Савол: Тиббиётда қўлланиладиган спирт ҳукми қандай? Ахир мусулмон бандага ҳаром нарсалардан фойдаланиш мумкин
эмас-ку ёки тиббиёт спиртининг бунга алоқаси йўқми? Уни баъзи ароқхўрлар ароқ ўрнига ҳам ичадилар-ку.
Жавоб: Хожат ва зарурат юзасидан тиббиёт спиртини (тиббий куҳул/alcohol) жароҳатлардаги зарарли микробларни ўлдириш мақсадида ишлатса бўлади. Одатда, тиббиёт спирти ичиб маст бўлиш учун эмас, балки инсонлар ҳаётига хавф солувчи зарарли нарсалар зиёнини қайтариш ё камайтириш учун ишлатилади. Аммо хоҳ маст қилувчи ичимлик, хоҳ спирт бўлсин, уни ичиш ҳаромдир.
Баъзилар хамр (маст қилувчи ичимликларнинг ҳар қандай тури) ичиш ҳаром қилинган оятни далил қилиб, спиртни ичишдан бошқа нарсаларда қўллаш жоиз эканини айтишган.
Атир ва хушбўйликларда бундай нарсаларни ишлатишдан имкон қадар эҳтиёт бўлиш афзал. Сабаби бу унчалик ҳам зарур бўлмаган нарсадир. Аммо тиббиётда спирт ишлатилмаса, инсон ҳаётига хавф тушиши мумкин.
Тиббиёт спиртини ишлаб чиқаришда ният бошқача бўлади ва қўллашда ҳам шундай. Маст қилувчи ичимлик ичиб маст бўлиш учун тайёрланса, тиббиёт спирти одамлар ҳаётини асраш, уларни касалликлардан ҳимоялаш мақсадида ишлаб чиқарилади.
Ҳозирда тиббиёт спиртини қўллаш жуда оммалашган бўлиб, буни таъқиқлаш одамларга, жумладан, мусулмонларга катта танглик келтиради. Сабаби бу билан жароҳатлар тузалиши кечикади, хавфли яралар ҳатто ўлимга ҳам олиб бориши мумкин. Мутахассислар тиббиётни спиртсиз тасаввур қилиш жуда қийин, балки мумкин эмас, дейишади.
Аммо бундан “ҳар қандай ҳаром нарсани ҳам тиббиётда ишлатиш жоиз экан”, деган хулоса келиб чиқмайди. Масалан, тўнғиз ёғини зинҳор қўллаш мумкин эмас. Сабаби унинг асли нопокдир. Бунинг ўрнига ҳалол нарсалар жорий қилинган. Орадаги мана шу
фарқни ажратиб олиш керак.
Яна шундай савол туғилиши мумкин: баъзи дорилар таркибига оз миқдорда спирт қўшилар экан, уларни ичиш мумкинми?
Аслида тиббиёт спирти баданга суртиш учун ишлаб чиқарилган бўлса ҳам, аммо баъзи дориларга оз миқдорда қўшишнинг зарари йўқ. Сабаби у бошқа моддалар билан аралашиб кетганида унинг хамрлик (маст қилувчилик) ҳукми ўзгаради. Бунга бир далил келтирамиз. “Ал-Муғний” китоби 8-жузи 306-бетида шундай дейилган: “Агар хамр билан ун қорилиб, нон ёпиб еса, унга ҳадд (шаръий жазо) белгиланмайди. Сабаби олов хамрнинг қисмларини “еб” юбориб, унинг фақат асари қолган бўлади”.
Хамрнинг ҳаром бўлиш сабаби унинг маст қилиш иллати билан боғлиқ. Бирон ҳукм унинг иллатига қараб белгиланади. Агар хамрнинг маст қилувчи иллати йўқолса, ҳаромлик ҳукми ҳам соқит бўлади.
Баъзилар “кўпи маст қилувчи нарсанинг ози ҳам ҳаромдир” ҳадисини далил қилиб, спирт қўшилган нарсаларни мутлоқ ҳаром дейишган. Бу бир тарафдан эҳтиёткорликка ўхшайди. Бу яхши, албатта. Аммо масаланинг ҳукмини оладиган бўлсак, ўша спирт бошқа нарсалар билан аралашиб кетганида унинг васфий ва ҳукмий асари қолмайди. Юқоридаги ҳадиснинг маъноси шуки, кўп миқдорда ичилганда маст қилувчи ичимликнинг ози ҳам ҳаромдир. Сабаби маст қилувчи ичимликдан озроқ ичиш уни янада кўпроқ истеъмол қилишга олиб боради.
Биз бу билан маст қилувчи ичимликлар покиза ва ҳалол демоқчи эмасмиз. Бундан Аллоҳ асрасин. Хамрнинг ҳаромлиги Қуръон ва суннат билан собит бўлган. Аммо спиртни тиббиёт мақсадида ишлатиш ва дориларга оз миқдорда спирт қўшилганда уларни қўллаш жоизлигини айтиб
ўтмоқчимиз.
Хамр ва спиртнинг нажосатлиги маънавийдир. Яъни, аслида булар нопок эмас. Балки уларни ичиб, маст бўлиш нопокликдир. Агар хамр нажосат бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида хамр ҳаром қилингач, кўзаларга солинган ҳаром ичимликлар кўчага оқизилмасди. Зеро, кўчага нажосатни оқизишга рухсат йўқ.
Хамр ёки спирт нажосат деб қарайдиган бўлсак ҳам, у атир, дори ёки сиркага айланиши билан покланади.
Ҳанафийлар наздида хамр ёки спирт кийимнинг тўртдан биридан камига тегса, либоснинг поклигига путур етказмайди.
Спирт ё хамр баданга тегса, таҳорат бузилмайди. Хамр текканда уни ювиб ташлашнинг ўзи кифоя қилади. Хамрнинг асли нажосат эмаслиги эътиборидан ювиш ҳам лозим бўлмайди.
Тиббиёт спиртини қўллашда қуйидагиларга эътибор бериш керак:
1. Тиббиётда спиртнинг ўрнини босувчи нарсанинг бўлмаслиги. Агар спирт ўрнини босувчи бошқа ҳалол нарса бўлса, ўша воситадан фойдаланилади.
2. Тиббиёт спиртини ичиш мумкин эмас, фақат суртиш жоиз. Маълум миқдорда спирт қўшилган дориларни истеъмол қилса бўлади. Сабаби улар маст қилиш хусусиятни йўқотган саналади.
3. Мусулмон давлатлардаги шифокорлар имкон қадар спиртнинг муқобилини топишга ҳаракат қилишлари керак. Яна улар мижозга бирон дори тавсия қилганларида, унинг таркибида оз миқдорда спирт бўлса, буни айтишлари керак. Бу омонатдир. Мижоз бунда хоҳласа, ўша дорини истеъмол қилади, хоҳламаса йўқ.
Хулоса қиладиган бўлсак, тиббиётда фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқарилган спиртни фақат тиббий мақсадда қўллаш жоиз. Бунда инсон манфаати кўзланган. Аммо спирт ё хамрни ичиш мутлақо мумкин эмас. Валлоҳу аълам!
Манба: muxlis.uz


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев