Инсон имоннинг рукни – яхшилик ҳам ёмонлик Аллоҳ таолодан эканига, бир сўз билан айтсак,
Аллоҳ таолонинг тақдирига имон
келтирмагунча ҳақиқий мўмин бўла
олмайди. Ҳаётда ҳар хил ҳодисалар бўлиб туради. Ҳақиқий
мўмин ҳаётида бўладиган яхшилик,
хурсандчиликларни Аллоҳ таоло берган неъмат деб қабул қилиб, ҳовлиқиб кетмай, босиқлик билан
қаршилайди. Аксинча – қийинчилик, мусибат
етганида ҳам ғазабланмай, алғов-далғов ўй–ҳаёллар гирдобига ғарқ
бўлмай , "Бунда ҳам яхшилик, Аллоҳнинг ҳикмати бор", деб сабр
қилади. Чунки мусибат пайтида ғазаб қилиб, жазавага тушса, ҳикмат Эгаси, бутун олам тадбирини қилувчи буюк Зотнинг битган тақдирига норозилик билдирган
бўлади. Ўзининг нуқсонли ақли боис: "Бу
мусибат бўлмаганда эди...", "Бу ҳолат бўлмаганда эди, бундай
бўларди...", “Фалон нарсани бекор қилибман, қилмаганимда фалон
бўларди”, деб гўёки, ҳар бир нарсанинг қайси пайтда яхшилик,
қайси пайтда ёмонлик бўлишини аниқ билувчи Зот шу ўринда хато қилди деб даъво қилгандай бўлади. Шу боис мўмин бу каби сўзлардан эҳтиёт бўлиб, бу борада қуйидаги ояти каримага амал қилади
"Эҳтимол, сизлар ёқтирмаган нарса
(аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсаларингиз эса
(аслида) ёмондир. Аллоҳ билур, сизлар эса билмассизлар". (Бақара. 216 )
Ибну Атоуллоҳ Сакандарийнинг
ҳикматларида "Сен Аллоҳга ёлвориб дуо қилишинга қарамай, У
зот сўраган нарсангни бермай, кечиктириб туриши − ноумид
бўлишинга олиб келмасин. Чунки Аллоҳ таоло сен хоҳлаган вақтда эмас, Ўзи хоҳлаган вақтда, сен
ўзингга ихтиёр қилган нарсада эмас, балки Ўзи ихтиёр қилган нарсада
дуоингни ижобат қилишни Ўз зиммасига олгандир", деб айтилган. Ушбу ҳикматдан Аллоҳ таоло
бандаларига доимо улар учун хайрли бўлган нарсаларни ихтиёр қилиши ва уларга муносиб бўлган
вақтда дуоларини ижобат қилиши
маълум бўлиб турибди. Шунинг учун ҳам мўмин доимо бандасига
яхшилик қилишни хоҳлайдиган улуғ Роббиси ато этган тақдирга рози бўлмоғи, ўзининг назарида
мусибатлар ёмонлик бўлиб кўринаётган бўлса - да, “Албатта бунда Аллоҳ таолонинг ҳикмати, ўзи била олмаётган яхшиликлари бор”, деб эътиқод қилмоғи
лозимдир. Кўпинча эътибор берсак, инсон
атроф-теварагида бўладиган ҳодисалару ҳолатларга ўзининг
ҳолатидан, ўзининг
кечинмаларидан, ақлу-фаросати етганича, қолаверса, ўзининг келиб чиқишига қараб баҳо беришга ҳаракат қилади, бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуърони Каримда ва Росулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида баён қилган нарсаларга эътибор бермайди
балки, хаёлига ҳам келмайди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло "Эй, имон
келтирганлар, Аллоҳ ва унинг пайғамбари олдида (иккисининг
изнисиз бирор сўз ёки ишни) муқаддам этмангизлар! Аллоҳдан
қўрқингизлар! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир", деб
айтган. (Ҳужурот 1 )
Шунга кўра, бирон бир ҳодиса бўладими, ё бирор кор-ҳол содир
бўладиган бўлса, мўмин-мусулмон ўзича ёндашишга шошилмай,
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилиб, ўз фикрларини, қарашларини муқаддам қилмаслиги лозим бўлади.
Ривоят қилинишича, бир аёл Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига
кириб, ғазабтомуз оҳангда " Эй
Аллоҳнинг пайғамбари Роббинг золимми ё адолатлими?!", - деб
сўради. Довуд алайҳиссалом "Шўринг қургур, ҳеч ҳам зулм
қилмайдиган адолатли Зотда! Нима бўлди ўзи”, -деб сўрадилар. Шунда
аёл – мен бева аёлман, қарамоғимда уч қизим бор, уларни ўзим топган-тутганим билан боқишга ҳаракат қиламан. Кеча йигирилган ипни бир парча қизил латтага бойладим-да, эртага
бозорга бориб, уни сотиб, фарзандларимга егулик оламан деб
турсам, тўсатдан бир қуш учиб тушди-да ҳалиги ичида ипи бўлган латтани олиб, учиб кетди, мен эса
лол қолдим, энди
фарзандларимнинг ризқи нима бўлади, деб жуда маҳзун бўлдим,
деб Довуд алайҳиссаломга айтиб
бераётган асносида эшик тақиллаб қолди, Киришга изн берилганда ҳар бирини қўлида юз динори
бўлган ўнта тижоратчи кириб келди, шунда улар "Эй Аллоҳнинг
пайғамбари бу динорларни
ҳақдорларига беринг",- дейишди. Довуд алайҳиссалом ҳайрон бўлиб, "сизларни бу молларни беришга
нима ундади", деб сўрадилар. Эй
Аллоҳнинг пайғамбари биз кемадалигимизда, бўрон бошланди, тўлқиннинг шиддатидан кемамиз ғарқ бўлишига оз қолди, бирдан бир қуш ичида йигирилган
ипи бўлган қизил латтани юқоридан ташлади, биз бу латта
билан кемамизнинг ёриқ жойини тўсдик. Бўрон ҳам тинчланди, ҳамма соғ-саломат қолди. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз
Аллоҳ учун юз динордан садақа
қилишга назр қилдик, мана - назр қилган молларимиз сизнинг
ҳузурингизда турибди, кимга хоҳласангиз садақа қилинг, деб айтишди. Шунда Довуд
алайҳиссалом ҳалиги аёлга қараб, Роббинг сен учун қуруқликда ҳам, денгизда ҳам савдо қилса-ю, сен У
зотни золимга чиқарсанг, деб юз
динор берган эканлар.
Ушбу қисқа ривоятдан маълум бўлиб
турибдики, инсон бирор ҳодиса рўй
берса, албатта бунда Аллоҳ таолонинг ҳикмати бор деб сабр
қилмоғи лозимдир. Аллоҳ таоло
барчамизни ҳақиқий мўмин бўлишимизни муваффақ қилсин! Амийн.
"Олтин силсила" гурухидан


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев