Туғилдинг, бу ҳаёт остонасида, Сени қарши олди, бир ёғоч бешик. Улғайиб, яшаб сўнг кўзинг юмганда, Қабринга кузатди, тебранмас бешик. Бу ҳаёт — шу икки бешик ораси... Туғилдинг, ўрашиб оппоқ йўргакка, Эркалаб, эъзозлаб, севиб-суюшди. Руҳ оҳир танангни тарк этган куни, Яна оқ йўргакга ўраб қўйишди. Бу ҳаёт — шу икки йўргак ораси… Кўз очиб, ҳаётни кўрганинг заҳот, Одамлар йиғингга жим қулоқ осди. Бандаликни бажо келтирган кунинг, Дунёни ўзгалар кўз ёши босди. Бу ҳаёт — шу икки йиғи ораси