Шу хотини йиғласа ҳам, овқат
еса ҳам ғашини келтирадиган
бўлиб қолган. Ҳатто болалари
ҳам кўзига кўринмай қолди-я!
Мана севгининг кучи… Дилнура
ўзи бошқача, буни
лаллайишини кўринг. Гапи ҳам
оғзидан тушиб кетади. Бир
сафар:
- Одамнинг тақдири бир кунда
ўзгариб кетиши мумкинми? —
деб сўради. Товуқ мия! Бир
кунда кимнинг тақдири
ўзгарибдики, уники ўзгарса?!
Майли, илоё ўзгарсин, ахир у
ҳам одам-ку! Аммо бу
шўрпешона тутиб тура
оладиган эркак бормикин,
дунёда.
Кетаётиб:
- Кечир, Маҳбу! — деди. — Энди
бу ҳаёт, нима бўлишингни
билмас экансан. Шунақа…
У индамади, бошқа аёллардай
жанжал ҳам қилмади.
- Сизни Худо кечирсин! — деди
секин. Ботирбек ичида
«минғаймас», деб уни ҳақорат
қилди. Эшикни ёпди-ю,
ғумбакни ёриб чиққан
капалакдай ўзини эркин ҳис
қилди.
«Сен барибир унга ўхшамайсан,
— хаёлан ўзини оқлашда
давом этди у. — Ҳа, сенинг
назарингда мунофиқман,
хиёнаткорман. Аммо бир
нарсани тан олишинг керак —
юракка буюриб бўлмайди,
ахир!»
Ботирбек қийқиллатиб машина
эшикларини очди. Йўлдан
Дилнурага қўнғироқ қилди.
Охирги сафар унга «масалани
узил-кесил ҳал қиламан», деб
сўз берганди. Аммо Дилнура
хижолат чеккандай: «Балки яна
ўйлаб кўриш керакдир… ахир,
болаларингиз бор», деб
тайсалланганди. Шу қадар оқ
кўнгил аёлни севмай бўладими,
воҳ!
Бу хушхабарни у севгилисига
етказишга ошиқди.
- Азизам, масала ҳал! — деди
тантанавор оҳангда.
- Қайси масала эди? — сўради
аёл иймангандай.
- Қайси бўларди, ўша-да… Маҳбу
билан ажрашяпмиз, сизникига
кўчяпман, асалим!
- А? Ростданми? — аёл
каловланиб қолди. — Бунча
тез?
- Қанақасига тез? Бир ойдан
бери шунинг кетида овораман-
ку, еган-ичганим ичимга
тушмаяпти. Бугун Маҳбу билан
ҳам гаплашиб олдим. Энди ўғри
мушукдай учрашиб
юрмаймиз…
- Майли, — деди сўзини чўзиб
аёл. — Келаверинг-чи, уйда
гаплашамиз. Лекин, мен билан
маслаҳат қилмай чакки
қилибсиз…- шундай дея у
гўшакни қўйиб қўйди. Ботирбек
ҳайрон бўлди. «Тавба, ғалати-
да, шу аёллар. Кечагина бўйнига
осилиб, кўз ёш қилганди. Бугун,
бунча тез деяптими…»
Ботирбек йўлдан гул, унинг
ёнига ширинлик олди. Ахир,
бугун қонуний эр-хотиндай
эркин бўлишади. Биров
мушугини «пишт» деёлмайди.
Буни нишонлаш керакми,
ахир?! Асосийси, ҳаммаси
жанжалсиз, кўз ёшисиз,
хамирдан қил суғургандай осон
ҳал бўлди. Балки хотини унинг
ортидан йиғлаб қолгандир,
бироқ илож қанча, кўникишига
тўғри келади. Йиғлаб-йиғлаб,
охир бир кун кўникади-да.
Болаларидан хабар олиб
туради. Ҳозир ҳамма шунақа
қилади-ку! Хотини билан
ажрашаётган битта уми?! Маҳбу
ҳам уни кечириши керак. Чин
севги ҳаққи-ҳурмати, уни
кечириши шарт! Аммо нега
ҳамма ўзининг тор қобиғига
ўралиб оларкин-а? Кўзингни
каттароқ оч, инсон…
Ботирбек кўп қаватли уйга
яқинлашгач, машинасини четга
қўйди-да, торт билан гулни
олиб, учинчи қаватга
кўтарилди. Шу тобда юраги нақ
томоғида «гуп-гуп» ура
бошлади. Қўнғироқни икки-уч
босса ҳамки, ичкаридан ҳеч
ким овоз бермади. Ботирбек
тоқатсизланди. Эшик олди-да
уёқдан бу ёққа юра бошлади.
Ҳамма унга ҳайратланиб қараб
кетаётганди. Элликни қоралаган
эркак гул кўтариб, бировнинг
эшигига маҳтал қараб турса,
ғалати бўларкан-да.
- Ҳозиир! — ниҳоят овоз берди
Дилнура. Аммо эшикни ўттиз
ёшлардаги кўк кўз,
келишгангина бир эркак очди...


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев