Тожикистон ҳукумати Вахш дарёсида Роғун ГЭСининг 335 метрлик тўғонини қуришга киришган. Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСининг биринчи иккита агрегатини 2019 йилгача қуриб битказишни режаламоқда. ГЭСнинг 13 миллиард куб метр ҳажмли сув омборини эса Душанбе ҳукумати Орол денгизи атрофида жойлашган давлатлар билан келишув бўйича белгиланган квота доирасида тўлдиришини билдирмоқда.
29 октябрь куни тўғон қурилишини бошлаш расмий маросимида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон қатнашди.
Пойтахт Душанбедан 110 километр узоқликда жойлашган Роғун ГЭСи, жаноб Раҳмоннинг таъкидича, олти агрегатдан иборат, ишлаб чиқариш қуввати эса 3600 мегаватт электр энергияга эга минтақада энг йирик станция бўлади.
“Баландлиги 335 метр бӯлган Роғун ГЭСи тӯғони дунёдаги энг баланд тош-ер тӯғони бӯлиб, 3600 мегаватт (17 миллиард киловатт-соатдан зиёд) кучга эга гидроэлектростанция минтақадаги энг йирик электр манбаларидан бирига айланади”, - деди Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.
Жаноб Раҳмоннинг Вахш дарёси оқимини ӯзгартириш маросимида сӯзлаган нутқи Тожикистон президенти маъмуриятининг расмий сайтида илк бор ўзбек тилида ҳам эълон қилинди.
Эмомали Раҳмон бу нутқида жумладан шундай дейди:
"Марказий Осиёнинг биродар халқларига мурожаат қилар эканман, тожик халқи узоқ асрлар давомида ӯз қӯшнилари билан тинчлик, хотиржамлик, ӯзаро тушуниш ва ҳамкорлик фазосида яшаб келганлигини таъкидлайман. Биз аждодларимизнинг бу эзгу анъанасини давом эттирган ҳолда ӯз қӯшниларимизни ҳеч қачон ва ҳеч қандай шароитда сувсиз қолдирмаслигимизни юксак масъулият билан айта оламан. Бугун биз минтақа мамлакатлари, жумладан, дӯст ва биродар Ӯзбекистон билан ӯзаро фойдали йӯналишлар, айниқса, сув, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда яхши қӯшнилик муносабатларини йӯлга қӯйдик, ҳамда икки томонлама муносабатларнинг барча муҳим масалалари ӯзаро тушуниш, халқларимиз манфаатлари йӯлида ӯз ечимини топишига ишончимиз комил", дейди Эмомали Раҳмон.