Кўкбўри
Каримберди Тўрамурод
Энасойдан Ҳазаргача сузардик,
Бўлмас эди биронтанинг сўрови,
Қандаҳордан Ўролгача кезардик,
От жиловин тутмас эди бирови.
Ўтолмаймиз бугун Жайҳундан нари,
Қадам боссак нечасининг бурови –
Қайда қолдинг, кел, энам-ов, Кўкбўри!
Ҳолимизни бил, энам-ов, Кўкбўри!
Помиртовдан сел мисоли энардик,
Олтин Ўрда чодирида қўнардик,
Иссиқкўлда гулмоҳидек сузардик,
Тошҳовузда чўмилардик, тинардик.
Ҳисор ётми, Ёйиқ борсак уётми,
Қай бирига, эна, энди кўнардик –
Қайда қолдинг, кел, энам-ов, Кўкбўри!
Ҳолимизни бил, энам-ов, Кўкбўри!
Ўғилларинг мўғул билан жанг қилди,
Ботирларинг Чингиз ҳолин танг қилди.
Енгилса-да тиз чўкмаган зўр боланг
Ҳинддан сакраб, ёв оғзини ланг қилди,
Тожмаҳалдек мўъжиза яратганлар,
Жанггоҳларда фил лашкарин чанг қилди.
Қайда қолдинг, кел, энам-ов, Кўкбўри!
Ҳолимизни бил, энам-ов, Кўкбўри!
Оқ ўрисла солишди Қурманжонлар,
Қизил ўрис додин берди Полвонлар.
Ёв қонига тўлдирди-ку Жайҳунни,
Иброҳим бек отли ёвқур арслонлар.
Келинларинг бек туғмай қўйди, эна,
Қани бугун алп йигитлар, султонлар –
Қайда қолдинг, кел, энам-ов, Кўкбўри!
Ҳолимизни бил, энам-ов, Кўкбўри!
Ўрис балосидан қутулдик, девдим,
Шукурки мустақил, ҳур бўлдик, девдим,
Кўзларимиз ҳамон ўрис томонда,
Адашдимми, энди зўр бўлдик, девдим?
Ҳурлик учун берилган жон унутми,
Ўзи беклик томон бурилдик, девдим –
Қайда қолдинг, кел, энам-ов, Кўкбўри!
Ҳолимизни бил, энам-ов, Кўкбўри!
Сибирдаги ўликларни унутдик,
Кафансиз у тирикларни унутдик,
Ватан деган ватансиз қайда қолди,
Мозорсиз у чирикларни унутдик.
Турмаларни тўлдирган гуноҳсизлар,
Қодирийга шерикларни унутдик –
Қайда қолдинг, кел, энам-ов, Кўкбўри!
Ҳолимизни бил, энам-ов, Кўкбўри!
Кўкбўри, кел, боланг орини уйғот!
Эл ичра номуси борини уйғот!
Мадаминбек каби жасурларингни,
Шермуҳаммад Бекдек зўрини уйғот!
Кел, бизларга бўри сутидан эмиз,
Ичимизда ётган бўрини уйғот –
Қайда қолдинг, кел, энам-ов, Кўкбўри!
Ҳолимизни бил, энам-ов, Кўкбўри!