БОЛАЛИКНИ ЭСЛАБ
Кетти ёшлик, кетти болалик,
Энди дилга беролмайман эрк.
Ҳам беғубор қайғулар кетти,
Шўхликларнинг эшиклари берк.
Шағал тошлар товон эзмайди,
Чақиртикон оғритмай қўйган.
Кўнгил нозик йиғлоқи бола,
Озори кўп қалблардан тўйган.
Йўл бўйида хазонрезгилар,
Шамолларга банди, бечора.
Шу шамоллар учирган умр,
Қайтмагайдир энди такрора.
Чанғароқдан термулади ой,
Болаликда шундай кўрганман.
Ўзгармаган ҳатто катта сой,
Мен-чи ўттиз бирга кирганман.
Яҳёхон ФАЁЗ