Муаллиф: Наргиза Усанбоева
31-қисм
У Маҳбубанинг кўзига ҳеч нарсани кўрсата олмади.
Зумрад ўғлининг ишхонасига қўнғироқ қилиб манзилни олганидан сўнг Шариф Маҳбубани огоҳлантирган шекилли, у қайнонасини ўзгача кутиб олди.
Зиналардан оҳиста кўтарилган Зумрад ҳали жаҳлидан тушмаганди. Ўзича хаёлида ўғлини йўлдан уриб келаётган аёлга аччиқ-тизиқ гапларни маржондек тизиб келаётганди. Бироқ ҳали тўртинчи қаватга чиқиб улгурмасидан зинанинг ўнг томонидаги эшик очилиб, овоз эшитилди:
— Бобожон, қара бувинг сени кўргани келяпти. Чоп, болам! Ассалому алайкум, ойижон! Қуёш қаёқдан чиқди? Бизни йўқлайдиган кунингиз ҳам бор экан-ку! Қаранг, неварангиз ҳам катта бўлиб, чопқиллаб қолди.
Зумрад ўзига қараб пилдираб келаётган бир ёшлардан каттароқ, қуйиб қўйгандек Шарифга ўхшаш болакайни кўриб, ўзини йўқотиб қўйди. Худди тақдир чархпалаги ортига айланиб, Шариф у томонга келаётгандек эди. Ёшлиги, ёлғизгина ўғлининг эндигина атак-чечак қилган даври кўз олдида жонланди. Ширин хотиралар чулғаб, аламларини тарқатиб юборгандек эди.
— Буви, дегин болам. Бувинг келди, — болага ўргата бошлади Маҳбуба.
— Буби... — деди болакай ҳам тўтиқушдек такрорлаб.
Зумрад энди буткул эриб кетди. Пешвоз чиқиб, қучоқ очган Маҳбубани бағрига босганини ўзи ҳам сезмай қолди. Сўнг неварасини даст кўтарди-ю, тўйиб-тўйиб ўпди.
— Шарифнинг ўзи бўлибди-ку, бу.
— Ҳа, бобосига, отамга жуда ўхшайди, дея “Бобожон” деб чақиради ўғлингиз. Лекин ўзига кўпроқ ўхшайди.
— Шарифнинг ўзи отасига тортган-да, — Зумрад ҳамон болани ўпаркан. — Яна буви де, болам.
— Буби, — деди бола ҳам худди бувисини юмшатиши лозимлигини билгандек.
— Вой, сенинг ширин тилларингдан. Нега шу пайтгача сени кўрмадим-а? Қандай сени кўрмай юрдим-а? Яхши, бегона қилмас экан.
— Бегона қилади ойижон. Сизнинг бувиси эканлигингизни билди, шекилли, — қайнонасининг илиқ муомаласидан жонланган Маҳбуба яна-да айёрлик қила бошлади: — Ўғлингиз ойим Бобожонни кўргани боряптилар, деганида йиғлаб юборсам, денг. Кейин Бобожонга айтдим, “Бувинг келяптилар, болам” дедим. Шундан буён буям, “буви, буви” деб эшикка қарайди. Шунинг учун келганингиздан югуриб чиқди.
— Вой ўзим айланай, мени кутган тойчоғимдан.
Зумрад уйга кириб, сариштагина меҳмонхона, тузалган дастурхон ва дарҳол сузилган маставага қараркан, Маҳбубанинг у келгунча шунча ишга улгурганидан ҳайратланди.
— Ойижон, олинг. Ошнинг тагини ҳам солиб қўйдим.
— Илгари Шариф бошқа жойни айтганди. Яшаш жойларингиз ўзгарибдими?
— Аввал холамнинг уйида турардик-да. Сотадиган бўлишди. Кейин шу ерга кўчиб ўтдик. Ижарада турибмиз, ойижон. Ижара ҳақи ҳам фалон сўм. Яна неварангиз жой алмашганигами, оғриб қолди. Холамнинг нарсаларини ишлатиб турардик, бу ерга келгач, анча-мунча рўзғор буюмлари сотиб олдик. Харажатлар кўпайиб кетди. Мен ишламасам... Шунга ўзи хижолат бўлиб ўтиргандик. Ўғлингиз сизга ҳам ёрдам бермай қўйди. Худо хоҳласа, келаси ойдан анча ўзимизга келиб оламиз.
— Менга буларни Шариф айтмади-да! Айтса, ўз боламдан, неварамдан аярмидим, — Зумраднинг тили режасига тескари равишда айланарди.
— Бунинг учун ўғлингизни койиб юрманг, ойижон. У киши ҳам икки рўзғор ўртасида қийналиб кетди. Ҳаммасига мен айбдорман. Шунча ташвиш камдек, яна бўйимда бўлиб қолибди. “Таксикоз”им ёмон ўтди. Унга ҳам пул кетди. Анув куни УЗИга тушгандим, бунисини ҳам ўғил деди, — қайнонасини ўзига оғдириш учун бор маҳоратини ишга соларди Маҳбуба.
Бу хабар Зумраднинг юрагига янада ёруғлик ва қувонч олиб кирди. Мис деб юргани олтин чиққандек, Маҳбуба кўзига жуда яхши кўриниб кетди. Асли исми Шарифга уйқаш қилиб, Зариф қўйилган бўлса-да, неварасининг “Бобожон” дейилиши ҳам қулоғига мойдек ёқди. Тағин унинг ширинлигини айтмайсизми? Нақ Шарифнинг болалиги. Бегона қилмай, бўйнига осилиши ҳам борган сари Зумрадни мумдай эритмоқда эди.
Тўғри, Диёра ҳам Шарифга ўхшайди. Аммо инжиқлиги ва йиғлоқилиги билан одамни ўзидан бездиради. Раҳматли онаси — Бувсара кампир чақалоқни кўра солиб бош чайқаганди:
— Сени кўргандай бўлдим, Зумрад. Овози ҳам сабрсизланиб бақириши ҳам сенинг ўзгинанг.
Биргина шу гап Зумраднинг қалбида мавж ураётган меҳрни янада тўлқинлантириб юборганди. Яна ким билсин, Бобожон ундан тўрт-беш ой катталиги ва эндигина кўриб тургани учунми бутун диққатини мавҳ этганди.
— Бобошим, ўзимнинг бобом, — суйиб эркалади у неварасини. — Ҳадемай, уканг ҳам туғилса, еру-кўкка сиғмай қоларканман-да...
— Илоҳим шундай бўлсин, ойижон. Шу пайтгача роса эзилиб юрардим. Шўрлик болам бувисини бир марта ҳам кўрмаган. Ота уйини ҳам билмайди, деб ўзимни еб қўярдим. Энди иккита бўлса ҳам шу аҳвол бўладими, деб қўрқардим. Ахир булар ҳам ўғлингизнинг болалари.
— Мана келдим-ку! — неварасини тиззасига ўтқазаркан деди Зумрад.
— Тақдирим сизникига ўхшаш бўлармикан, деб роса қўрқдим. Ўғлингиз айтиб берди. Сиз ҳам қайнотамга иккинчи хотин бўлган экансиз...
Зумраднинг бирдан авзойи ўзгарди. Маҳбубанинг ёнида тили қисиқ бўлишини истамадими, дарров “узиб” берди:
— Мен сизга ўхшаб битта болам билан уйланмаган йигитнинг бошини айлантириб олмаганман. Шарифнинг отаси бообрў одам эди. Тўғри, оиласи бўлган. Аммо мени алдаган, “ажрашганман” деб. Ҳақиқатни билганимдан кейин алоқани уздим. Шарифни ҳам кўрсатмадим. Онам роса койиди. Ўқиб, ишлаб ёшим йигирма тўртга борганда учратганман Шарифнинг отасини...
— Тақдир-да, ойижон. Мен ўзим истабманми шу ҳаётни? Мана, ҳадемай иккинчи ўғлим туғилади, лекин ижара уйда турамиз. Ўғлингиз икки оила ва бу маош билан бир умр ишласа ҳам уй ололмайди. Сиз эса бизни тан олмайсиз. Тан олганингизда ўғлингизни уйлантирмаган бўлардингиз...
— Энди-и-и, — Зумрад гап “ютиш”ни истамайди: — Менинг ўрнимга ўзингизни қўйиб кўринг. Эртага Бобожон ҳали уйланмай туриб, бир болали аёлга ўралашиб қолса, уйингизга олиб келасизми?
— Худо сақласин, денг бувижониси...
— Ана, кўрдингизми? Айтганча, қизингиз кўринмайди?
— Боғчада...
— Ҳа-а, Шарифга ҳам қийин экан. Унинг боғча пули, кийим-кечаги ҳам ўғлимнинг бўйнидадир.
Маҳбуба “ҳа” дегандек бош чайқади. Сўнг ўзини оқламоқчи бўлгандек деди:
— Ўғлингиз ўзи бўйнига олган. Чунки қизимнинг отаси Шариф билан муносабатларимизни билиб қолиб, кўчага ҳайдаб чиқарди. Энди ундан қизим учун алимент сўролмайман. “Ким билсин, қизинг ҳам бошқадандир”, деганди ажрашаётганимизда.
Зумрад бир сергак тортди. Бошида эри бўла туриб, уйланмаган йигитга кўз сузган бу “ғунажин”дан ўзини йироқ тутиши лозимлигини уққандек бўлди. Бироқ Маҳбуба унга ҳар томондан қопқон қўяётгандек эди:
— Мен сизга ўхшаб онадан битта фарзанд эмасман. Уйимга қайтиб борганим билан сиғмайман. Шундоқ ҳам уч хонали уйда икки укам ойим билан тиқилишиб ўтирибди. Менинг бу ҳаётимдан кейин синглимни сўровчилар ҳам камайган. Ўзим сиғмаган ота уйимга уч болам билан сиғармидим? Шунинг учун ўла-ўлгунимча ўғлингиз билан яшайман. Лекин ўғилларим бир умр ўгай каби яшашини ўйласам...
— Нега ўгай бўларкан? — беихтиёр деди Зумрад.
— Ҳозир уларнинг ўгайдан нима фарқи бор? Сиз ҳеч қачон уларни ота уйига боргани қўймайсиз. Ўзингиз ҳам...
Зумрад лом-мим демади. Ҳозир бир сўз дейишга ожиз эди. Маҳбуба эса тўхтамасди:
— Ёлғиз ўғлингизнинг ўғиллари сизга бегонадек катта бўляпти. Ўғлингиз ҳам бундан сиқилади. Ҳозирча Бобожон кичкина, буниси туғилмаган. Сезилмайди. Лекин эртага катта бўлса, нима деймиз? Бувинг сизларни яхши кўрмайди, деймизми?
— Буни Шарифга тегишингиздан олдинроқ ўйлашингиз керак эди... — деди Зумрад нима дейишини билмай. — Энди менинг қўлимдан нима келади? Сизни ҳам олиб бориб уйга жойлаб қўёлмайман. Ўғлимни қўш хотинликда айблаб, қамаб қўйишсинми? Шундоқ ҳам қўш хотинли. Бу қонунан мумкин эмаслигини биласизми? Ўғлим ўзига ўзи чоҳ қазиди, унга тушмасин деб менинг жоним ҳалак.
— Майли, ойижон куйинманг. Дастурхонга қаранг. Мен ошнинг гуручини солай... — ўрнидан қўзғалди Маҳбуба.
* * *
Маҳбуба бугун ўзини феълига зид равишда ҳокисор ва оёқостидек тутган бўлса-да, мамнун эди. Чунки қайнонасига анчагина таъсир ўтказди. Энди Шарифни сиқувга олса бўлди. Ора-сира қайнонасига қўнғироқ қилиб, Малакнинг ҳам асабига тегади. Қўнғироқ қилиб туришига, Бобожонни гаплаштиришга Зумраднинг ўзи рухсат берди. Агар тез-тез шундай қилса, кун келиб, кундоши ҳам тушуниб етар ўша ҳовлида ортиқча бўлиб қолганини...
— Ойингизни кўнгилдагидек кутиб олдим. Бобожонни кўриб эриб кетдилар, — деди у ишдан қайтган Шарифга пешвоз чиқиб. — Ойлигингизни нега олиб бора олмаётганингизни ҳам айтдим. Ҳомиладорлигимни ҳам билдилар.
— Ҳеч нарса қолмабди-да...
— Ойингизнинг менга муносабати ўзгарди. Ичимдаги ҳамма гапни айтдим. Невараларингиз сизга ўгайдек катта бўляпти, дедим.
— Нима кераги бор эди шу гапларнинг?
— Нега керак эмасакан? Мен шунақа қилиб уч бола билан ижара уйда яшаб юравераманми? Менинг ҳаққим кўпроқ у ҳовлида. Ўғлим бор. Иккинчисини ҳам ўғил дейишди. Ҳовлида ўғилларимнинг ҳаққи кўпроқ! Қараб туринг, ўша қишлоқини ижара уйга чиқариб, ўзим кўчиб бораман ҳовлингизга.
— Яна бошлаяпсанми?
— Жавобини беринг унинг! Менга номига уйланаман, дедингиз! Совуқ муносабатимдан кейин ўзи кетиб қолади, деб алдадингиз! Нима бўлди? Ана, мендан кейин дарров туғиб олди. Шуми, уйланиб, қўл теккизмай яшаганингиз? — борган сари тутай бошлади Маҳбуба.
— У менинг қонуний хотиним! Тушундинг!
— Истасангиз, мен ҳам бўлардим қонуний хотин! Лекин сиз... Гулдек оиламни бузиб, энди...
— Нима? Мен бузибманми оилангни? Ўзингнинг хуш-хаёлинг қаерда эди? Нега ўзингни оилали аёлдек тутмадинг? — ўзини боса олмади Шариф ҳам.
— Айбим сизни севиб қолганимми?
— Бўлмаса, энди чида! Ҳар доим битта гапни қайтаравериш ҳам жонга тегди. Безиб кетдим жанжалларингдан!
— Биламан, сал бўш кетсам, ўшанинг ёнидан келгингиз келмайди!
— У сенга ўхшаб шаллақи эмас!
— Энди шаллақи бўлиб қолдимми? — баттар авж олди Маҳбуба. — Ўша кўзингизга яхши кўриниб қолдими? Айтиб қўяй, ўша билан яшашингизга йўл қўймайман! Энди жим ўтирмайман! Шунча аяганим етади. Судга бераман! Қўшхотинлик учун неча йил беришларини биласизми? Ойингиз ҳам шундай, сизнинг қамалиб кетишингиздан қўрқаркан. Жа бўлмаса, ойингизга сизни судга бераётганимни шипшитиб қўяман, қарабсизки, ўша қишлоқининг думини тугади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев