Оҳ, мени соғинмай бўлармикин, айт,
Мени соғинасан энтикиб, тўлиб!
Мени соғинасан ҳар кун, ҳамма пайт,
Мени соғинасан бир дунё бўлиб!
Қўл чўзсанг қўлларинг етмас дунёман,
Қўл узсанг қўлингдан кетмас дунёман,
Мен сенга рўёман, мен бир рўёман,
Оҳ, мени соғинмай бўлармикин, айт!
Киприкда энтиккан ёшингман сени,
Кўзингда кўз тиккан ёшингман сени,
Пойимда бош эгган бошингман сени,
Оҳ, мени соғинмай бўлармикин, айт!
Ёмғирлар ёғилиб эслатар мени,
Юлдузлар соғиниб эслатар мени,
Юрагинг оғриниб эслатар мени,
Оҳ, мени соғинмай бўлармикин, айт!
Оҳ, сени соғинмай бўлармикин, айт,
Сени соғинаман энтикиб, тўлиб!
Сени соғинаман ҳар кун, ҳамма пайт,
Сени соғинаман бир дунё бўлиб!
МЕН