмас, улар билишлари шарт!— деди. Қани, айтинг, адам раҳматлик сиздан қачон, қаерда, нима учун шунча қарз олганлар?
Нотаниш одам жанозада айтган гапларини яна такрорлади.
Аёл индамай эшитди. Сўнг йиғидан қизариб, уйқусизликдан киртайиб кетган кўзларини ерга тикканча жавоб берди
—Адаси раҳматлик бировдан бир сўм қарз сўраган одам эмасдилар. Болаларимиз ёш, жуда камбағал пайтимизда ҳам бир сўм қарз олмаганлар. Орқаларидан ҳам яхшигина мерос ташлаб кетдилар. Мен у одамни ўзимдан кўпроқ, ўзимдан яхшироқ биламан. Аёл бошини кўтариб қарзини сўраб келган одамга қаради, қаради-ю, бир лаҳза гапини йўқотиб қўйди.
Сўнг титроқ овозда давом этди
—Хафа бўлманг меҳмон, айтган пулингизни берамиз, аммо аввал сизни судга берамиз. Бу—пул учун эмас, марҳум эримнинг шаъни учун зарур. Сиз ҳам ўзингизни ва пулингизни ҳимоя қилинг, мен дунёдаги энг яхши одамнинг шаънини ҳимоя қиламан. Шунга розимисиз?
Энди менга ҳужжатларингизнинг нусхасини ва шунча пул топишингиз мумкин бўлган даромад манбайингизни тақдим этсангиз, дегандим.
Ўғиллар онасининг шижоатини билар эдилар, аммо бу қадар журъатли эканлигига хайратда қотиб ўтирардилар.
Нотаниш одам қафасга тушган қушдек питирлаб қолди...
Суд жараёнида Ғайрат ва шериклари шу ғаразли ишни касб қилиб олган товламачи, фирибгар эканликлари маълум бўлди. Комилбойнинг аёлидан ташқари яна иккита оила унга даъво аризаси билан чиқди...
Эрталаб ҳовлига чиққан Ҳамидулла неча кундан бери қаддини кўтара олмай ётган онасини кулиб турган ҳолда кўрди.
—Аданг раҳматлик тушимга кирибди, болам,, яхшиям борсан деяпдилар, сен келгунча янги ҳовлимизга гуллар экиб қўяман, —дедилар болам. Иншааллоҳ Отангнинг руҳи шод, ўғлим....
Феруза Салходжаева
(тугади)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3
Тош отганга Гул отайлик.
Ё Раббим шундан Имон бергинки
Кабрда тинч Ётайлик.