Ўзбекистон қора бозорларида сўнгги 3 ой ичида АҚШ долларининг қарийб 1000 сўмга қимматлаши ортидан, мамлакатнинг энг йирик улгуржи савдо маскани - "Абу Сахий" бозорида савдо қилувчи тадбиркорлар ҳам бизнесидан воз кечмоқда. Озодлик билан суҳбатлашган айрим тадбиркорлар 1 ойлик даромади 60 фоизга камайгани, айни пайтда патта ва ижара нархи ошиб бораётганидан шикоят қилди.
Шу йил март ойида қора бозорларда 3 минг 700 - 3 минг 750 сўмдан сотилган 1 АҚШ доллари ҳозирда 4 минг 750 сўмга чиқди. 16 май куни, бир доллар ҳатто 4 минг 950 - 5 минг сўмдан сотилгани кузатилди.
Доллар нархининг ошиши эса, одатдагидек, мамлакатга хориждан келтириб сотилаётган халқ истеъмоли моллари, маиший ва уй-рўзғор товарлари нархининг кескин ошишига сабаб бўлди.