Ўртоқ “Ўзбекфильм”, қумсайди кўнгил,
Шунча йил мизғидинг, уйғонгил энди.
Ҳозирги фильмлар жудаям енгил,
Бошингни кўтар-ей, тўлғонгил энди.
Ҳозирги фильмлар вазни пар, енгил,
Туғилиб, уч кунда ўлаверади.
Яна “Ёр-ёрлар”га тортади кўнгил,
“Суюнчи”ни кўргим келаверади.
“Севгинаторлар”му ишқ тарбияси,
Чорлар нурсизликнинг дастурхонига.
“Суперкелинчак”нинг бўш савияси
Тортмайди “Келинлар қўзғолони”га.
Ногоҳ "Улфат"ларга тушади кўзим,
Озгина ҳазилдан сўйлар лофчилар.
Эшик таққиласа, қарайсиз, у ким?
Бари “Замонавий янги совчилар”...
Бу бир парча саҳна, фильмлар эмас,
Бошланса, ўрнимдан тургим келади.
Тўғриси, қандайдир “Бўрилар”нимас,
“Тўйлар муборак”ни кўргим келади.