Мана, яна бир ҳаётий "Ёруғ кунни соғиниб" асарини тугатиб олдик. Дарҳол саволлар туғила бошлади: "Германиядаги ҳаёти-чи? Қандай бориб қолди? Нега бирдан тугади?" 🙄
Азизларим, бу асар нақ 12 йилча аввал ёзилганини унутманг. Бу асар ёзилганида мен Муниса (Мадина) билан битта ишхонада ишлардим. Германия Мадинани тушига ҳам кирмаган у пайтлар. 😊
Германиягача ҳам Мадинанинг бошидан кўп синовлар ўтди. Улар ҳақида билишингиз учун аввал айтганимиздек, суҳбат уюштирамиз, иншааллоҳ. ❤️
Айтганча, бу асар “Суғдиёна”да чоп этилганидан кейин муштарийларнинг саволларига Мадина Зариф иккимиз жавоб берганмиз. Агар қизиқ бўлса қуйида жойлайман. 😍
Ассалому алайкум, менинг асар ўқишга чанқоқ, эрталабдан "Энди нима ўқиймиз?" деб сўроқлайдиган китобсевар азизларим! Ҳамма яхши дам олдими? Бўлмаса, интервьюни жойлайман. Илтимос, ўқиётганингизда асарнинг ва бу суҳбатнинг бундан 12 йил олдин чоп этилганини унутиб қўйманг! Мен ўша пайтда асарни ҳар ҳафта Мадина билан суҳбатлашиб, ҳар ҳафта ёзиб бериб турганман ва асар ҳеч қанақа қўшиб-чатиш, бўрттиришларсиз аксинча, юмшатиб ёзилган. Кейин кўпчилик таъкидлаганидек, асар бирдан тугаб қолмади. Чунки асар якунидаги Муниса топган яхши иш жой бу - "Суғдиёна" газетаси эди. Шундан хулоса қилсангиз бўладики, асар ўша даврдаги Мадинанинг яшаб турган кунларигача ёзилган. Келажакни кўриш, Туркияга ва Германияга кетиши ҳақида иккимиз ҳам билмаганмиз, ғайбни кўриш қобилиятимиз йўқ, башоратчи эмасмиз ва шунга ҳаётининг чет эл қисмини ёзмаганмиз... 😁😁😁 Аммо иншааллоҳ, ният қилдим, бу асарнинг "Ёруғ кун" номли давоми бўлади, айнан сиз чанқоқ мухлислар учун.😍
“ЁРУҒ КУННИ СОҒИНИБ” АСАРИ ҚАҲРАМОНИ МУНИСА БИЛАН СУҲБАТ
(Ушбу суҳбат асар якунлангач, мухлислар талаби билан “Суғдиёна” газетасида чоп этилган)
Азиз мухлис! Мана, олти ой давомида сиз билан бирга бўлган “Ёруғ кунни соғиниб” асари ҳам ўз якунига етди. Албатта, ундаги бош қаҳрамон Муниса Мусаева ҳаёти эса давом этмоқда. Сизда у боғлиқ саволлар туғилган бўлиши табиий. Шуни инобатга олган ҳолда биз Муниса билан суҳбатни ваъда қилгандик. Энди уни бажариш фурсати етди...
1. Шаҳноза Мағрипова:
— Ҳурматли “Суғдиёна” газетаси! “Ёруғ кунни соғиниб асари учун сизларга катта раҳмат. Ушбу асарнинг 43-сонда чиққан қисмини яхши ўқий олмаганман. Чунки газетанинг ўша сондаги варақлари яроқсиз бўлиб чоп этилганди. Уни қайта ўқишни истардим. Бунинг иложи борми? Мунисадан сўрамоқчи бўлганим эса у ҳаётини асар қилдиришга нима сабабдан рози бўлди?
Н.Усанбоева: — Ўйлашимча, асарни энди китоб ҳолида қайта ўқишнинг имкони бўлади.
М.Мусаева: — Қийин кунларимда китоблар менга ҳамроҳ бўлган, ҳар бир ўқиган сатрлардан куч ва ибрат берган. Шу сабабли, балки менинг ҳаётим ҳам кимгадир ибрат, кимгадир ўрнак бўлар, балки кимдир ундан ўзига куч олар, деган фикрда уни асар ҳолига келтиришларига рози бўлганман. Инсон ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўта олади.
2. Лазиза Ваисханова, Тошкент шаҳри:
— Мен газетангизнинг ҳар бир сонини қизиқиб ўқиб бораман. Айниқса Наргиза Усанбоеванинг асарлари менга жуда ҳам ёқади. Газетанинг кейинги сони чиққунча юрагим сиқилиб кетади, сабаби воқеаларнинг давоми нима бўлади экан деб ўйлаб ўтираман. Ибрат билан Ширин ҳақидаги асарни ҳам қизиқиб ўқидим. Шу асарларнинг яхлит китоби бормикан?
Наргиза Усанбоевага бир нечта саволим бор: Наҳотки, “Ёруғ кунни соғиниб” асаридаги қаҳрамонлар ҳаётда бўлса? Менимча, энг золим одам ҳам ёш болани шунчалик аямасдан урмаса керак? Мунисанинг онасини шунчалик ёмон кўриб кетдимки, боласини биров урганини кўриб туриб индамаса, ўзи ҳам ҳар куни калтак ****, иккинчи куни ҳеч нарса бўлмагандай ишини қилиб кетаверса. Шуям ҳаёт бўлди-ю? Хўп тушунаман, борадиган жойи йўқдир, ҳеч кими йўқдир. Лекин ўзини шунчалик хор қилиб яшашнинг нима қизиғи бор? Ўзбек аёли сабрли, кечирувчи бўлиш керак дейишади, бироқ мен шундай аёлларни умуман оқламайман.
Н.Усанбоева: — Бундай инсонлар ҳаётда борлигига ушбу суҳбат ҳам далил.
М.Мусаева: — Бир ёмонни кўриб, яхшининг қадрига етамиз. Инсон ғам ташвиш, қийинчилик, доимий эзилиш остида бўлганда чиқиш йўлини кўра олмайди, чунки унинг руҳияти синиб, худди ҳаммаси шундай бўлиши керакдай қабул қила бошлайди. У кимнингдир турткиси, қўллаб қувватлашига муҳтож бўлади. Онам ҳам худди шундай чиқиш йўлини кўрмаган. Сабр матонат билан бирга бир эмас, иккита эрдан ажрашган аёлга жамиятда яхши назар билан қарашмайди, улар ҳам ўз фарзандларининг келажагини шу тариқа бузишни истамаган. Аслида у кучли аёл.
3. Нурона, Янгийўл туманидан: — Мунисанинг кейинги ҳаёти қандай?
М.Мусаева: — Ҳаётим бир меъёрда, атрофимда мени севувчи қизларим, қадрловчи инсонларим бор. Қайнонамнинг менга суяниб қолганлари менга бир маънода мағрурлик ҳам бағишлайди. Демак, яхши келинман, деб ҳам қўяман баъзан. Ҳаёт ҳар бир дақиқани қувониб, шукр билан яшашни ўргатди, буни ўз фарзандларимга ҳам яшаб ўргатиш ҳаракатидаман.
4. Мукаррамхон Нозимова, Андижон:
— Ушбу асарни йиғлаб ўқийман. Ҳар сонини ўқигач, невараларимга ҳикоя қилиб бераман. Невараларим ҳам ҳар пайшанба сўрайди. Шундай яхши асар чоп этгани учун “Суғдиёна”дан миннатдорман! Саволим, Муниса ва маллифга. Муаллиф “Ёруғ кунни соғиниб” асаридан сўнг биз мухлисларга янги нима беради?
Ўгай отасининг бугунги ҳаёти қандай? Ситамлари учун жазосини олдими? Ҳозир Муниса неча ёшда?
Н.Усанбоева: — Бу ажойиб фикрлардан сўнг янада гўзалроқ асар илинаман.
М.Мусаева: — Ўгай отам ҳақида маълумотга эга эмасман. Яна қайта ўйлангани, фарзандлари ҳам борлиги, ўша қишлоқда яшашини биламан. Ситамларим учун жазо олишига келсак... мен буни истамасдим. Дунёга келган боласи отасиз ўсишини истамайман. Бўёғига Худо пошшо, дейишади ку. Ҳозир ёшим 31 да.
5. Моҳичеҳра Нарзуллаева, Қарши:
— “Ёруғ кунни соғиниб” менга шу қадар таъсир қиладики, шу воқеалар худди ўзимнинг бошимдан ўтаётгандек йиғлаб ўқийман. Ҳар пайшанбани интиқ кутаман. Саволим, Мунисага: Нима учун қўшнисининг ўғлига турмушга чиқмади? Нега муҳаббати учун курашмади?
М.Мусаева: Инсон тақдирга қарши бора олмайди. Ундан ташқари, турмуш ўртоғим билан оила қурганимдан мамнунман. У менга кўп нарса ўргатди, ҳамда ширин қизчаларимнинг отаси. Икром билан эса бу муҳаббат эдими ёки менга қилинган яхшиликлари учун шукрона, билолмайман. Бу воқеа ёшим жуда кичик ва унинг устига уриш жанжаллар орасида бўлгани сабабли бу ҳис ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман.
6. Мадина, 21 ёш, Тошкент:
— Асарни йиғлаб ўқидим. Мунисанинг ҳозирги ҳаёти қандай кечяпти?
М.Мусаева: Ҳозирда фарзандларим ва қайнонам билан бирга ҳаёт кечираяпмиз. Қизимдан: Бахтлимисан, десам, ҳа, деб жавоб берди. Менга эса бундан ортиқ бахт йўқ. Қийинчиликлар эса, олдимдаги севган инсонларим соғ саломат экан, биз ҳаммасини енгиб ўтамиз. Қийинчиликларсиз ҳаёт зерикарли бўлиб қоларди.
7. Муножотхон Самиева, Қўқондан:
— “Ёруғ кунни соғиниб” асарини қизиқиб ўқийман. Ҳар пайшанба кутаман. Мунисага чин дилдан қизларининг бахтини кўришини, ёруғ кунлари тезроқ келишини тилаб қоламан. Саволим, ҳақиқий отаси ростдан ҳам вафот этганми? Нима учун бирор марта қизини йўқламаган?
М.Мусаева: — Отам ҳақиқатан вафот этган. Нима учун йўқламадингиз, деган саволни эса ўзим ҳам хаёлан уларга кўп бора бераман...
8. Ойдин ая, Самарқанд вилояти, Булунғур тумани:
— “Ёруғ кунни соғиниб”ни ўқиётиб ҳар гал энди ўқимайман, юрагимни сиқиб юборди дейман. Аммо яна ўқийман. Келинларимга ҳам ўқинглар дейман. Сабаби, ўрганадиган нарсаси кўп. Қизларим ҳам ўқийди. Муаллифга саволим, асарда бўрттирилган жойлар ҳам борми? Муниса, шунча воқеага қандай бардош бердингиз?
Н.Усанбоева: — Асар бўрттириш, кучайтириб бериш каби ҳолатлардан ҳоли. Аксинча, Мунисанинг отаси билан боғлиқ воқеаларни юмшатиброқ беришга ҳаракат қилдик. Айрим воқеаларни қўшмадик ҳам.
М.Мусаева: — Айтишадику, дардини берган Худо, дармонини ҳам беради, дея. Шу билан бирга инсон кўтара олгунга қадар қийинчилик берилар экан. Тан олишни ич ичимдан истамасам-да, демак, кучли эканман. Балки бу қийинчиликларим бўлмаганда, ҳозирги ҳаётимнинг қадрига етмаган бўлардим...
9. Мавжуда опа, 55 ёш, Навоий вилояти, Кармана қишлоғи:
— Шу асарни ўқиб роса қийналдим. Мунисанинг ҳаётига ачиниб кетдим. Нима сабабдан бу қизни ҳеч ким ишга олмаяпти? Бу бечорада гуноҳ йуқ-ку. Ўзи билан гаплашгим келади. Бу воқеалар қаерда юз берган? Навоийга келса ўзим иш топиб берардим.
М.Мусаева: — Иш таклифи учун ташаккур, Мавжуда опа. Ҳозирда яхши бир ишим, севги тўла кўнгилли ҳамкасбларим бор. Воқеалар Самарқанд вилояти ва Тошкентда бўлиб ўтган.
10. Флора Абдураҳмонова, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани:
— Катта қизиқиш билан ўқидим. Жуда таъсирландим. Мени Икромнинг ҳаёти қизиқтиради. Яна ҳозир қариндошлари, отасининг қариндошлари билан муносабатлари яхшими?
М.Мусаева: — Отамнинг қариндошлари билан баъзан кўришиб турамиз. Меҳр кўзда деганларидек, бироз узоқ бўлганимиз боис унчалик яқинмиз дея олмайман. Икромнинг ҳаёти эса...
11. Саидахон Жўрабоева, Фарғона вилояти, 35 ёш:
— Асар зўр ёзилган! Сабрга қойилман ёзувчининг ҳам, қаҳрамоннинг ҳам. Бир сон ҳам қолдирмай ўқидим. Мунисанинг кейинги тақдири қизиқтиради мени.
М.Мусаева: — Юқорида айтганимдек, ҳаётимиз яхши. Бизга берилган умрнинг ҳар бир кунини унумли ўтказиш билан ҳаётимиз давом этмоқда.
12. Мадина Нўъмонжонова, 18 ёш, Андижон вилоят:
— Онаси нега Мунисага бундай муносабатда бўлади? Ўгай отаси ва Икром нима бўлган?
М.Мусаева: — Онамнинг бундай муносабатда бўлиши, ҳар бир инсоннинг ўз табиати бор. Ундан ташқари қиз болага бироз қаттиқ турмасангиз, у эркаланиб кетиши мумкин. Аммо тўғрисини айтадиган бўлсак, агар онам менга раҳмларини келганини кўрганимда кучли бўла олмасдим, бу қийинчиликларни енга олмасдим. Бу менга мустақиллик, ўзим учун масъулиятли бўлиш ҳиссини берган.
13. Ўролтош Холбўтаева, 60 ёш, Самарқанд вилояти:
— Асарни севиб ўқидим. Китоб қилиб нашр қилинадими? Невараларимга қолдирмоқчиман.
Н.Усанбоева: — Албатта, бу режамизда бор.
14. Рўзали Зокиров:
— Охири яхшилик билан тугайдими? Бошидан қолдирмай ўқидим. Эрига нима бўлди? Ростан ўлдими? Қайноғаси ёмон муносабатда бўлмайдими? Ёруғ кунларни кўрадими?
М.Мусаева: — Қайноғам ва умуман турмуш ўртоғимнинг ҳар бир қариндошлари билан муносабатларимиз жуда яхши. Ҳар бир кунимиз ёруғ ва бунинг учун Ўзига минг бора шукрона айтаман.
15. Иқболжон Қодиров, Фарғона, Қува тумани, 30 ёш:
— Асарни аёлим билан бирга ўқидим. Бу воқеа ростан бўлганми? Шу асар туфайли аёллар газетасини олиб ўқийдиган бўлдим. Ниҳоятда таъсирландим. Воқеалар қаерда бўлган? Кейинчалик Мунисанинг ҳаёти изига тушиб кетадими?
М.Мусаева: — Воқеалар Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида содир бўлган. Ҳамма нарса ўтади ва ҳаёт ўз изига тушади.
16. Равшаной Ҳакимова, 65 ёш. Нафақахўр:
— Мунисанинг қайнонаси яхши аёл экан. Муниса, ҳали яхши кунлар келади. Сабр қилинг. Роҳатини кўрасиз ҳали. Яхши кунларингиз ҳақида ҳам кейин айтиб берасизми?
М.Мусаева: — Равшаной опа, раҳмат. Ҳақиқатан қайнонам жуда ҳам яхши аёл. Албатта, агар мухлислар буни исташса, бу ҳақда ҳам Наргиза Усанбоева билан яна бир асар қиламиз.
17. Шаҳзода Турсунова, 50 ёш, Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани, Арабхона маҳалласи:
— Мунисанинг кейинги ҳаёти кизиқтиради. Ростдан ишга кирдими? Ҳозир ёши нечада?
М.Мусаева: — Ҳа, ҳозирда ишлайман. Асарда келганидек, 31 декабрь куни 31 ёшга кирдим.
18. Шоира Шагиахмедова, 24 ёш, Хоразм вилоятидан:
— Асарнинг қайси нуқтаси жуда таъсирлантирди? Қайси жойларини қийналгангиздан ёзмасдан ташлаб кетсам, деб ёздингиз?
Н.Усанбоева: — Мунисанинг ўз отаси жасади сувда оқиб, у яшаётган қишлоққа келиб қолганидан, қизлари отасининг кийимини яшириб ҳидлаб юрганидан жуда таъсирланганман. Очиғини айтсам, “Ёруғ кунни соғиниб”ни қийналиб, ёмон кўриб ёздим. Сабаби, у кўз ёшларим меваси. Баъзан кечаси йиғлаб ёзганимдан эрталаб кўзларим қизариб, шишиб ишга борардим. Ёзгим келмай ташлаб кетган воқеаларим эса жуда кўп. Улар нафақат менга ўқувчига ҳам азоб беришини ўйлаб қаламга олмаганман.
19. Дилбар Мирзаева, Самарқанд вилояти:
— Асарни жуда қизиқиб, таъсирланиб ва йиғлаб ўқидим. Саволим Мунисага. Нима учун ўгай отангиз ҳақида онангиз ҳеч қаерга арз қилмаган? Ростдан ҳам у кейин сизларни тинч қўйганми?
М.Мусаева: — Арз қилганлар, бир неча бора экспертиза қилиб миршабхонага ҳам олиб кетишган. Аммо... кичик жойда ҳамма бир-бирини танийди ва хотиннинг эрига нисбатан бундай қилиши айб, уят ҳисобланади. Ҳозирда безовта қилмайди, бир қанча марта излаб топишга ҳаракат қилган, аммо топа олмаган.
20. Отамурод Саидқулов, Жиззах вилояти:
— Шу асар туфайли “Суғдиёна” газетасига боғланиб қолдим. Яна уни ўқиганимдан кейин хотиним билан уришмайдиган бўлдим. Жанжалсиз рўзғор бўлмайди-ку! Аммо, энг жаҳлим чиққан вақтларда ҳам болаларимни, бу жанжалнинг уларга таъсирини ўйлайман. Асарда болалар кечинмалари зўр очилган. Муаллифдан ота-оналар ҳақида ҳам шунақа асар ёзишини сўрардим. Мунисадан эса яна турмушга чиқадими, йўқми шуни сўрамоқчиман. Қайноғасининг болаларини ҳам энди охиригача тарбиясига оладими?
М.Мусаева: — Турмушга чиқиш борасида бирор нарса дея олмайман. Ўгай отани қўлида ўсганим сабабли, қизларимда ҳам ҳаётим қайтарилиш эҳтимоли борлигин мени қўрқитади. Албатта, ҳамма одам бирдек эмас... Пешонамда бўлса... балки, аммо бу борада жиддий бир қарорим йўқ. Қайноғамнинг фарзандлари биз билан яшашади.
21. Ҳуснида Худойқулова, 30 ёш, Фарғона вилояти:
— “Ёруғ кунни соғиниб” тугаганига ишонмайман. Наҳот, шундай зўр асар тез тугади? Мен Муниса билан танишишни жуда-жуда истардим. Мунисага саволим, уни қизидек кўриб узатган, тўйида ёрдам берган оила билан муносабати қандай? Овсини қайтиб келдими?
М.Мусаева: — Ҳа, биз ҳалигачан борди келди қилиб турамиз. Ҳатто катта қизим туғилганда улар қовурдоқ қилиб барча урф-одатларни ҳам қилиб беришган. Уларга қанчалик миннадорлигимни сўз билан англатишнинг иложи бўлмаса керак. Ўзим катта қилган йигитчалар ҳозир кап-катта йигитлар бўлиб, уйланиш ёшига етиб қолишган. Уларни ҳар кўрганимда ичим бир ҳапқириб кетади. Оила бошлиғи эса доимо: бу мени энг катта қизим, дейдилар. Овсиним қайтиб келмаган.
22. Сайёра Абдусалябова, Тошкент вилояти:
— “Ёруғ кунни соғиниб” ҳақиқатдан ҳам зўр асар. Мен буни мақтов учун айтмаяпман. Ростдан ҳам мазза қилиб ўқидим. Муниса, ҳозир ўз отангизнинг оиласи ва ўгай отангиздан хабар олиб турасизми?
М.Мусаева: — Ўз отамнинг қариндошлари билан учрашиб турамиз. Ўгай отам билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Унинг ҳозирги ҳаётларидан бехабарман.
23. Маҳмуд Қаландаров, 72 ёш, Ғиждувон:
— Асарни роса берилиб ўқидим. Муаллифга эътирозим бор эди. Нега Мунисанинг эрининг ўлдирдингиз, тирик қолдирсангиз бўларди-ку, демоқчи эдим. Аммо ҳақиқат аччиқ бўлса-да, энг маъқул йўл деган хулосага келдим. Муаллифдан илтимосим, асар китоб ҳолда чоп этилса, биз мухлисларга албатта хабар беринг.
Н.Усанбоева: — Албатта, хабарни “Суғдиёна” газетаси орқали билиб оласиз.
24. Шоҳиста Толипова, Фарғона, “Рухсор” радиоси:
— Асар учун “Суғдиёна” газетасидан миннатдорман. Мунисанинг матонатига, сабрига, иродасига балли. Муаллиф билан учрашишни истардим.
Н.Усанбоева: — Ўйлайманки, таҳририят ҳар бир мухлис билан бизни боғлайдиган манзил.
25. Жамила Йўлдошева, 53 ёш, Самарқанд вилояти, Иштихон тумани:
— Асар жуда катта таассурот қолдирди. Муаллифга ана шундай асарлар кўпроқ ёзинг деган бўлардим. Яна бир фикрим, Мунисани қайноғасига узатиб бахтли қилиш ҳам мумкин эди. Ахир халқимизда шунақа одат бор. Аммо қайнонаси яхши аёл. Фақат ўғлига лоқайд бўлган деган фикрдаман.
М.Мусаева: — Бу балки халқдаги одатдир, аммо бу бизнинг оиламизга тўғри келмайдиган одат.
26.Зулфизар Рамазонова, 20 ёш, Навоий вилояти:
— Мен муаллифнинг икки асарини ҳам севиб ўқидим. “Ишқ ва андуҳ оғушида” асари мени ўзига бошқача ром этган. Билмоқчи бўлганим, муаллифнинг ўзига қайси асари ёқади? Назаримда, Наргиза опанинг ўзи ҳам “Ишқ...”ни яхши кўрса керак...
Н.Усанбоева: — Эътиборингиздан жуда хурсанд бўлдим. Мени жуда қийин вазиятга қўйдингиз. Сабаби, онадан “қайси фарзандингизни яхши кўрасиз?” деб сўраётгандексиз. Ўйлашимча, “Ишқ ва андуҳ оғушида” гўзал муҳаббат борлиги учун ҳам барчага ёққан.
27.Сарвиноз Нуримова, 18 ёш, Самарқанд вилояти, Нуробод тумани:
— “Ёруғ кунни соғиниб”ни ўқиб кимлардир шундай бўлиши мумкинми, дейиши табиий. Мен муаллиф ва Муниса билан баравар туриб “Бўлиши мумкин!” деган бўлардим. Чунки мен ҳам 6 ёшимдан ўгай ота қўлида катта бўлдим. Мактабга бормай ишладим. Ҳаётим Мунисаникидан қолишмайди. Менинг онам ҳам худди Мунисанинг онаси каби одамларнинг гап-сўзи деб барчасини ичига ютарди. Кўрмаган куним қолмаган. Аммо шу асар туфайли мен кўп нарсага эришдим. Уни ўқиб туриб, ўзимни англадим, тикув машина сотиб олдим. Энди уларни кўпайтириб, шогирдлар етиштириш арафасида турибман. Бунинг учун Наргиза Усанбоевадан миннатдорман. У кишидан бунданда зўр асарлар кутиб қоламан.
Н.Усанбоева: — Сарвинозхон, сизга катта рахмат! Қилаётган ишларингизда эса Аллоҳнинг ўзи ёр бўлсин!
М.Мусаева: — Сарвиноз, инсон истаса имкон топади, истаган эса баҳона. Кўп ҳолларда аёлларни нолишини ёки: мен кўрган нарсаларни бошқа биров кўрганда эди, деб чуқур уф тортишини эшитсам тўғриси жаҳлим чиқиб кетади. Инсон ўз ҳаётини бир маънода ўзи барпо қилади. Истак ва ҳаракат бўлса, ҳар қандай қора кунни ёруғ қилиш мумкин. Фақат шамчироқ (ёруғликни) кимдандир келишини кутиб эмас, ўзи топиб уни ёқиши керак. Ва ортга қараб, мен шундай кун кечирибман, дея ўзига раҳми келиб эмас, балки мана шу кунлардан миннатдор бўлиб эслаши лозим. Инсоннинг энг катта душмани — ўзига ўзининг раҳми келиши. Бу ҳис уни ўсишдан, ҳаракатланишдан тўхтатади. Менинг тақдирим ҳикояси сизга туртки бўлганидан жуда хурсанд бўлдим. Ўзингизда ўзгаришга, атрофингизни ўзгартиришга куч топа олганингиз сизнинг бахтингиз ва иродангиз. Ахир айтишади-ку, атрофни ўзгартирмоқчи бўлсанг, энг аввало ишни ўзингдан бошла, деб. Ишларингизга омадлар!
28. Санобар Ибрагимова, 34 ёш, Бектемир тумани:
— Асарни йиғлаб ўқидим. Айниқса, Мунисанинг устидан бувиси қўйлагини ечиб олганида уни топиб асраб олишга қарор қилгандим. Қизларим ҳам бунга рози эди. Таҳририятга боғланмоқчи бўлганман. Кейин эса унинг турмушга чиққани, қизлари борлиги ҳақида ўқидим. Муниса, қизларингизнинг роҳатини кўринг!
М.Мусаева: — Сўзларингизни ўқиб қувониб кетдим. Шунчалик куйиниб, мени ҳис қилганингиз учун раҳмат!
Кўриб турганингиздек, сиз мухлислардан ажойиб фикр ва саволлар олдик. Биз ушбу муштарийларга эътибори учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Таҳририят билан боғлана олмаган, имкон топа олмаган, баъзи сабаблар туфайли биз саволларига жавоб беролмаган ўқувчилар бўлса албатта улардан узр сўраб қоламиз.
ТАМОМ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7