-----
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўн уч сурасининг ўн олти оятида зикрга буюради. Шундай экан, энг аввало, оятларга мурожаат қиламиз. Аллоҳ таоло бизларга қандай зикр қилишни Ўзи ўргатган.
«Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152)
«Раббинг зикрини кўп қил ва эртаю кеч тасбеҳ айт!» (Оли Имрон, 41)
«Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар) “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!”» (Оли Имрон, 191)
«Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг!» (Нисо, 103)
“Раббингизни ичингизда тазарру ва қўрқинч билан ҳамда гапирганда овозни кўтармасдан эртаю кеч зикр (ёд) этинг! Ғофиллардан бўлманг!» (Аъроф, 205)
«Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингиз, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)» (Раъд, 28).
«Илло, “Иншааллоҳ (Аллоҳ хоҳласа)” (денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Раббингизни зикр қилинг (яъни “иншааллоҳ”, денг) ва: “Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ Тўғри йўлга ҳидоят этса”, денг!» (Каҳф, 24)
«Аммо имон келтирган ва эзгу ишларни қилган ҳамда доим Аллоҳни ёд этган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом равнақ топгач) ғолиб бўлган кишилар (мустаснодир). Зулм қилганлар эса, яқинда қандай оқибат сари кетаётганларини билиб олурлар» (Шуаро, 227).
«(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут, 45).
«(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб, 21).
«Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб, 35).
«Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинг!» (Аҳзоб, 41)
«Аллоҳни кўп ёд этинг! Шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жумъа, 10).
«Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир» (Мунофиқун, 9).
«Раббингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай ажралинг!» (Муззаммил, 8)
«Эртаю кеч Раббингиз номини ёд этинг!» (Даҳр, 25)
Қуръони каримнинг 3 та сураси 3 та оятида такбирга буюрилган:
«Бу — ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).
«Ҳамд фарзанд тутмаган, подшоҳлигида шериги йўқ, хорликдан (қутқарувчи) дўсти бўлмаган (яъни ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган) Зот — Аллоҳга хосдир”, денг ва (улуғлаб) Унга такбир айтинг!» (Исро, 111)
«Раббингизни улуғланг» (Муддассир, 3).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «“Муфарридлар” зафарга эришди», дедилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг расули, “муфарридлар” кимлар?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга: “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар — муфарридлардир”, деб жавоб бердилар.
Аҳзоб сураси 35-ояти каримадаги:
«Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» жумласининг мазмуни ҳақида уламолар турли фикрлар билдирган, яъни “Аллоҳни кўп зикр қилувчилар” деб кимларга айтилади?
Саид ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу) сўзларига қараганда, ҳар бир киши бирор амални бажаришда Аллоҳга итоат, Унинг розилигини топиш ниятида бўлар экан, у зокирдир.
Зикр инсоннинг қалбига ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Зикр учун фикр асос саналади. Тафаккур Аллоҳни ўйлаш, эслашдир. Инсон Аллоҳ таолони эслаганида бевосита Унга қул эканини унутмаслиги керак. У бизнинг Илоҳимиз, Яратувчимиз — Холиқимиз. У бизни йўқдан бор қилди. Бизга ризқ берди. Ҳамма нарсани Ундан оламиз. Демак, биз Унинг қулимиз. Аллоҳга қул бўлганимиз учун Унинг амрларига итоат этамиз. Унинг ризолиги йўлида ҳаракат қиламиз. Аллоҳ биздан рози бўлса, бизга янада кўпроқ марҳамат қилади, албатта. Бизга мукофот беради, жазоламайди. Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилиши мумкин. Бизга мукофот ҳам, жазо ҳам бериши мумкин. Жазоланишдан Ўзи сақласин. Инсон зоти Унинг ғазабига учраши мумкин бўлган нарсалардан узоқ юриши лозим. Унинг марҳаматига, лутфига, карамига сазовор бўлиш учун қўлимиздан келган барча ҳаракатни қилишга интилишимиз керак. Аллоҳ таоло ҳузурида тургандек, Уни тафаккур қилиш, Уни ўйлаш лозим. Чунки инсон бир нарсани ўйламаса, вақт ўтиши билан унутади. Унутилганидан кейин номи ўчиб кетади. Бироқ тўхтовсиз эслаб турилса, асло унутилмайди. Ўйлаб юрган нарсамизни унутишимиз мумкин эмас. Албатта, имонимиз бор, алҳамдулиллаҳ. Аллоҳни унутмасак, Унга хуш ёқадиган ишларни қилишга ғайрат кўрсатамиз. Албатта, бу Аллоҳнинг амрларига итоат, тақиқларидан қочишдир.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эркак киши ярим тунда ўз аёлини уйқудан уйғотса, икковлари ҳам икки ракат намоз ўқиса, улар “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар” қаторига ёзилади», дедилар (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа).
Имом Абул Ҳасан Воҳидий Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан эшитиб айтишича, улар беш вақт намоздан кейин ҳам, эрталаб ҳам, кечқурун ҳам, ётган жойларида ҳам, уйқудан уйғонган вақтларида ҳам, уйларидан чиқаётган ва қайтиб келаётган вақтларида ҳам Аллоҳни зикр қилувчилардир.
Мужоҳид (розияллоҳу анҳу) айтади: “Тик турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳнинг зикрида бўлмаган эркаклар ва аёллар “Аллоҳни кўп зикр этувчилар”дан бўлмайди”.
Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: “Беш вақт намознинг ҳақларини мукаммал адо этган кишилар “Аллоҳни кўп зикр этувчилар”дан саналади” (Имом Нававий. “Ал-азкор”, 10-бет).
Имом Абу Амр ибн Салоҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) фикрича, эрталаб ва кечқурунда, кечаси ва кундузда турли ҳолатларда ўқиш тайин этилган дуоларни ўзига вазифа қилиб олган киши мунтазам ўқишда давом этса, у “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар”дан саналади.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қиёмат куни бир неча кишиларни юзлари нурли ва олмосдан ясалган минбарлар устида турган ҳолатда қабрларидан турғазади. Ҳамма уларга ҳавас билан қарайди. Ҳолбуки, улар пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам эмас”, дедилар. Шунда бир саҳройи араб тиз чўкиб: “Ё Расулуллоҳ, уларни бизга таърифланг, таниб олайлик”, деди. “Булар турли қабилалардан ва ҳар хил узоқ жойлардан бўлгани ҳолда бир ерда тўпланиб, Аллоҳни зикр қилганлардир”, дея марҳамат қилдилар».
Зикр қилувчи ўзига муайян вақтларда муайян оятлар ёки дуолар ўқишни, нафл намоз адо этишни одат қилган бўлса, уни узмасдан давом эттириши керак. Агар бирор сабаб билан кундалик вазифасини адо этолмай қолса, имкон топиши билан унинг қазосини ўқиши керак. Агар қазога бепарволик қилса, ўз вақтида адо этишга ҳам бепарво бўлиб боради.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким тунги вазифасини адо этишдан ухлаб қолса, бомдод билан пешин ўртасида унинг қазосини ўқиса, кечаси билан зикр қилган савобига эришади”.
Ҳазрат Навоий зикр ва шукр ҳақида бундай деган:
Илоё, тилимни шукрингга шокир айла,
Илоё, дилимни зикрингга зокир айла.
Зикр пайтида биров салом бериб қолса, бирор одамнинг акса урганини эшитиб қолса, имом хутба бошлаб қолса, муаззин азон айтиб қолса, бирор кароҳатни кўриб қолса, биров чақириб қолса, бировга ёрдам бериш кераклигини билиб қолса, уйқу ғолиб келса, шу ондаёқ зикрни тўхтатиб, зарур ишни бажариб олади, кейин жойига қайтиб келиб, зикрни келган жойидан давом эттиради.
Баъзи олимлар: “Зокир ўз тиловатини, салавотини ва дуоларини тил билан талаффуз қилмаса, китобга кўз югуртиргани, дилига келтиргани билан зикр ўрнига ўтмайди”, дейди. Бу фикр бир оз баҳс талабдир, чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин кишининг нияти амалидан яхшироқдир”, деганлар. Ният эса дилда пайдо бўлган бир ҳолат бўлиб, у гоҳ талаффуз этилади, гоҳ талаффуз этилмайди. Демак, зикр банданинг бирор ибодат ёки солиҳ амал билан машғул бўлганида Аллоҳга қалбан боғлиқлигидир.
Аллоҳни зикр қилишни Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидан ўрганайлик. У кишининг машҳур сўзлари: “Дил баёру даст ба кор” (Яъни дилимиз Аллоҳ билан, қўлимиз иш билан) бўлса, Аллоҳ ишимизга унум ва барака ато этади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев