Савол: Хозирги кундаги атирлар таркибида спирт бор. Шу турдаги атирларни ишлатиш мумкинми?
Жавоб: Аслида дин ишларида ҳар қандай нарсадан эҳтиёт бўлиш, сақланиш лозим. Қачон бирон шаръий далил билан уни қилиш жоизлиги собит бўлса, ҳечқиси йўқ. Аммо дунё ишларида ҳар қандай нарсага мубоҳ деб қаралади. Қачон шаръий далил билан унинг ҳаромлиги маълум бўлса, ундан тийилиш вожибдир.
Мана шу қоидага асосан айтиш мумкинки, атирлар ва спирт дунё ишларидан бўлиб, тиббиёт мақсадида ишлаб чиқарилган спиртни атирларга қўшиш жоиз. Аммо атирларга ҳожат жуда кўп тушмаслигини эътиборга олиб, спирт қўшилган атирлардан фойдаланмаслик афзалдир. Сабаби бошқа спирт қўшилмаган соф мушку анбарлар бор. Ана ўшаларни ишлатиш шубҳасиз жоиз. Лекин спирт қўшилган атирларни қўллаш мумкинлигини таъкидлаб ўтиш керак. Барибир иложини қилган одам бундан тақво қилгани маъқул.
Атирлар таркибида спирт кўпайиб кетса ҳам у поклигича қолади. Зеро, хамрнинг асли покдир. Унинг нажаслиги ҳиссийдир, аслий эмас. Хамрнинг асли пок ё нажаслиги борасида икки хил қараш бор. Рабийъатул Раъй, Ҳасан Басрий, Лайс ибн Саъд, Шофеъий, Довуд Зоҳирий ва яна кўплаб уламоларга кўра, хамрнинг асли покдир, унинг нажосатлиги ҳиссий-маънавийдир. Бу фикрни Шавконий ва Санъонийлар ҳам маъқуллашган.
Улар хамр ҳаром қилинганида кўзалардаги маст қилувчи ичимликлар Мадина кўчаларига оқизилгани ҳақидаги ривоят ва бошқа далилларни келтиришган. Шунингдек, хамрнинг асли поклигини таъкидловчи уламолар ҳамма ҳаром нарсалар ҳам нопок эмаслигини айтиб, бунга ипак ва заҳарни мисол қилишган. Маълумки, ипак пок нарса, аммо эркакларга ҳаром. Заҳар ҳам асли пок бўлгани билан одамни ўлдиргани учун ҳаром саналади. Бундан келиб чиқадики, ҳамма ҳаром нарсалар ҳам нопок бўлавермас экан. Аммо барча нажосатлар ҳаром бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда хамрни “рижс” (нопок нарса) деган. Аммо бунда маънавий нопоклик кўзда тутилган бўлса ажаб эмас. Зеро, бут-санамлар ҳам “рижс” дейилган. Аммо бирон олим бут-санамларнинг асли нопок эканини айтмаган. Фақат уларга сиғиниш ҳаром. Мана шу далил ва қиёсларни мулоҳаза қилсак, хамрнинг асли пок, унинг нопоклиги ҳиссийдир, деган уламолар фикри тўғри эканига амин бўламиз.
Демак, спирт моддаси шаръан нажосат эмас, асли покдир. Шундан келиб чиқиб, мусулмон банда спирт қўшилган атирларни сепиши ва сотиши мумкин. Бунда у маст қилувчи хамр ҳукмига кирмайди. Аммо, тиббиёт спиртини ёки спирт қўшилган атирларни ичиш мутлақо жоиз эмас. Мана шу мақсаддаги харидорга уларни сотиш ҳам мумкин бўлмайди. Валлоҳу аълам!
Манба: muxlis.uz


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев