Билмайман, орзуйим ўзи нимадир,
Дунё-ку Нуҳ сурган катта кемадир,
Бизнинг кемамизни уммон кўмадир,
Мен сени эслайман, сени, ёлғизим.
Кўзи хуморларга куним қолган кун,
Бори бозорларга куним қолган кун,
Турли туморларга куним қолган кун
Мен сени эслайман, сени, ёлғизим.
Ишим йўқ, одамлар нени эслайди,
Осмонга чиққани ерни эслайди,
Эҳтимол қайсидир мени эслайди,
Мен сени эслайман, сени, ёлғизим.
Тугамас эртакдан тўйдинг, биламан,
Ўзингни пичоқсиз сўйдинг, биламан,
Сен мени эсламай қўйдинг, биламан,
Мен сени эслайман, сени, ёлғизим.