Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу муборак ҳадисларида Курсий оятининг (Бақара, 255) бир улуғ фазилати ҳақида баён қилганлар.
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга Рамазонда йиғиладиган фитр садақаларини (буғдойни) сақлашни буюрдилар. Бир кун кимдир келиб, тўпланган буғдойдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб: “Ҳозир сени Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб бораман”, дедим. У: “Мени қўйиб юбор, бола-чақам бор, жуда ҳам муҳтожман”, деди. Уни қўйиб юбордим. Тонг отганида Пайғамбар (алайҳиссалом): “Эй Абу Ҳурайра! Асиринг кеча нима қилди?” деб сўрадилар. Мен жуда ҳам муҳтожлиги ва бола-чақасининг кўплигидан шикоят қилгани учун раҳмим келиб, қўйиб юборганимни айтдим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга ёлғон гапирган, у қайтиб келади”, дедилар. Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) сўзларидан унинг келишини англадим. У келиб, буғдойдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни тутиб олдим ва: “Сени Расулуллоҳнинг олдиларига олиб бораман”, дедим. У олдинги гапини такрорлади. Раҳмим келди ва бу гал ҳам уни қўйиб юбордим. Тонг отгач, Пайғамбар (алайҳиссалом): “Эй Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди?” дедилар. Мен яна олдингидай муҳтожлигидан шикоят қилгани учун қўйиб юборганимни айтдим. У зот (алайҳиссалом): “Сенга ёлғон гапирган, у қайтиб келади”, дедилар. Учинчи кун уни ушлаб олдим ва: “Уч марта бўлди, энди сени Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман. Ҳар сафар қайтиб келмайман деб, яна келаверасан”, дедим. У энди: “Мени қўйиб юбор, сенга Аллоҳ фойдали қиладиган бир неча калималарни ўргатаман”, деди. Мен: “У қандай калималар?” деб сўрадим. У тўшагингга ётиш пайти “Курсий оятини тўлиғича ўқи, Аллоҳ сенга бир қўриқчи юборади ва тонг отгунича сенга шайтон яқинлашолмайди”, деди. Мен уни қўйиб юбордим. Тонг отгач, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) мендан: “Кечаги асиринг нима қилди”, деб сўрадилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у менга Аллоҳ фойдали қиладиган калималарни ўргатаман, деб ишонтирди. Мен уни қўйиб юбордим, дедим ва унинг айтганларини баён қилдим. Шунда у зот: “Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост гапирибди. Уч кундан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?” деб сўрадилар. Мен: “Йўқ, билмайман”, деб жавоб бердим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “У шайтон эди”, дедилар (Имом Бухорий).
Ўқиганингиз ушбу ҳадиси шариф мазмунидан Курсий ояти ўқилган жойга шайтон яқинлашмаслиги маълум бўлади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев