76-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Гулҳаё бир кунда икки соат вақт ажратиб бориб, кийимларни бичиб келса, бўлгани. Андозасини уйда ҳам қилаверади. Лекин шу бичишни Умиднинг ўзига ўргатса ҳам зўр бўларди. Айтганча, Зилола ҳам бор. Ҳадемай ўқиш бошланади. Зилола шаҳарга келади, иш керак унга ҳам. Агар унга ҳам ишини ўргатса иккисига ҳам фойда бўларди.
Гулҳаё шуларни ўйларкн, цехни юриш ҳақидаги фикри янаям қатъилашди. Бу онасининг соғлиғига боғлиқ масалалиги айниқса, уни ишлашга чорлади.
🍃
- Бугун халқаро конференция бор, эсингдами? Чиройли кийиниб кел! – деди тонг саҳарлаб Матлубга қўнғироқ қилган Нигора.
- Мен боришим шартми? – бошида турган оғриқдан кайфияти тушиб кетган Матлуба иккиланиб деди.
- Асосан сени чақиришган ўртоқ психолог!
- Мазам йўқлигига иккиланяпман.
Уларнинг суҳбатини эшитиб турган Умид онасига телефонингизни беринг, дегандек ишора қилди.
- Сен билан Умид гаплашмоқчи, - деди Матлуба телефонини Умидга узатаркан.
- Ассалому алайкум, хола. Яхшимисиз?
- Ва алайкум ассалом, асалим. Яхшимисан? Нима гап?
- Хола конференцияга ойимнинг бормагани яхшими? Боши оғриб қолса... – Умид ғалати қилиқлар қилиши мумкин деёлмади.
- Умид, Матлуба боши оғриганда ғалати бўлиб қоляпти. Кеча менга қараб, “Тулки” деб бақирди, - деди Нигора таажжубини яширмай.
- Шу учун айтаяпман-да, хола. Менга қолса, ойимни ишга ҳам жўнатмай турсамми деяпман.
- Асалим, ойингнинг қабулига бир ойгача одамлар ёзилиб қўйган. Бир ой келмаса бўлмайди. Кейинги ойдан қабулига одам ёзмасак бўлади-да.
- Бўлмаса, кейин ойдан қабулига одам олманг, хола. Аввал яхшилаб даволатиб олайлик.
- Хўп, жоним. Ўзим айланай сендан. Меҳрли фарзанд бўлибсан, барака топ.
- Раҳмат... Яхши ишланг хола.
Умид алоқани узди ва онасига қаради.
- Яхшисизми, ойи?
Матлуба атрофга ёввойи нигоҳ билан қаради-да, Умидга тикилиб қолди. Сўнг унинг кўзларидан кўз узмай кула бошлади. Умиднинг юраги орқасига тортиб кетди.
🍃
Гулҳаёни шифохонадан олиб чиққани Шаҳзоднинг ўзи борди. Ўзини яхши ҳис қилаётгани учун унинг кайфияти жуда яхши.
- Шаҳзод ака, дадамнинг цехи учун икки соатгина вақт ажратсам нима дейсиз? Тўйимиздан буён шуғулланмай қўйдим. Дадамнинг савдоси ўлди. Ойимни даволатиш керак экан, Менинг шартнома пулимни тўлаш керак. Хуллас, дадамга кўп пул керак.
- Сенинг шартнома пулинг, мени зиммамда. Агар ўзинг ишлашни истар экансан нима ҳам дердим, - деди Шаҳзод. – Ишинг оғирмас-ку, тўғрими?
- Ҳа, осон. Андозаларни уйда ҳам чизавераман. Цехдаям ҳамма иш тайёр қилиб беришади.
- Унда яхши.
- Раҳмат сизга, жоним, - деди Гулҳаё хурсанд бўлиб. Кейин телефонини олиб Зилолага қўнғироқ қилди. Икки дугона ўқув йили бошланганда бирга ишлашга келишиб олишди.
- Дарсдан сўнг бир соат сенга ўргатсам, бир соат ишласам, дадамнинг иши анча юришиб қолади, - деди Гулҳаё.
- Жон деб ишлайман. Ўзи таътилдан олдин анча қўлим келишиб қолганди, - деди Зилола ҳам.
Шу билан икки дугонанинг суҳбати қизигандан қизиб кетди.
🍃
Севара ва Аббос хўроз қичқирмасдан “оптом” бозорга келишганди. Севара анча мол олмоқчи. Бугун бозори зўр бўлишидан умиди катта. Эр-хотин иккаласи ярим соатча бирга айланишди. Бўлмади. Иккаласи икки хил мол олгани учун вақт йўқотгани қолди. Ноилож айрилиб, ўзларига керакли кийим-кечакни олишга киришиб кетишди. Севара бир жойдан анча мактаб ўқувчилари учун кийим олди, аммо пулини бераман деганида қани топа олса? У ёғини кўрди, бу ёғини кўрди. Сумкасини титкилади. Йўқ! Телефонини олиб, Аббосга қўнғироқ қилди:
- Пулим сизда кетмабдими?
- Йўқ, ўзинг сумкангга солдинг-ку.
- Сумкамга солганмидим? – ишонч ҳосил қилиш учун сўради Севара.
- Ҳа, сумкангга солаётганингни кўргандим.
- Тушириб ёки ўғирлатиб қўйибман. Мол олиб қўйгандим, пулим йўқ беришга.
- “Реал”га бермасмикан? – сўради Аббос қарзни назарда тутиб.
- Яқин танишмасмиз. Ишонмаяпти, қарзга беришга.
- Менам пулимга олиб қўйдим, мол, - деди Аббос.
- Ҳа бўпти, бугун ҳам бўлмади, бозорим, - кайфияти тушди Севаранинг.
Бир хаёлида уйига югуриб бориб яна пул олиб келмоқчи бўлди.
Аммо унгача “оптом” бозор тарқаб кетиш эҳтимоли катталигини ўйлаб, индамай уйи томон йўл олди. Таксида келаркан, телеграм каналлардан бирида ўқиб қолди:
Имом Табароний “Авсат” асарида ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зинодан сақ¬ла¬нинг. Унда тўрт офат бор: юздан гўзалликни кетказади, ризқни кесади, Раҳмонни ғазаблантиради, дўзахда абадий қолишга сабаб бўлади”, дедилар.
“Менам зино қилдим, - ўйлади ичида Севара. – Шунинг учун икки кундан буён фақат чиқим бўлаёган экан-да. Бир ойда топганимни мана шу икки кунда йўқотдим-ку... Юздан гўзалликни оларкан... Ризқни кесаркан... Ризқим кесиляпти...”
Севаранинг кайфияти буткул тушиб кетди. Уйига келди-ю, аламдан каравотга ўзини ташлади.
🍃
Аббоснинг эса ҳар кунгидан савдоси яхши бўлди. Тўғри Севараникига кетмоқчи эди, аммо кеча ҳам уйда бўлмагани, шундоқ ҳам Умид билан муносабатлари тескари бўлиб бораётганини ўйлаб, уйига келди.
- Дадам келди, овқат еймиз, - деди уни кўриши билан Гулранг.
Кечки овқатни еб бўлишганидан кейин Матлуба боши оғриётгани айтиб чиқиб кетди. Умид эса отасига яқинроқ ўтирди. Албатта, бундан Аббос таажжубланди.
- Дада, ойимни даволатишимиз керак, - деди у.
- Даволатаяпмиз-ку! – деди Аббос пинагини бузмай.
- Ичим юрган таблеткаларини айтяпсизми? Кеча ойимни МРТга туширдим. Мия қуриш жараёни кетаётган экан. Олдини олмасак, бошқа аъзолари ҳам ишдан чиқаркан. Шунга... жиддий даволатиш керак.
- Ҳаракат қиламиз, ўғлим, - деди Аббос кайфияти тушганини сездирмасликка тиришиб. – Кўриб турибсан, бозор ҳам яхши бўлмаяпти. Цех ёпилди. Гулрангни шартнома пули бор. Шуларга пул топиб берсам ҳам катта гап.
- Ойимнинг соғлиғи-чи?
- Ойинг ўзига ўзи қилди. Ким унга ўзини машина тагига ташласин дебди. Қолаверса, ўзиям ишлаяпти. Ана, ойлигига даволанаверсин...
Умид дадасининг пули йўқлигини баҳона қилишини билганди, аммо бунақа гап кутмаганди. Ўзини зўрға тийиб ўтирди. Сал қолди “Ким мажбур қилди, машина тагига ташлашига?” дейишига.
- Бўлмаса... цехни юрғизаман! – деди Умид.
Аббос кулди.
- Йиллаб бозорда юрган мен юрғиза олмадим, сен нима қилиб юрғизасан?
- Рухсат беринг, омадимни синаб кўрай...
- Лекин... сенга ёрдам беришга пулим йўқ.
- Пул сўрамаяпман, дада. Рухсат сўрадим.
- Майли, майли... – деди Аббос “Қани нима қиларкансан?” дегандек беписанд қараб. Кейин ўрнидан туриб, ётоқхонага кирди. Матлуба каравотида бошини ушлаб ётарди. У Аббосни кўриши билан ўрнидан ирғиб турди ва бор овози билан бақирди:
- Пишт! Пишт! Чиқ!
Аббос унга аввалига ҳайрон қаради.
- Нега менг бақирасан? Нега “пишт” дейсан? – жаҳли чиқди кейин.
- Пишт, пишт, пишт... – аста-секин овози пасайиб жойига ётди Матлуба.
Уни тим кузатиб турган Аббос “Жинни бўляпти, бу. Тезроқ ажрашмасам, жиннини қаратишимга тўғри келди”, деди ўзига ўзи ва индамай меҳмонхонага чиқиб кетди.
У озроқ телевизор кўриб ётди-да, хаёлига “Секин Севаранинг ёнига борсам-чи? Бугун пулини йўқотди, ҳол ҳам сўрамадим”, деган ўй келди.
🍃
Зоир ишхонада раҳбари билан тортишиб қолди. Кайфияти бузилди. Сўкинганча келиб жойига ўтирди-да, телефонини қўлига олди. Телеграмда Севарадан келган янги хабарни кўриб бирдан тунд чеҳраси ўзгарди.
“Салом. Нима қиляпсиз? Менинг буткул кайфиятим йўқ. 😢 Пулимни йўқотдим, бозорда. 😢 Келинг, бирор жойга борайлик ❤️”, - дейилганди Севаранинг хабарида.
Зоир дарҳол овозли хабар юборди:
- Қаерга боргингиз келяпти, асал! Айтинг, обораман.
Севаранинг ҳам овозли хабари узоқ куттирмади.
- Билмадим. Кечаги воқеалар, бугун бозорим бўлмагани, пулим йўқолгани... яна болаларимни ҳам Малик олиб кетган. Бир ўзим зиқим чиқиб ётибман, - Севаранинг овози ростдан тушкун эди.
- Уйингизга бораман, унда, - дея овозли хабар юборди Зоир.
- Йўўўқ, аввал бирор жойда овқатланайлик.
- Хўп, хўп асал. Ҳозир учиб етиб бораман! – Зоирнинг сўнгги хабари шу бўлди.
У машинасига ўтирди-ю, яна шаҳарга қараб йўл олди.
🍃
Гулранг идиш-товоқларни ювди, ошхонани яхшилаб йиғиштирди. Кейин онасидан хабар олди. Онаси тинчгина ухлаётган экан. Залда ётган дадасига хайрли тун тилади-да, ўз хонасига йўл олди. Ўрнига чўзиларкан, ҳали кўзига уйқу меҳмон бўлмагани боис, телефонини қўлига олди. Маликдан хабар келибди.
“Пучуқ, нималар билан бандсан? Мени ҳам ўйлармикансан?” – деб ёзибди телеграмдан.
“Ухламоқчиман...” – жавоб ёзди Гулранг.
“Сенга ҳавасим келади. Ҳеч кимни соғинмайсан, ҳеч кимни кўргинг келмайди...” – деди Малик.
Гулранг бу хабарга нима деб жавоб ёзишни билмади. Индамай қўя қолди.
Маликдан яна хабар келди:
“Икки кундан кейин ўқиш... Шунақа кутяпман... ”
Гулранг жилмайди ва телефонини ёнига қўйиб, кўзларини юмди.
