Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони шариатнинг ҳар бир аҳкомига амал қилишларини қаттиқ талаб қилар эдилар. У зот ҳар бир шаръий ҳукмни Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога яхшилаб ўргатишга ҳаракат қилар эдилар.
Яна уламоларимиз келтирган ривоятларга қайтамиз.
«Бир киши Али каррамаллоҳу важҳаҳуга зиёфат учун таом қилиб берди. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо:
«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақирсак биз билан бирга ер эдилар», деди.
Сўнг У зотни чақирдилар. Бас, У зот келиб икки қўлларини эшикнинг икки кесакисига қўйиб турдиларда, уйнинг бир томонига осиб қўйилган чойшабни кўриб, орқаларига қайтиб кетдилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳу:
«Орқаларидан бориб, назар солингчи, У зотни нима қайтарди экан?!» деди.
Мен ортларидан бориб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни нима қайтарди?» дедим.
«Менга (ёки Пайғамбарга) зийнатланган уйга кириш бўлмайди», дедилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зиёфатга чақирилган эдилар, аммо У зот у ерда ўз мақомларига мос келмайдиган нарса борлиги учун кирмай, қайтиб кетдилар.
Бу эса айнан Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога намунали дарс эди.
Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси у билан Фотиманинг эшикларини таққилатиб:
«Икковингиз намоз ўқимайсизми?!»-дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон хоҳласа ўшанда бизни уйғотади»-дедим.
Бас, У зот мен ўша гапни айтганимда, менга бирор нарса қайтармай кетдилар. Кейин, У зотнинг бурилиб кетаётиб, сонларига уриб:
«Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир», деяётганларини эшитдим».
Бу ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо ва у кишининг оилаларини кечаси нафл ибодат қилишга чорлашлари эди.
Ана ўша тарбия тасирида Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо дунёдаги энг ибодатли шахслардан бўлиб етишдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳода зоҳидалик, тақводорлик ҳисси доимо ҳойи ҳавас, дунё муҳаббатида устун туриши учун ҳаракат қилар эдилар.
«Нисау аҳлил байт» китобининг соҳиблари ишончли масдарларга эътимод қилиб қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайганларида Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб у ерда узоқ қолар эдилар. У зот алайҳиссалом бир сафарга чиқдилар. Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо кумушдан иккита билакузук, муночоқ ва исирға қилдириб олдилар. Оталари ва эрларининг келишларига эшикка парда тутиб қўйдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан келганларида Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар. Саҳобалар кутсакмикан ёки одатдагидек узоқ қолиб кетармиканлар деб туришган эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар. У зотнинг юзларида ғазаб билиниб турар эди. У зот бориб минбарга ўтирдилар. Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо у зот алайҳиссалом бу ишни парда, билакузук, муночоқ ва исирға учун қилганларини фаҳмладилар ва уларнинг ҳаммасини тўплаб бир кишига бериб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, қизингиз сизга салом айтиб юборди ва манавуларни Аллоҳнинг йўлига сарфлар экансиз», деб айтгин», деди.
Ҳалиги одам у зотнинг олдиларига келганда:
«Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Шундоқ қилдими, отаси унга фидо бўлсин! Дунё Муҳаммад учун ҳам, оли Муҳаммад учун ҳам эмас. Агар дунё Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотига арзиганида кофирга ундан бир ҳовуч сув ҳам бермас эди», дедилар».
Ҳа, ана шундоқ тарбия топган Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо ўз замонасининг энг зоҳида аёлига айланган эдилар. У кишининг қалбларда Аллоҳ таолонинг муҳаббати тўлиб қолиб, дунё матоҳи муҳаббатига жой қолмаган эди.
Имом Насаий Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Бинти Ҳубайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кирди. Унинг қўлида йўғон билакузуклар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўларига ура бошладилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг олдига кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишдан шикоят қилди. Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо бўйнидаги тилло занжирни олиб:
«Мана буни менга Абул Ҳасан ҳадия қилди», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб унинг қўлидаги занжирни кўриб қолдилар ва:
«Эй Фотима, одамлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларининг қўлдиа оловдан бўлган занжир бор экан, дейишларини имтайсанми?!» дедилар.
Сўнгра ўтирмасдан чиқиб кетдилар.
Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо занжирни бозорга юборди. Уни сотиб пулига қул сотиб олиб, озод қилди.
Бу ҳақида гапирилганда у зот:
«Фотимани оловдан озод қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!» дедилар».
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев