Гадосифат бойни ҳам, Денгиз ютган сойни ҳам, Игна кирган жойни ҳам Бир Зот кўриб турибди. Эл ошаган ошларни, Ерни ўпган бошларни, Пинҳон-пинҳон ёшларни Бир Зот кўриб турибди. Ким ортимдан отмиш ўқ, Ким соямга қилар дўқ, Адоватим, гинам йўқ – Бир Зот кўриб турибди. Дилинг соғми ё бемор, Ичинг ичида не бор, Гарчи тўрт ёнинг девор, Бир Зот кўриб турибди. Парда шитирлашидан Нега қўрқасан, эй, тан, Пардасиз нури билан Бир Зот кўриб турибди. Беҳзод, гул эк изингга, Ҳазир бўлгин сўзингга, Ҳар не қилсанг – ўзингга, Бир Зот кўриб турибди