🍃
Алмойи-жалмойи қилиқлари қилаётган Матлуба билан бир хонада ётгиси келмаган Аббос уйининг меҳмонхонасида ҳам узоқ ётолмади. Озроқ телевизор кўрди, бироз телефон титкилади. Кейин учрашувга шошаётган бўз йигит каби юраги дуккиллаб уйдан сирғалиб чиқди. Машинасига ўтираркан, ўзини оқлаган бўлди:
- Севара никоҳли хотиним бўлса, нимадан қўрқаман. Бу уйда халоват бўлмаганидан кейин, тинч жой қидираман-да...
У яна ўзини оқлаш, Севарага ён босиш учун бугунги воқеаларни ҳам эслади. Ахир бугун Севара улгуржи бозордан мол ола олмади. Бўш қўл билан қайтгани учун бозори ҳам бўлмади. Кеча ҳам уйига сув тошириб, қўшнининг уйини таъмирлатишга пул тўлаган. Табиийки, кетма-кет келган чиқимлар ҳеч кимга ёқмади. Бу Севарага ҳам ёқмаётгандир? Тушкунликка тушиб ётгандир? Шунинг учун унинг ҳам ёнида бўлгани яхши. Кеч бўлган бўлса ҳам шаҳар айлантириб келар, суҳбатлашиб ўтиришар... Шукрки, ёнида пули ҳам бор. Бир-икки сўм берса Севаранинг ҳам кайфияти кўтарилиб қолади. Тез орада бутунлай уникига кўчиб ўтишини айтса, қувончдан юраги ёрилай деса керак. Ахир қачондан буён кутиб юрибди.
“Севара мени кута-кута охири “Ажрашсаммикан?” деган қарорга ҳам келди.
Уни йўқотишни истамайман. Кўнглига қарашим керак”, - деди Аббос ичида машинасини елдириб Севаранинг уйи томон бораркан.
🍃
Тун икки гуноҳкорнинг хатоларини беркитишга уринган каби зим-зиё ва рутубатли эди. Зоир ва Севара энг зўр ресторанда ўтириб овқатланишди.
- Хотингизга нима деб чиқяпсиз? – рашкданми, қизиқишданми сўради Севара.
- Ҳеч нарса демаяпман. “Сенга ҳисоб бермайман”, дейман бўлди.
- Мана шу дангалчилигингизни севаман-да! – деди Севара Зоирдан кўз узмай. – Қиламан деган ишингизни қилишингиз ҳам ёқади. Анув мени эрим... “Қизларимни узатишим керак, шартнома пулини тўлашим керак, хотинимни даволатишим керак, кейин бирга яшасак керак...” деб судралиб юрибди.
- Қўйинг, шулар ҳақида гаплашмайлик, - рақиби ҳақида эшитишни истамади Зоир. – Бу ердан чиқиб уйингизга борамизми?
- Албатта. Қолиб кетган камарингизни тақиб кетасиз, - Зоирдан кўз учмай, ишва билан деди Севара.
- Ҳали тақмайман, эрталаб тақиб кетаманда. Шунча йўлга келдим, тақиб жўнатиб юбормассиз, - киноя қилиб, Зоир ҳам эҳтирос билан.
Севара кулади. Иккаласининг “шира”ли суҳбатини телефон қўнғироғи бузди.
- У-ф-ф, - энсаси қотди Севаранинг. – Эрим...
Сўнг қўнғироққа жавоб берди:
- Ало? Ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом. Қаердасан, Севара? – Аббоснинг хавотирли овози эшитилди.
- Менми? – Севаранинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди. Сўнг чўзилиииб деди: – Мен уйда-а...
- Уйдамассан-ку. Мен келдим.
- Гапимни тугатиб олай, Аббос ака, - дарров нозланиб гапиришга ўтди Севара. – Уйда ётиииб зерикдим, қўрқдим. Болаларни ҳам укам олиб кетганди-ку. Кейин секин Рита холанинг ёнига келдим.
- Рита хола билан уришиб қолдим, демадингми?
- Шу... – яна гапини йўқотди Севара. – Ярашишга келдим-да. Чунки Рита холасиз ишим битмайди-ку.
- Бўлмаса... Кийиниб тур, ҳозир бориб олиб келаман. Нима қиласан, Рита холаникида?
Севаранинг кўзлари косасидан чиққудек бўлиб Зоирга қаради. Телефонининг микрофон жойлашган томонини қўли билан беркитаркан деди:
- Ўлдим мен, ўлдим!
🍃
Бешикда ётган боласига қараб қўяркан, Ҳилоланинг кўнгли ёришди. Лекин бирибир дилидаги шубҳа тарқамади. Мана соат тунги ўн бир бўляпти, Зоир ҳалиям йўқ. Телефон қилди, кўтармади, хабар ҳам ёзиб қўймади.
Аввал бунақа эмасди. Яқинда маҳаллада “Севарани ота-онаси кечирганмуш, уйига келаётганмуш”, деган миш-миш тарқади. Бу гапни эшитиб унинг қалбини хавотир оралаганди. Хавотирини кучайтириб Зоир ҳам ўшандан буён жуда ўзгарди. Ҳилолани жеркади, ўзига жуда аро беради. Рўзғор билан иши йўқ. Мана энди кунора уйга келишни ҳам унутяпти. Қаерда бўлиши мумкин? Шу пайтгача тунда бирор жойда қолмаган. Иши юзасидан ҳам тунда бориладиган юмуш бўлмаган. Зоир эса мана йўқ.
Ҳилола уҳ тортиб ўнг ёнига ағдариларкан, дунёга сиғмай кетди. Аниқ ўшанисининг ёнига кетган. Бўлмаса кеч соат етти бўлмай уйда бўларди. Нима қилса экан? Отасига айтиб берса-чи?
Э, отасига айтганидан фойда бормиди? Ўзи Зоир қаерда бўлса ҳам боласини соғиниб югуриб келарди. Энди қаерларда юрибди? Ҳилоланинг юрагида рашк олови борган сари кучайди. Шартта телефонини олди-ю, қўнғироқ қилди. Афсус узун-узун гудоклардан бошқа овоз эшитмади, Ҳилоланинг қулоқлари.
🍃
Севаранинг ижара уйида, ётоқ каравотида ёнбошлаб ётган Аббос унинг жавобини кутаётганди.
- Ҳалиги... – деди Севара ниҳоят. – Аббос ака, Рита хола ухлаб қолди. Мен ҳозир ўғри мушукдек билдирмай чиқиб кетсам, эшиги очиқ қолади. Кейин кўринг, кампирдан гап эшитишимни.
- Овозингдан уйғонмадими? – Аббос ҳам жангда таслим бўлишни истамаётган аскардек сира ён беришни истамаётганди. – Уйғонгандир?
- Йўқ-да. Ухлаб ётибди. Бугун шу ерда ёта қоламан.
- Уйғонсанг-чи?
- Бобиллаб беради, Аббос ака!
- Ҳа майли. Бўпти, яхши дам ол, - деди Аббос ноилож.
- Айтанча, Аббос ака сиз қаердасиз? Уйга келганмидингиз? – ўсмоқчилаб сўради Севара.
- Ҳа келгандим. Каравотда ётибман. Эшикни жиринглатдим, очмадинг. Кейин ўзим очиб киргандим.
- Майли, яхши дам олинг... – Севара хайрлашди.
Аббос телефонини қўйди-ю, устига чойшабни тортиб, кўзларини юмди.
🍃
Қинидан чиққудек ураётган юраги устига қўлини қўяркан, чуқур нафас олди Севара. Зоир эса ундан кўз узмай турарди.
- Сал қолди, тилимдан илинардим, - деди кейин Севара Зоирга тикилиб. – Ётоқсиз қолдик. Эрим келибди. Ухлайверинг дедим.
- Нима бор эди, сизга эрга тегиб? – ижирғангандек гапирди Зоир.
- Уйим бўлмаганидан кейин мажбур текканман-да!
- Шу аёлларга ҳайрон қоламан. Кўнгили тортмаган одамлар билан ҳам яшаб юраверади. Эркаклар унақамас. Қачон ёқтирса, кейин интилади.
Давоми бор
Ёндирмачоқ бу – қувонч! Босиб ўтинг!
#usanboyeva
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7