"Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг аввалги сонида Ўзбекистонда Наврўз байрамининг нишонланиши ва бунда диний идоранинг фаол иштироки ҳақида гап борган эди. Эшиттиришни тайёрлаш ва сўнгра диний идора баёнотига билдирилган муносабатлар асносида "Мусулмон учун икки Ҳайитдан бошқа байрам йўқми?" деган савол бот-бот кўтарилди. Ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи Аброр Мухтор Алий бу ва мусулмонларнинг интеграциялашувига оид бошқа саволларга жавоб берди.
Наврўз ва бошқа байрамлар нишонланиши борасида фикр билдирадиган мусулмонлар орасида бу масалани бир саҳиҳ ҳадис матни билан ўзига ҳал қилганлар кўпчилик.
Саҳиҳ ҳадислар сирасида қуйидаги ҳадис Ибн Моликдан ривоят килинади: "Расулуллоҳ сав. Мадинага келганларида уларнинг икки куни бўлиб, унда ўйин-кулги қилишарди. Шунда Расулуллоҳ сав.: "Аллоҳ азза ва жалла бу икки кунингиздан кўра яхшироғини сизларга бадал қилиб берди. Булар Қурбон ва рўза ҳайитлари", дедилар" (Абу Довуд ривояти)
Бу икки Ҳайитга қўшимча Жума кунлари тилга олинади.
Аммо, байрам - миллат, дин ва давлатлатларо муносабатларда, айниқса, дунёнинг турли давлатларига ёйилиб бораётган ўзбек мусулмонларининг бошқа дин ва миллат вакиллари билан ўзаро муносабатлари, интеграциялашувидаги муҳим ижтимоий ҳодисалардан бирига айланиб бормоқда.