
Савол: Ассалому алайкум, қори ака! Менинг саволим бор. Илтимос, жавоб берсангиз. Мен асли Қўқонда туғилганман. Доимий яшаш жойим Тошкентда. Келганимга 15 йил бўлди. Оила аъзоларимнинг ҳаммаси Тошкентда рўйхатга қўйилган. Бироқ Тошкентда хилхонамиз мавжуд эмас. Иссиқ жонмиз. Ёшим 35да. Ҳозирдан қабристондан оилам учун хилхона ажратиб қўйсам бўладими? Динимизда бунга қандай қаралади? Фарзандларим ҳам шу ерда туғилди. Жонимиз қачон узилади, уни билмаймиз-ку. Шунинг учун олдиндан ўзи учун қабристондан жой тайёрлаб қўйса бўладими? Кўп гаплар эшитаман, “қабр тайёрлаб қўйсанг, қабр тез чақиради”, деб айтилади. Илтимос,
аниқроқ малумот берсангиз! Олдиндан раҳмат! Хайрли ишларингизга ривож ва баракот тилайман!
Жавоб: Ва алайкумус салом. Динимизда ўлмасидан аввал ўзи учун қабр тайёрлаб қўйишдан қайтарилади. Бу бандани фақат моддий нарсаларгагина эътибор қаратишга, ўлимни эслаганда таъсирланмаслик ва бошқа иллатларга бошлайди. Қабрни аввалдан кавлаб ёки қабр учун жой тайёрлатиб қўйиш шарт эмас. Муҳими ўлимга маънан тайёр турса, қабрда фойда берадиган амалларни бажарса бўлди. Агар банданинг амаллари солиҳ бўлиб, ўзи Аллоҳ рози бўладиган ҳолда яшаса, унинг Ер юзининг қаерига кўмилишининг фарқи йўқ. Сиз чин мўмин бўлинг ва ҳеч ким билмайдиган жойга кўмилинг, зарари йўқ. Агар банда бетавфиқ бўлиб, жуда маҳобатли мақбарага кўмилса, устига энг сифатли мармар ва олтиндан ёдгорлик ўрнатилса, ҳар куни қабрига янги гуллар қўйилса, фойдаси йўқ . . .
Баъзи уламолар айтишича, қариндош-уруғлар бир жойга қўйилишлари яхшидир. Шунда уларни зиёрат қилиб, ҳақларига дуо қилиш осон бўлади. Аммо бу олдиндан ўзи учун хилхона ҳозирлаб қўйиш керак, дегани эмас. Яна Аллоҳ билгувчироқдир.
Манба: muxlis.uz


Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев