Савол: Ассалому алайкум, баъзи ёшлар ҳар йили 14 февралда “севишганлар куни”ни нишонлашади. Мусулмон ёшлар учун бу кунни нишонлаш мумкинми? Бунинг ҳукми қандай?
Жавоб: Ва алайкумус салом. Бу кунни байрам сифатида нишонлаш ҳар жиҳатдан ножоиздир, қатъиян мумкин эмас. Бунга қуйидаги сабабларни келтирамиз:
1. “Севишганлар куни” нинг Ислом эътиқоди ва одатларига бегона экани. “Севишганлар куни” аслида “авлиё Валентин куни” дейилади. Мана шу номнинг ўзи ҳам бу кунни нишонлаш кимларга хос эканига далолат қилади. Валентин мажусий ё насроний динига мансуб руҳонийлардан бўлган, деган қараш бор. Шундан ҳам маълум бўладики, бу “байрам” нинг Исломга дахли йўқ. Бу аксар Европа ва уларга маънан тобеъ ақлсиз ёшлар томонидан нишонлаб келинадиган кундир.
Биз “севишганлар куни” Исломга бегона эканини айтмоқдамиз. Ҳатто Италияда насронийлар черкови вакиллари ҳам ёшларни бу кунни нишонлашдан қайтариб келишган. Сабаби бундай бемазагарчилик уларнинг одоб-ахлоқи ва насл-насабнинг бузилиб кетишига сабаб эканини черков вакиллари яхши тушуниб етишган.
Ислом эътиқодига кўра, ким қайси қавмга тақлид қилса, ўшалар гуруҳидан ҳисобланади. Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким ўзини бирон қавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир” (Абу Довуд ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
2. Миллий урф-одатларимизга тўғри келмаслиги. Бизнинг ота-боболаримиз, момоларимиз қадимдан ўзининг номуси, шарм-ҳаёси, ҳамиятию ғайрати ила машҳур бўлишган. Боболаримиз бегона аёлга тикилишни, у билан ёлғиз қолишни ўзларига ор деб билишган. Уларнинг бундай турмуш тарзи Ислом одоб-ахлоқи замирида шаклланган. “Валентин куни” эса ота-бобларимизга умуман нотаниш ва бегона бўлган.
Шу ерда ҳақли савол туғилади: аждодлар даври ўтди-кетди, ҳозир бошқа давр-ку, замон билан ҳамнафас бўлишнинг нимаси ёмон? Тўғри, мусулмон банда замон билан ҳамнафас бўлиши, тезкор янгиликлар ва тараққиёт ютуқларидан хабардор бўлиб туриши керак. Аммо киши қалбидаги одоб-ахлоқ, имон-эътиқод зинҳор ўзгармайди. Ҳаётнинг ташқи қиёфаси ўзгарса ҳам бизлар мусулмон одобига, миллий қадриятларимизга содиқ қолишимиз лозим. Зеро ўз маданиятини ўзга бир “маданият” га алмаштирган халқ ўз эркини бировларга қўш қўллаб топширган бўлади.
3. Икки номаҳрамнинг бир жойда ёлғиз қолиши ва суҳбатлашиши мумкин эмаслиги. Динимизда номаҳрамлар бир-бирига шаҳват назари билан қараш, холи жойда ёлғиз қолиш, суҳбатлашиш ва шу каби ишлардан қайтарилган. Шариати исломийяда ҳали никоҳ қурмаган йигит ва қиз ё эркак ва аёлнинг қўл ушлашиб, донг олишиб юриши қатъиян таъқиқиланади!!!
Бу Валентин куни ҳаромлигига далолат қилувчи асосий сабаблардан биридир.
Ҳали бир йил ўтмай ёш оилаларнинг ажралиб кетиши, жамият пойдевори бўлган ёшларнинг маънавий ва руҳий ҳолатларига зарар етиши каби иллатларда “Валентин куни” нинг ҳиссаси кам эмас.
4. Зино ва турли жиноятлар сони ортиши. Маълумотларга қараганда, 31 декабр ва 14 феврал кунлари жиноятлар сони бошқа вақтлардагига нисбатан анча кўпаяр экан. Сабаби бу кунда ҳаддидан ошганлар ўзларини ҳайвонларча тутиб, турли қабоҳатларга, жумладан зино, қотиллик ва ўғрилик каби жиноятларга қўл урадилар.
Яна бу кун “шарофати” билан зинодан туғилган болалар кўпайиб, жамиятнинг заиф қатламига айланади. Зинога қадам қўйган ёшларнинг кейинги ҳаёти эса ҳаммага маълум. Зеро ҳаром билан бошланган ҳаёт қандай натижа билан тугаши кундек равшан. Демак, фарзандлар бахту камоли учун масъул бўлган ота-оналар ҳам бу кунни нишонлашга қарши туришлари, фарзандлари кимга эргашаётганлари билан қизиқишлари керак.
5. Севишганлар кунини нишонлаш жамиятимиз тинчлиги, фуқаролар хотиржамлиги ва оилалар тотувлигига раҳна солувчи оғудир. Ҳақиқатан, шундан. Сабаби бу кун туфайли эр хотинидан, хотин эса эридан шубҳалана бошлайди. Кечаси ишдан кеч қайтганини хотинидан яширишга уринган эркак ёлғон гапиради. Ёлғон ва гумон ораланган жойда, эру хотин ўртасидаги ишонч шубҳага алмашган оилада жанжал юзага келади.
6. Бу байрам таъсирида ватан хоинлари ва маънан сўқир кимсаларнинг пайдо бўлиши. “Севишганлар куни” ни нишонлашнинг яна бир хавфли томони шундаки, Ғарб оммавий маданияти соҳиблари бизнинг ёшларни ўз байрамлари ва маросимларига ўргатиб қўйиб, уларни худди қўлга ўргатилган жонсиз робот қилиб олмоқдалар. Онги ва тафаккуридан айрилган ёшлар энди уларнинг ҳар бир гапига “лаббай”, деб жавоб қайтарадиган бўлади. Бу бир-икки йилда эмас, балки йиллар давомида бўй кўрсатади, ўз “мева” сини беради. Бегона ва чиркин маданиятга қул бўлган ёшлардан миллат хоини, оила хиёнатчиси ва ватанфуруш чиқмаслигига ким кафолат бера олади?!
Шундай экан, ўзини мусулмон санаган, мана шу азиз юртнинг чин
фарзанди ҳисоблаган ҳар бир инсон эътиқодимиз ва миллий қадриятларимизга мутлақо бегона маросим ва одатлардан сақланиб, унинг ўрнига фойдали ишлар билан шуғулланиши, дам олишни ҳам рухсат берилган ҳолда ўтказиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Манба: muxlis.uz


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев