Руслан Сабуров:
Ўзимни оқлайман қоғоз қоралаб,
Айбимни шеър ёзиб ювадигандай.
Ўнта савобимни санаб-саралаб,
Мингта гуноҳимни қувадигандай.
Ўзимни оқлайман қоғоз қоралаб,
Сиёҳга сингади қайғулар бир-бир.
Ярадор кўнгилни қайта яралаб,
Сени ўйламоқлик қанчалар ҳузур.
Ўзимни оқлайман қоғоз қоралаб,
Тиғдайин кесади қалам қўлимни.
Хаёл сўқмоғидан кетгум оралаб,
Йўқотиб қўйгандай ҳаёт йўлимни.
Ўзимни оқлайман қоғоз қоралаб,
Сочилиб кетади – сўзларим ғариб...
Эски суратингга теккизаман лаб,
Ўнта савобимни йўққа чиқариб.
Ўтиб кетаверар баҳору ёзлар,
Минглар туғилади, юзлар ўлади:
Йиллар суронида қора қоғозлар,
Оппоқ севгимизга ҳайкал бўлади.