МИШ-МИШ ЁМОН
Дейдилар-ки, ёнмасин жон,
Ит ҳуради, ўтар карвон.
Фақат айтсам, дўст-қадрдон,
Эркак миш-миш қилса ёмон.
Инсон борки адашади,
Ёки уни алдашади,
Аммо аёл қолиб, бир ён,
Эркак миш-миш қилса ёмон.
Одамзоднинг кўпи содда,
Соддалиги турмас ёдда.
Чув тушаркан аҳён-аҳён,
Эркак миш-миш қилса ёмон.
Қўниб олиб йўл четига,
Зах ўтгунча то кетига,
Келиб қолса уч-тўрт нодон,
Эркак миш-миш қилса ёмон.
Давраларда гапни бериб,
Гап кетидан гапни териб,
Орасига қўшиб ёлғон,
Эркак миш-миш қилса ёмон.
Кўриб қолиб асли гўлни,
Йўлларига ташлаб тўрни,
Тузоғига тушган ҳамон,
Эркак миш-миш қилса ёмон.
Кўчасига кирса биров,
Ёмон ўйга бориб дарров,
Бир гапи бор дея ҳар ён,
Эркак миш-миш қилса ёмон.