Кўнгил қайтиб келган харобатлардан,
Жойнамоз тўрига чўкдим ниҳоят:
Буткул чарчаганман талафотлардан,
Аллоҳдан сўровим фақат офият...
Атрофимда гуллаб ётар жавониб,
Кўҳна орзуларга тиланган садо:
Аламлар, ситамлар, дардлар тўфонин
Елкамнинг чуқури кўрмасин ҳатто.
Юрагим ичидан суғурдим тикан,
Энди бор андуҳни хўр ташлаб кетдим.
“Роббана атина фиддуня...” деган
Дуони бошимга соябон этдим.
Унутдим армонни, зардгулни уздим,
Сидирдим йўлтўсар дардшакл изни.
Сизга-да сўрайин офият, дўстим,
Эвазига сиз ҳам сўранг шу сўзни..!