У қадри осмоним, сен қадрдоним,
Иккингиз иккита оламсиз гўё.
Сенсиз куним ўтмас, усиз бир оним,
Рангини, завқини йўқотар дунё.
Сен онгим танлови, ундадир ҳушим,
Икки ўт ораси бағримни ёқар.
У бир йўқлаб қўйса кулади тушим,
Кўришсак кўзимдан қувончлар оқар.
Сен ҳаётим кўрки, у дил талаби,
Танлолмайман битта муносабатни.
Тарозининг икки палласи каби,
Тенг тутиб турасиз мувозанатни.
Сен ишонганимсан, у эса беғам,
Ҳамдардсан, у озод шамолдек елар.
Сенга умрим фидо, уни ўйласам,
Энтикиб-энтикиб йиғлагим келар...